www.ziyouz.com кутубхонаси
146
— Ахир, ўзинг ўйла.
Эр-хотин узоқ вақт бир-бирига сўзсиз қараб қолишди. Озода ўрнидан туриб, нариги уйга
кириб кетди. У кийиниб, чамадон кўтариб чиққанда ҳам Мурод ҳамон тиз чўкканча турарди. У
кўчага чиқиб, тўй-тамошалар билан кириб келган, ёшликнинг энг беозор, бахтли кунларини
ўтказган уй дарвозасига ўгирилиб бир қаради-ю, дадил юриб кетди...
Мурод у кетгач, уч марта унинг уйига борди, ёлворди, бўлмади. Охири болани олдириб
ташлагандан кейин юрагининг бир парчасини узиб ташлагандек ундан умидини узди.
Синглисини уйда қолдириб, узоқ муддатли экспедицияга жўнаб кетди.
Врачлар Озодага энди туғмайсан, дейишди. У бунга ҳам парво қилмади. Орадан икки йил
ўтди... У Ҳомиджон деган ўқитувчига турмушга чиқди.
Озода мана шу баҳор оқшомида электр нурларида товланиб турган ўрик гулларига термилиб
келар экан, ўз ҳаёти ва ўтмишини хотирлади. Бу унинг умрида биринчи бор ўз ўтмишига
чуқурроқ назар ташлаши ва бу ҳакда биринчи бор ўзига ҳисоб бериши эди. Хўрсинди. Оқар
сувлар оқиб кетди. Энди уни ўз йўлидан қайта оқизиб бўлмаслигини англади. Жиноят, жиноят,
дея лаблари беихтиёр пичирлади. У шундай хаёллар билан келар экан, қулоғига ғалати овоз
эшитилди. Тўхтаб атрофга аланглади. Кўчанинг нариги бетидаги уйнинг очиқ деразасидан
хотин кишининг алласи эшитиларди. Озода атрофга аланглади.
Бу уй унинг биринчи уйи эди. У беихтиёр кўчанинг у бетига ўтиб, яхшироқ қаради: ҳа, бу
унинг биринчи уйи — Муроджоннниг уйи эди. Қандайдир сеҳрли бир куч уни бу остонага
етаклаган эди. «Балки уй дафтарида устига чизиқ тортилган исмим ҳали ҳам турган бўлса
керак» деб дилидан ўтказди у. Деразадан уй жиҳозларини кузатди. Ҳамма нарса ўз жойида.
Фақат шифтга беланчак осилган, холос. Ёшгина бир жувон беланчакни тебратиб, алла айтяпти.
Унинг юзида оналик бахти акс этиб турибди. У майин товуш билан алла айтар, бу аллада унинг
орзу-умидлари, боласига бахт, улуғ истиқбол тилаклари ифодаланар эди... Мурод ўша, Озода ўз
қўли билан қўйган ойна олдида турибди.
Мурод дераза олдига келиб, чамандек очилиб кетган акация гулини қўли билан селпиб,
панжаларини ҳидлади. Акация ҳиди Озоданинг ҳам димоғига урилди. Муроднинг кўзига электр
нури тушиб тургани учун уни кўрмасди.
Бу ёруғ уйнинг деразаси худди кино экранига ўхшарди. Мурод шу экранда бутун борлиғи
билан кўриниб турарди.
«Сочига оқ оралаб қопти-я», — деб дилидан ўтказди Озода.
Муроднинг қоши устига тушиб турган, ҳозир оқ оралаб қолган қора сочларини Озода жуда
кўп силаган.
Озоданинг кўзларида ёш йилтиради. Ўз бахтини ўзи калтак олиб қувлаган хотин ўзини ўзи
таҳқирлаб аччиқ-аччиқ йиғларди. Унинг ёш тўла кўзларига бундан беш йил олдинги Мурод
кўринди.
Тиз чўкиб ёлворган эди-я. Умрбод майиб бўлиб қоласан, деган эди-я. Мана энди.. Ўзимни
бахтдан олиб қочдим... Мени ҳеч ким кечирмайди. Ўзимни ўзим ҳам кечирмайман.
Мурод дераза пардасини туширди.
Озоданинг кўзи олдида порлаб турган ёруғ уй хира парда орқасига яширинди.
У ёқдан-бу ёққа енгил учиб турган беланчакнинг сояси тўр пардага тушиб жимирлар,
хотиннинг майин овоз билан айтаётган алласи эшитиларди.
Озода зўр қийинчилик билан деразадан узоқлашди. Ой ҳаволаниб азим тераклар устига
кўтарилди.
1956 йил.
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |