www.ziyouz.com kutubxonasi
80
— Қабул қилған эдим.
— Бизнинг рухсатимизни олғали Марғилонға ҳам келган эдингиз, шундоғми?
— Шундоғ...
— Баракалла, Марғилонға келиб бу гапдан айнадингиз-а?
— Айнадим...
— Энди Тошкандга Марғилондан айнаб борасиз?
— ...
— Мана кўрдингизми, фақат бу ишда бизгина ёмон отлиқ бўламиз. Ўзингизнинг шу хатонгиз
учун ҳам бу гапни қабул қилмоққа мажбурсиз.
Отабек нима деб айтишдан ожиз қолди ва ўзининг болалиқ ҳаракатидан сесканди ва
хижолат орасида сўради:
— Отам сизга қачон хат ёзған эди?
— Кеча олдим. Демак, кўндингиз?
— Мен бу гапка дурустлаб ўйламасдан жавоб бералмайман.
— Қанча ўйласангиз ҳам жавобингиз биргина бўлиши керак; яъни ризолиқ.
Қутидорнинг бу сўзи жуда ҳам қатъий эди. Бу қатъи-ятни онглағучи кўнгилдан чиқараёзған
бу масалани чинлаб ўйламоққа мажбур эди. Нима бўлғанда ҳам кўнглининг бир чеккасини
кирлатиб ётқан бу «ота-она орзуси» бир томондан қаралғанда жуда енгил кўчкан эди. Аммо
иккинчи томондан масаланинг ешилмаган ўринлари ҳам бор эди.
— Яхши, — деди, — мен сизнинг таклифингизга кўнайин, аммо кўнишнинг ва ризолиқнинг
зарури қизингизда эмасми?
Шу чоққача мунгғайиб ўлтурган Офтоб ойим ялт этиб эрига боқди, яна чексиз бир
меҳрибончилиқ назари билан Отабекка қаради.
— Сиз қизимизнинг андишасини қилиб ўлтурмангиз, бек, — деди қутидор, — бу ишни энг
яхшиси унга билдирмасликдир, кейинроқ ўзи кўникиб кетар, бу тарафлардан ташвиш лозим
эмас.
— Йўқ, — деди бек, — мен бу ишка башарти кўнганимда ҳам қизингиздан яширмайман.
— Нега?
— Негаки унинг ризолиғини олмасдан туриб, бу ишка оёғ қўйишим мумкин эмас.
— Агар кўнмаса-чи?
— Кўнмаса, мен ҳам кўнмасликка мажбурман.
Бу узил-кесил сўздан қутидор ўйлаб қолди. Офтоб ойим бўлса, қизининг қадрини бунчалик
аршларгача кўтармакда бўлған йигитка ўзида чексиз муҳаббат, поёнсиз эҳтиром сезмакда ва
нима учундир йиғлағуси ва куяви юзидан ўпкуси келмакда эди.
— Тузик, — деди қутидор, — унинг ризолиғини ўзингиз олмоқчимисиз?
— Йўқ, негаки қизингиз учун ҳақорат бўлған бу сўзни айтиш маним қўлимдан келадирган иш
эмас, — деди. Эру хотин бир-бирларига қарашиб қўйдилар. Кейинги сўзни айтиб битиргач,
Отабекнинг кўзига ёш келган эди. Ўзининг ҳолидан уялди шекиллик, уларнинг олдидан туриб
ташқариға чиқди. Ул чиқғандан сўнг эру хотин яна ярим соатча жанжаллашиб ўлтурдилар.
* * *
Хуфтан намозидан сўнг янгиланган ташвишларни бир оз унутдирар умиди ила пойчироғ
ёниға ўлтуриб, Фузулий девонини варақлар эди. Аммо Фузулийнинг ранг-баранг шеърлари
устида қаноатланиб тўхтамас, ҳамон варақлағандан-варақлар эди. Шоирнинг нафис шеърлари
ҳозир унинг учун тузсиз сўзлар йиғиндисидан бошқа бир нарса ҳам эмас эдилар. Ул шу вақт
тўсиндан китобни ёпди-да, айвонға қулоқ солди. Чунки ҳозиргина сўзлашиб ўлтурган Кумуш
билан онасининг товушлари ўчкан эди. Ул бу ҳолдан шаклланди. Айвондан она-боланинг
қаёққадир йўқолғанларини пайқағач, тусида ўзгариш бўлғани ҳолда қайтиб келиб ўлтурди.
Нима учундир ҳозир унда бирар фожиъага тушкучининг ҳолати бор эди. Киши изтиробка
Ўткан кунлар (роман). Абдулла Қодирий
Do'stlaringiz bilan baham: |