www.ziyouz.com kutubxonasi
27
томонга қарайди.
Муяссар. Ассалому алайкум.
Даврон. Ваалайкум ассалом. Мен Давронман.
Муяссар. Мен...
Даврон (гапни бўлиб). Сен Муяссар бўласан, шундайми?
Муяссар. Ҳа. (Ерга қарайди).
Даврон унинг ёнига бориб, тақалиб ўтиради. Муяссар сесканиб кетиб, сал нари сурилади.
Даврон Муяссарни бошдан-оёқ диққат билан кузатади, Муяссар Давроннинг кўз таъқибидан
ўзини ноқулай сезиб, неча марта қўли билан кўйлаги этакларини пастга тортиб-тортиб қўяди.
Даврон ўнг қўлини Муяссарнинг чап сони устига қўяди. Муяссар чўчиб кетиб, унинг қўлини
сонидан туртиб ташлайди.
Муяссар. Вой, нима қиляпсиз?
Даврон. Китобингни кўрмоқчиман, қани менга бериб тур-чи, қанақа китоб экан?
Муяссар. Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”и.
Шу пайт бир томонда Лазокат билан Аброр кўринишади, Даврон билан Муяссарнинг бирга
ўтиришганидан севиниб, “ишлар беш” деган маънода бир-бирига бош бармоқларини
кўрсатишади-ю, аста орқаларига тисарилиб, ғойиб бўлишади, буни ёшлар сезишмайди.
Даврон (китобни олади-ю, лекин унга қарамайди, Муяссарга боқади). Ҳали бунақа
китобларни ўқиб тураман дегин?
Муяссар. Кўп ўқийман.
Даврон. Севасанми?
Муяссар (бундай савол қаршисида эсанкираб қолади). Нимани... Тушунмадим.
Даврон. Китоб ўқишни севасанми деяпман.
Муяссар. Ҳа, жудаям.
Даврон. Ўзинг қаерда ўқийсан, ёки ишлайсанми?
Муяссар. Бу йил коллежни битирдим. Ҳужжатларимни тиббиёт академиясига топширдим.
Жарроҳ бўлмоқчиман. Ойимларни нотўғри операция қилиб қўйишди, бўлмаса ҳали тирик
бўлардилар. Шунинг учун жарроҳ бўлишга аҳд қилдим.
Даврон. Ҳм, жуда дадил кўринасан-ку. Имтиҳонлар тест бўйича бўлади. Қўрқмайсанми?
Муяссар. Йўқ. ўзингиз ўқийсизми, ишлайсизми?
Даврон. Менми... Мен шарқшунослик институтида ўқийман. Шу куздан бошлаб иккинчи
курсда.
Чап томонда Бурҳониддин кўринади, ёшларнинг суҳбатлашаётганидан мамнун бўлиб,
ҳассасини қўлтиҚига қисганича дуо қилиб фотиҳа ўқийди: “Илоё, ёшларнинг юлдузи юлдузига
мос тушсин”. Бурҳониддин тисарилиб, кўздан Қойиб бўлади, уни ёшлар сезишмайди.
Муяссар. Кеннойингиз қаерга кетиб қолди?
Даврон. Кеннойим?! Қайси кеннойим?
Муяссар. Ҳалигина мени гапга солиб ўтдилар-ку, кўзойнаклари сизникига ўхшайди.
Даврон. Ҳа, уми? У сен билан менга музқаймоқ олиб келгани кетди, ҳозир келиб қолса
керак. Биргалашиб музқаймоқ еймиз.
Муяссар. Раҳмат. Мен энди борай. Дадам анави ерда мени кутяптилар, бирга кетамиз уйга...
Хайр.
Даврон. Кўришгунча... (Орқасидан кузатиб қолади).
Сайёра (гапириб киради). Даврон, намунча маҳлиё бўлиб қолмасанг. Юрагингдан урди
шекилли.
Даврон. Йўғ-ей.
Сайёра. Юрагингдан урса нима бўпти.
Даврон. Сенга ёқдими?
Абдуқаҳҳор Иброҳимов. Ойна синди (трагикомедия)
Do'stlaringiz bilan baham: |