Саодат асри қиссалари. 3-китоб. Аҳмад Лутфий
www.ziyouz.com кутубхонаси
137
Ялпи ҳужум уюштирилганидан икки кун ўтди. Саъд ибн Муоз чодирда даволанаётган эди.
Расулуллоҳ (с.а.в.) ора-сира унинг аҳволидан хабар олиб турардилар.
Аср намози ўқиб бўлинган. Фахри коинот жанобимиз муборак қўлларини дуога
кўтардилар: «Эй
Китоб юборган, эй ҳисобни тезда қилгувчи Оллоҳим! Душман кўшинини
тарқат, тормор эт. Эй қийин аҳволга тушиб қолганларнинг ёрдамчиси, эй ахволи тангларга
мадад бергувчи Раббим! Дардаламим, кадарим, хафагарчилигимни кетказ, бизни ҳаловатга
қовуштир. Менинг ва дўстларимнинг бошига келган мусибатларни Ўзинг кўриб турибсан...»
Дуо қиларканлар, Жанобимизнинг юзларида мамнунлик излари кўринди. Қўлларини қайта
бор кўтариб: «Шукрлар бўлсин, Оллоҳим, шукрлар бўлсин, Оллоҳим...» дер эдилар.
Шундай оғир бир вазиятда Расулуллоҳнинг яхши кайфиятда бўлишларини ҳеч ким ақлига
сиғдиролмас эди.
Бироқ Сарвари оламдаги бу ҳолни кўрган мўминлар энди оғир дамлар тугаганини,
машақкатлар ортда қолганини, Оллоҳ таолонинг ёрдам ваъда қилганини, самоларга кўтарилган
қўлларнинг бўш қайтмаганини фаҳмлашди.
Қуёш ботишга ҳозирланаётган эди. Уфқларга қизиллик югурган, тоғлар кўкқизғиш тус ола
бошлаган. Ҳаво анчагина илиқ. Тўсатдан бир шамол турди. Борган сари кучайиб, ердаги чағир
қумларни ҳам ҳавога учириб, бир зумда ҳаммаёқни остинустун қилиб юборди. Кечки овқат
тайёрлаш учун ёқилган оловлар ўчди, қозонлар ағнади, чодирлар қулади. Кўз очиб бўлмас, ҳеч
ким нима қиларини, қаерга
боришини, қаерда жон сақлашини билмас эди. Атрофдаги туя
овозию отларнинг таҳликали кишнашлари чўкаётган қоронғуликка ўзгача бир даҳшатли тус
берарди.
Бузилган бирор нарсани тиклашнинг иложи йўқ. Ҳамма жон талвасасида у ёқданбу ёққа
югуради.
Мусулмонларнинг аҳволи ҳам яхши эмасди. Очлик, совуқ
шамол ва дармонсизлик
ҳаммани қийнаб қўйган. Набиййи муҳтарамнинг ёнларида борйўғи уч юзтача киши қолган,
кўплар чодирларнинг ипларидан ушлаб олган, қотиб қолгандай эди гўё.
Пайғамбарлар Султони бир муддат намоз ўқигандан сўнг:
— Қайси бирингиз бориб менга Қурайшнинг вазиятидан хабар келтиради? Ўша одамни
жаннатда менга шерик килишни Раббимдан сўрайман, — дея марҳамат қилдилар.
Ҳеч кимдан сассадо чиқмади. Икки ва учинчи дафъа сўровлари ҳам жавобсиз қолди.
Шунда Набиййи акрам:
— Эй Ҳузайфа! — дея чақирдилар.
Ҳузайфанинг жавоб бермаслиги мумкин эмасди:
— Амрингизга мунтазирман, эй Оллоҳнинг Пайғамбари.
— Овозимни эшитсанг ҳам, нега жавоб бермадинг?
— Ё Набийаллоҳ, очликдан ва совукдан томирларим қотиб қолди. Асабларимни титроқ
тутди. Иякларим бир-бирига ёпишиб қолгани учун овоз чикара олмадим.
— Қани йўлга туш, душманнинг вазиятини билибкел. Олдимга қайтиб келгунингча зинхор
бир кор-ҳол чиқараман деб ўйлама!
Пайғамбаримиз қўлларини юқорига кўтардилар, Улуғдан Улуғ даргоҳга бундай ниёз
қилдилар: «Оллоҳим,
уни олдидан, орқасидан, ўнгидан, сўлидан, тепасидан ва остидан хифзу
ҳимоянгга олгин!»
Ҳузайфа Расулуллоҳнинг амрларини адо этиш учун йўлга тушди. Бирдан ҳайрон қолди.
Ҳаммомга кирган каби исиб кетган эди вужуди. Титраш, совук қотиш тарк этди уни. Илиқ ва
ёкимли бир хаво ўраб олди танасини. Ҳузайфа ортиқ очлик ва дармонсизлик ҳам сезмас,
кўркувдан асар қолмаган эди.
Қурайш қўшинига келди. У ёқбу ёққа юрди. Ит эгасини танимайди.
Бинобарин, уни
кўришлари билан: «Шу одам Ҳузайфа эмасми? Дарҳол тутинг!..» дейиш ҳеч кимнинг хаёлига