www.ziyouz.com kutubxonasi
83
эсон-омон тегди. Маҳбуба ортиқча бир эҳтиёт ва эътибор билан белга — бошқа йўлдошлари
ёниға тугилди.
— Қани, энди бўлсин, девона!
Қовоқ девона белидаги қовоқлардан битта эгри маймоғини кўрсатиб: — Манов Мусулмон
чўлоқ, — деди, унинг ёнидағи кичкина томоша қовоқни туртиб: бунов, Худойбачча
(Худоёрбачча), — деди, сув қовоғини эркалаб «Нор калла» (Нормуҳаммад қушбеги), — деди.
Қолған иккита силлиқ қовоқчаларни «носқовоқ, юпқа томоқ», деб қўйди. Эрмакчилар ку-
лишдилар. Бу қовоқ ўғрилари ичидан тезроқ қочиб қути-лиш учун кетишка интилган эди,
бирави ушлаб қолди.
— Тўхтанг ҳали, гап бор! — девона сўкиниб тўхта-ди.— Манави белингиздаги белбоқни
қаердан ўғирлаб олдингиз?
— Қўй, жувонмарг бўғур!
— Ўткан куни ўғирлатқан белбоғинг шу эмасми, Каримқул? — деб ёнидағиға қаради
эрмакчи.
— Ҳа, ҳа, худда ўғирлатқан белбоғим, тутдик ўғ-рини!
Қовоқ девона худда белбоғидан ажрайтурғандек икки қўли билан белига ёпишди.
— Саники бу эмас, тентак!
— Йўқ, худда маники шу, еш, бўлмаса миршаб чақираман.
— Хўварингни... нима дейди, бу!
— Тўғри айт, буни қаердан ўғирладинг?!
Девона белбоғининг тугунига азтаҳидил ёпишқани ҳолда:
— Ўғирламадим, тентак, ҳожи поччангни тўйидан олдим, жинни! — деди.
— Ҳожи поччанг ким? Ёлғон сўзлама, ўғри!
— Ҳожи поччангни танимайсанми, тентак?
— Тошкандда ҳожи поччадан кўпи борми, ўғри?
— Эсинг кетибди, жинни... Юсуфбе ҳожинг-чи. Ахир; тўй бўлди, базм бўлди, ўғул уйланди...
қўй, жувонмарг, бўғур!
Девона эрмакчилар қўлидан аранг қутилиб чиқди. Аммо уларнинг ичидаги кўзини боғлаған
бир киши нима учундир девонанинг орқасидан эргашди. Чойхонадан анчагина узоқлашқан
эдилар.
— Девона! — деб чақирди ҳалиги эргашувчи.
Девона ўзига қараб келгучи бу кўз оғриғини таниди. Суюкли қовоқлар устига келган бало
бўлмасин учун, кетар экан, қовоқларини эҳтиётлаб ушлади:
— Нима дейсан, кўз оғриғи?
— Қўрқмангиз, девона! — деди кўз оғриғи ва адимларини тезлатди.
— Нима ишинг бор?
— Тўхтанг.
Девона аранг тўхтади. Кўз оғриғи уни чўчитмас учун наридан туриб ёнчиғини кавлий берди.
— Сизга назрим бор.
Бу сўзни эшитиб, девона йўлға тушди. Кўз оғриғи унинг кетидан югирди ва:
— Манг! — деб пул кўрсатди. Девона илтифотсиз кетаберган эди: — Тўхта дейман! — деб
дўқ урди. Девона нарида тўхтади:
— Келма, келма, кўз оғриғи!
Кўз оғриғи ўн адимча нарида турди:
— Ҳали, ким ўғлини уйлантирди, дединг?..
— Ким уйлантирди, дединг?
— Айтдинг-ку чойхонада!..
— Айтдинг-ку чойхонада...
— Белбоқни қаердан олдинг?
Ўткан кунлар (роман). Абдулла Қодирий
Do'stlaringiz bilan baham: |