www.ziyouz.com kutubxonasi
138
Уста Алим унинг бу кулгисига эътибор қилмаған эди, сўзида давом этиб сўради:
— Сиз буларни ким ўлдирган деб ўйлайсиз?
— Сиз-чи? — деди Отабек ва тағин илжайиб қўйди.
— Менга қолса, — деди уста Алим, — ўлдиргучи албатта Мирзакарим аканинг куяви
Отабекдир... зап иш қилған-да, мен унга қойилман. Мен унинг Ўтаббой қушбегига қилған
муомаласини эшитиб, юрагига бали деган эдим... зап йигит экан-да!
Отабек ўнғайсизланиб кетди. Уста Алим юз-кўзини артиб Отабекнинг қўлини олиб
кўришмакчи бўлған эди, кўзи ўралған докага тушди:
— Қўлингизга нима қилди, Шокирбек?
— Пичақ кесиб кетди...
— Ёмон кесдими?
— Сал.
Уста Алим Отабекнинг ёниға ўлтурди ва:
— Нега Тошканд жўнамадингиз, бирарта монеъ чиқиб қолдими? — деб сўради.
— Монеъ чиқиб қолди...
— Қандай монеъ? — деди уста.
— Монеъми? — деди Отабек ва кулимсираб: — Мен сизга бир катта гуноҳ қилиб кеткан
эдим... Йўлда боратуриб гуноҳимдан ўкиндим-да, сизга тавба қилғали Қўқондан қайтдим... Агар
сиз гуноҳимни кечирсангиз, мен шу дақиқада Тошканд жўнайман.
Уста Алим ажабланиб Отабекка қаради:
— Ҳазиллашасиз...
— Ҳазиллашмайман, агар сиз кечиратурган бўлсангиз, гуноҳимни ҳам ҳозир иқрор қиламан.
Уста Алим кулимсираб сўради:
— Қани иқрор қилингиз бўлмаса.
— Илгари кечиришка ваъда бериб қўйингиз.
— Менга қолса сизнинг ҳеч гуноҳингиз йўқ... Менга номаълум гуноҳингиз бўлса кечирдим.
— Раҳмат, — деди Отабек ва сўради: — мен ким?
— Сизми, сиз Шокирбек!
Отабек уят аралаш кулиб қўйиб деди:
— Ана уста, маним борлиқ гуноҳим сизнинг шу кунгача мени Шокирбек, деб
билишингиздагина!
— Бўлмаса, сиз ким?
— Гуноҳимни кечиргансиз-а?
— Кечирганман.
— Мен сиз билган Шокирбек эмас, тошкандлик Юсуфбек ҳожининг ўғли ва марғилонлиқ
Мирзакарим аканинг куяви — Отабек!
Уста Алим бир оз ўзини кейинга ташлади ва кўзига жиқ ёш чиқарди.
— Сиз-а? — деди. Келиб Отабекни қучоқлади... Бу фавқулодда ҳолға тушуна олмай қолған
Сайфи ишини тўхтатиб дўконхонадан қараб турар эди. Уста йиғлаған ҳолда Отабекни қучоқлаб
ўпди-да, айвонга кўрпача сола бошлади.
— Нима қилмоқчи бўласиз, уста? — деб Отабек сўради.
— Мен ўзимнинг янги меҳмонимни кўрпачага ўтқузмоқчи бўламан, — деди кулиб уста Алим.
— Мен сизнинг кўрпачангизга кўб ўлтурганман, энди менга ортиқча такаллуфингизнинг
ҳожати йўқ.
— Тўғри сўзламайсиз, Отабек, бу кунгача маним кўрпачамда ўлтуриб юрган Шокирбек отлиқ
бир йигит эди. Энди мен ўзимнинг янги меҳмоним бўлған Отабекни сийламоқчи бўламан...
Қани, Отабек, кўрпачага чиқингиз!
Ўткан кунлар (роман). Абдулла Қодирий
Do'stlaringiz bilan baham: |