www.ziyouz.com кутубхонаси
141
Бароққош катта бетимдан кўз олмади — бир чапимдан қаради, бир ўнгимдан қаради.
— Кўп қараб ётманг, — дедим. — Бетим пес эмас.
Бароққош катта тағин бош ирғади.
— А?.. — деди. — Бўлади, ҳаётда шундай дард бўлади... Аммо юқумли саналмайди...
— Эллик даража жазирамада кетмон чопамиз, ана шундан, — дедим.
— Ия! — дея ҳайронланди бароққош. — Унда нега юзингиз бир текис қора эмас?
— Саратон маҳали далада кўз очиб бўлмайди. Кўзимизни қисиб-қисиб кетмон чопа берамиз.
— Ҳа-а? Мен бошқа хаёлга борибман...
— Бари кўргилик кун билан кетмондан.
— Бўлди-бўлди, тушундим. Хў-ўш, унда, танишиб қўяйлик: мен Иван Иванович Иванов
бўламан. «Ўзбеклар иши» билан шуғулланаман.
Тўрда баҳайбат пўлатсандиқ бўлди. Сандиқ узра супрадай қизил байроқ ёйилиб турди.
Бароққош боши узра ўртоқ Ленин кулиб-кулиб қараб турди,
Ўнг тарафда Дзержинский қаҳрланиб-қаҳрланиб қараб турди.
Бароққош сўрай берди — мен айта бердим. Айтувларим хатга туша берди.
Бароққош хат қараб хаёл суриб қолди.
— Энди бўлди-а? — дедим. — Ўзиям, етти пуштимгачайин сўраб олдингиз. Энди мен
кетайин.
— Қаёққа кетасиз?
— Қаёққа бўларди — уйимга-да. Биринчи терим бошланди. Мен бўлса, буёқларда юрибман.
Аслида теримчиларга қўй сўйиб беришим лозим эди. Оғзига етар бўлади, оғзига етмас бўлади,
сўкади-да. Ўл-а, машъал бригадир бўлмай, дейди-да. Гап раисимиз қулоғига етса, ундан-да
ёмон.
Бароққош лаблари бурчида кулди.
— Жамолиддинов, Жамолиддинов! — дея кулди. — Деҳқонқул Ақрабович, Деҳқонқул
Ақрабович! Раисингиз шу ерда!
— Шу ерда?
— Ҳа-да. Сиз билан бир тайёрада келди.
— Эб-е?.. Ўйнаб қўяй-ўйнаб қўяй, қаерда-қаерда?
— Сиз билан қабатма-қабат ётибди. Хў-ўш, қалай жойлашдингиз, маъқулми?
— Сиз биласиз-да, мен не билайин?
— Ишқилиб, озодагинами?
— Озода? Бутифос иси анқиб ётибди. Чидаб бўлмайди.
— Энди, чидайсиз-да, Деҳқонқул Ақрабович. Биламан, бутифос ҳиди анқиб туради,
биламан. У жойлар бир вақтлар заҳарли дорилар сақланадиган омборхона эди. У жойларга
кириб бўлмас эди. Иложимиз қанча, «ўзбеклар иши» учун фойдаланар бўлдик.
— Кимлар учун?
— «Ўзбеклар иши» учун. Заҳарли дори омборда ўзбекдан бошқа халқ чидай олмайди-да.
Чунки ўзбек халқи йил ўн икки ой далада заҳарли дори сепиб ишлайди-да. Йил ўн икки ой
заҳарли дори ҳидлаб яшайди-да. Шу сабабли ўзбек халқини заҳарли дори омборига
жойлаштирдик. Чиниққан халқ-да, чиниққан.
5
Кундузлари захда ўтириб турдим.
Кечалари тошдевор тўнтариб қулфланмиш камбардан-камбар тахтани тушириб ётдим.
Бутифос иси димоғим ботмади. Даламда ётмишдайин осойишта ёта бердим.
Дарвозани даранглатиб очмиш аскар бутифосдан афт бурди. Кафт билан оғиз-бурун ёпди.
Тоғай Мурод. Отамдан қолган далалар (роман)
Do'stlaringiz bilan baham: |