www.ziyouz.com kutubxonasi
188
эргашдиргандек бўламиз, чунки Отабек ва Кумуш ишқларида самимият, яна тўғриси шеърият
бор эди. Иккинчи масала устига ўтиб таҳлил қилмоқчи бўлсақ, Отабекда мажбуриятдан бошқа
ҳеч гап тополмаймиз, топган билан ўқуғучиға қизиқарлиқ бир нарса чиқмайдир.
Қаҳрамонимизнинг ҳозирги «мажбурияти» сабабларини муҳтарам ўқуғучилар яхши ҳис этсалар
ҳам яна биз бир даража ўз томонимиздан уларни санаб кўрсатамиз:
Дин адолатка буюрадир ва ота-онанинг ҳурматлари кўндаланг, мажбуриятнинг энг кучлиги
ҳам нозиги — мундан бир неча ҳафта илгари Зайнаб аввал мартаба юрак дардини кўз ёшлари
ичида очиб берди. Ҳаммадан ҳам мана шу кейингиси Отабекни сиқиб ташлаған эди. Бу дард
айниқса Отабекка уч йилдан бери синашта, ул бу дарднинг аччиғ-чучугини уч йил бўйи тотиб
келар ва шунинг учун ҳам бояғи оғирлиқни ўз устига олмоққа мажбур эди...
Зайнаб унга икки пиёла чойни ичиргандан сўнг сўради:
— Сизни кеч қайтарсиз, деб ош қолдирмаған эдик, совуғроқ бўлса ҳам озроқ олиб қўйған
эдим... есангиз?
Отабек очиқиб келган эди, «майли, беринг», деди. Бояги гап билан ейилмаган лағмон
Отабекнинг олдиға келди. Устидаги қиймаси билан лаганнинг бузилма-ғанини кўриб Отабек
сўради:
— Ўзларинг емадингларми?
— Едик. Кумуш опа ҳам шу ерда эдилар... Лағмонни унча хушламас эканлар, шекиллик,
яхши емадилар... У киши емаганларидан кейин мен ҳам еб ўлтурғали иймандим...
— Емаган бўлсангиз, сиз ҳам олишинг, — деди бек.
Зайнаб эридан ийманмай биргалашди.
Хўрак ораси Отабек Зайнабдан сўраб, Кумушнинг ухлаб ётқанини билди. Томоқдан кейин
Отабек ҳам бир оз ухлаб олиш учун ётди. Кўзи уйқуға борғач, фақат шуни кутиб ўлтурган
Зайнаб қўлида елпуғичи билан ёстиқ ёнига келди. Эри жуда ухлаб кеткандан сўнг елпий
бошлади... Елпир экан, Зайнабнинг кўзи Кумушнинг уйида эди...
Зайнаб ўзининг бу тасодуфий муваффақиятини кундаш назаридан ўткузиб олмоқчи ва бояғи
даъвосини бир даража амалда ҳам кўрсатмакчи эди.
Зайнаб шу ҳолда узоқ фурсат эрини елпиди ва натижада маълум кўрукни одатдан ташқари
бир муваффақият ичида кундаш назаридан ўтказди: нима юмиш биландир уйдан чиқған Кумуш
Отабекнинг ёстиғи ёнида қўлиға елпуғич ушлаган Зайнабка кўз қирини ташлаб ўтди.
Бирар соатдан кейин Отабек уйғонди. Зайнаб ҳам кундаш юрагини ун қилғучи ел
тегирмонини тўхтат-моққа мажбур бўлди.
Отабек уйга кирганда ёстиқ бетини тартибсиз соч ўримлари билан чулғатиб Кумуш ухлар
эди. Отабек бир неча дақиқа унинг уйқулиқ ҳолатига термулиб қолди ва унга роҳатсизлик
бермас учун секингина орқасиға қайт-ди. Уй эшигидан чиқар чоғида яна бир қараб олди... Энди
уйқулиқ кўз очилған эди.
— Тинч ухлай беринг, мен кетаман.
Кумуш кўз юмиш ўрнига ёстиқдан бошини узди ва ерга тушкан рўймолини ўраб, ўлтурди.
Унинг кўзи уйқудан қолған кишиларнинг кўзидек қизарған эди. Отабек қайтиб кирди.
— Нега қўзғалдингиз, ухланг, — деди. Кумуш жавоб бермади, қовоғи солиғ эди. — Кўзингиз
қизариб кетипти, ухлай олмадингизми?
— Тобим йўқ...
— Худой сақласин, — деди бек ва Кумуш ёниға ўлтирди, — қаерингиз оғрийдир?
— Билмайман, — деди. Кўзи токчадағи алланарсаларда эди.
Отабек бу терс жавобни ҳазил фаҳмлаб кулди ва Кумушнинг манглайиға қўлини тегизди:
— Нега билмайсиз?
— Қўлингизни олинг.
— Нега олай?
— Мендан ҳазар лозим...
Ўткан кунлар (роман). Абдулла Қодирий
Do'stlaringiz bilan baham: |