www.ziyouz.com кутубхонаси
139
қувончнинг табассуми порлайди. Фақат Ваҳобжон тажанг. Шаҳар чироқлари сийраклашди,
фонтан атрофи бўшаб қолди. Охири кўкка интилган тошқин фонтан ҳам аста-секин ерга
сингандек тинди. Ваҳобжон машаққат билан ўрнидан туриб меҳмонхонага йўл олди.
Қаттиқ ухлаб қолган экан, телефон товуши уйғотиб юборди. Бошқа номер адашиб тушиб
қолибди. У қайта ётолмади. Соатига қараса аллапалла бўлиб қолибди. Кўчага чиқди.
Қизиникига боришга юраги бетламай, меҳмонхона остонасида кунини кеч қилди.
Қош қорайган маҳалда Манзура келди. У ҳам маъюс эди. Эр-хотин бир-бирига бирон гап
билан озор етказиб қўймаслик учун сунъий илжайиш билан ичкарига киришди.
— Нигора қалай, хафа эмасми?— деди Ваҳобжон.
— Бинойидек ўйнаб-кулиб юрибди, Нега бормадингиз, хайрлашиб ҳам келмадингиз.
Ваҳобжон гап тополмай гарданини қашиб қўйди.
— Билетни эртанги поездга олаверайми, ё бир-икки кун турасанми?— деди Ваҳобжон. —
Агар хўп десанг, шаҳарнинг у ёқ-бу ёғини кўрсатай.
Манзура қизини ташлаб кетишга кўнгли бўлмай, юрагининг бир чети узилиб қолаётгандек
бўлиб турган эди.
— Майли, ўзингиз биласиз,— дея унинг ўзига ташлади.
Бугун Ваҳобжон ўзи ўқитган ганжиравонлик врач болани учратган эди. У уйига таклиф
қилган. Ваҳобжон вақт бўлса, албатта боришлигини айтган эди. Шу топда ваъдаси эсига тушди.
Шу кеча на эр, на хотин қудаларидан гап очмади. Аммо, тонг отгунча тўлғаниб чиқди.
Эрталаб улар энди нонуштага тайёрланиб туришганда кимдир эшикни безовта тақиллатди.
Ваҳобжон шошиб очса, нотаниш бир киши кўзлари бесаранжом бўлиб турибди.
— Тез борармишсизлар. Дарров, дарров...— у шундай деди-ю, шошилганича кетиб қолди.
Эр-хотин нима гаплигига тушунолмай апил-тапил йўлга тушишди.
Нигоранинг ҳовлиси сув қуйгандек жимжит. Ҳовлидаги сўрида чол пешонасини ушлаганича
қимирламай ўтирибди. Ваҳобжоннинг юрагини бирдан ваҳм босди, Нигорага бир гап
бўлмадимикин! У отилганича уйга интилди. Ичкаридан чиқиб келаётган қудаси Ҳожар унга
совуқ назар ташлаб ўтиб кетди. Нигора уйнинг ўртасида қимирламай турарди. У оёқ товушини
эшитиб ўгирилди, дадасини кўриб ҳўнграб йиғлаб юборди. Манзура кирди.
— Пешонам қурсин, толеим қурсин!
— Нима бўлди?— деди Манзура ҳаяжон билан.
— Икромжон акамни қамоққа олиб кетишди. Ҳамма нарсани хатлаб кетишди.
Ҳожар деразадан бош суқди.
— Келиннинг оёғи «қутлуғ» келди-да! Ҳа, қадами «ёқди».
Ваҳобжон беихтиёр ўтириб қолди. Атрофга ғамгин назар ташлади. Уй жиҳозлари кўзига
совуқ кўриниб кетди. Бу буюмларнинг ҳаммаси хатланган, ҳаммасининг эгаси бошқа, булар
юртнинг ризқидан юлиб олинган нарсалар. Бу уйда шу битта Нигорагина ҳалол эди. Йўқ, у ҳам
ўғирланган, ўзи ҳам, бахти ҳам ўғирланган.
— Хафа бўлма, қизим,— деди Ваҳобжон,— иложимиз қанча, бегуноҳ бўлса чиқиб қолар.
Сабр қил.
Чол кирди.
— Қуда, бу ишнинг шундоқ бўлишини ким билувди, дейсиз. Чақувдан бўлди. Ёмон одам
кўп. Бор бўлсанг кўролмайди, йўқ бўлсанг беролмайди. Энди бундоқ қилсак.— У ёнидан
буклоғлиқ қоғоз чиқариб Нигорага узатди. —Шу рўйхатдаги нарсаларни отамникидан олиб
келганман, ўзимники деб судга ариза ёзсангиз.
Ваҳобжон қизнинг қўлидан қоғозни олди. Рўйхатда тахминан янги пулда ўн беш минг
сўмлик буюм ёзилган эди.
— Йўқ,— деди қатъий оҳангда Ваҳобжон. — Бунақа ишга қўл урмайди Нигора.
Чол бошини сарак-сарак қилди.
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |