www.ziyouz.com кутубхонаси
194
СЕНИ ИЗЛАБ...
Шарафатга ота уйидан чиқиб кетиш осон бўлмади. Бу ишнинг бутун оғирлигини йўлнинг
ярмига етганда сезди. Кўча муюлишигача эргашиб келган онасининг маъюс кўзларини,
остонада бошини эгиб қолган дадасини эслади-ю, қадами секинлашгандек бўлди. Бир нафасда
уйи, ҳовлиси, чиқиб келаётганда миёвлаб оёғига суйкалган мушуги кўз олдига келди, таранг
чўзилган резинка ип қўлдан чиқиб ўз нуқтасига қайтгандек, фикран уйида пайдо бўлиб қолди.
Бир қаноти очиқ қолган деразадан ариқдаги сувнинг ҳар хил оҳанг чиқариб шилдираши,
жуда олисда оғир юк тортаётган паровознинг босиқ гупиллаши эшитилади. Уй ичида ғоят секин
судралган ойнинг тўрт бурчак шуъласи каравот қуббасини, чинни идишларни, рояль устидаги
ўйинчоқларни бирма-бир ёритиб, яна деразадан ташқарига чиқиб кетди. Қора бахмалга
қадалган зар тугмачалардек ялтираб турган юлдузлар бирин-кетин ўчиб, осмон бети оҳак
суртилгандек оқара бошлади. Шарофат ҳамон уйғоқ. Қаердадир ит улиди, қаердадир хўроз
чақирди. Бўғот лабида тинимсиз миёвлаётган мушукка кимдир кесак отди. Яна ҳамма ёқ
жимжит бўлиб қолди. Шарофат ҳамон уйғоқ, ҳамон ўйларди.
Кетиш керак. Омоннинг олдига кетиш керак. Мана шу қимматбаҳо буюмларга тўлган,
куядори иси ўрнашиб қолган уйдан кетиш керак.
Шарофат шуни ўйларди. У ҳар гал садаф клавишларини босганда, титроқ садолари кўнгил
дардларини орзу қанотида учирадиган рояль рўёбга чиқмаган ўша орзулар гувоҳи бўлиб жим
турарди... Оҳ, тезроқ тонг ота қолсайди, дея орзиқиб деразага кўзларини жавдиратиб қаради у.
Тонг аллақачон отган, дарахт учларига олтин ҳал суртилгандек эди. У сапчиб ўрнидан турди.
Кўча эшигига толпинганда аяси йўлини тўсди. Отаси эшикни ланг очиб берди. Бу кеча ота ҳам,
она ҳам ухлашмаган эди. Қизнинг қарорини, кўнглини асир қилган, қиз қалбига уя қурган ўша
йигит ота муҳаббатидан ҳам, она меҳридан ҳам зўр келганига уларнинг икковлари ҳам энди
иқрор бўлишган эди. Қиз остонадан икки қадам ҳам нари кетмай, ота тилга кирди:
— Бери кел, болам.
Ота товушидаги титроқ қизни тўхтатди.
— Қайда бўлсанг ҳам бошинг омон бўлсин, — деди у. — Сени қайтаришга энди ҳеч қурбим
етмайди. Шу пайтгача қўлингдан етаклаб сенга бахт излаган эдик. Кўнгил қўли етмаган даргоҳ
бахт бермас экан. Энди ўз бахтингни ўзинг изла. Энди сенга икки нарсани мерос қиламан: бири
— муҳаббатим, бири — қаҳрим. Муҳаббатсиз одам одамга ёв бўлади. Қаҳрсиз одам ёвга ем
бўлади. Энди бор, йўлинг ойдин бўлсин, болам!
Ота қизининг пешонасидан ўпди. Шундан кейин Шарофат нима бўлганини билмайди.
Қандай қилиб автобусга ўтирди, қандай қилиб чўл ўртасидаги ёлғизоёққа бу-рилди — эсида
йўқ. Кўксидаги бир вақтлар Омон ташлаган чўғни ўчиролмаган, ўчириш қаёқда, баттар бағрида
туташиб, ота уйидан олиб чиқа олган ҳислар чўл ўртаси-да кездириб, уни ўша Омони олдига
судради. Энди Омони унга аввалгидек қарармикин? Уни кечирармикин? Қалбида яна унга жой
берармикин? Уни илгаригидек эъзозлармикин? Шарофат бу тўғрида ўйламасди. Нима бўлса ҳам
Омонни кўрса, аччиқ-аччиқ аламли сўзлар айтса ҳам, майли. Шу чўлларда унинг кетида
соясидек эргашиб юрса, олисдан қорасини кўрса, узоқдан товушини эшитса бўлгани. Шарофат
шу Омонни деб чўл кезиб келяпти, ахир! Омони уни кечирармикин?
Шарофат шундай изтиробли ўйлар билан куя еган пўстиндек у ер-бу ерда гиёҳ кўкарган чўл
ўртасида осмонда вижирлаб учаётган қалдирғочларнинг қўшиғига маҳлиё бўлиб, янтоқлар
тагидан сап-сариқ кўзларини совуқ мўлтиратган калтакесаклардан ҳуркиб «Бўстон»га етиб
келди. Қатор оқ иморатлар оралаб, ёш ниҳоллар кўланка ташлаган хиёбонлардан ўтиб, колхоз
идорасига кирди. Қўзибой обедга чиқиб кетган. Отабой телефон трубкасига: «Бермайман,
уставни бузишга ҳаққим йўқ!» деб бақирарди. Шарофат бурчакдаги курсига омонатгина ўтирди.
Отабой трубкани жойига илиб, унга қаради.
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |