www.ziyouz.com kutubxonasi
156
— Сизнинг ҳам кам-кўстингиз борми? — деб Али кулимсиради.
— Йўқ, деб ўйлайсизми?
— Ҳаммада бўлғанда ҳам, сизда йўқ деб биламан.
— Масалан?
— Масаланми, — деди кулиб Али, — сизнинг билан отангизнинг обрўси қушбегида ҳам йўқ,
давлат тўғри-сида бўлса, очиқарлик ерда эмассиз... Иккита тўтидек хотинингиз бек акам учун
сочини тараб ўлтурадир... тағин қанақа каму кўст?
Кишининг бахтини юзакигина кўриб ҳукм қилғучи Али унга қизиқ кўринди ва кулиб:
— Тўғри айтдингиз! — деди.
— Шукур қилиш керак, бек ака, — деди Али ва ўзи-нинг бахтсизлигидан, топқанини
рўзғордан ортдиролмай, шу кунгача уйланалмай келишидан ҳасрат қилиб кетди. Отабек унинг
ҳасратини диққат билан эшитди, ҳаётнинг зарбаси ҳар кимнинг ўз даражасига қараб ва лекин
истисносиз бўлғанлиғини тушунди.
— Дунёнинг иши шунақа экан, мулла Али, — деб уни юпатиб қўйди. Иккиси ҳам бир неча
вақт жим қолдилар.
— Марғилонлиқ хотинингиздан болангиз бордир?
— Йўқ...
— Бўлса ҳам турмадими, уйланганингизга анча йил бўлған шекиллик?
— Турмади.
Али Отабекнинг ками кўстини шу боласизлиқдан деб ўйлаған эди:
— Боласизлиқ учун хафа бўлиш керак эмас, ҳали ёшсиз, бек ака!
Отабек жавоб бермади. Корсонда қимиз келди. Бек бир-икки зарангни ичкандан кейин,
ямланиб кўкка қараб ётиб олди. Али бор товшини қўйиб ашула қилди:
Кўзларим йўл устида, келмади ёр,
Ушбу кенг дунё кўзимга бўлди тор.
Қай қароқчи олди ёримнинг йўлин,
Мундаги бахтсиз йигит йўл узра зор...
— Қўшилишмайсизми, бек ака?
— Ўзингиз яхши айтасиз, тўхтаманг!
Али борлиқ овози ила ҳамма ҳунарини ишлатиб, ғазал тугалгунча ашулани айтиб борди.
— Тузикми, бек ака?
— Яхши ашулачи экансиз!
— Ундоғ бўлса устидан буни ичиб юборинг, — деди кулиб, бир заранг қимиз узатди. Бек
қимизни бир симиришда бўшатди-да, энтикиб узоқ қирға қаради, узоқ қараб турди-да,
юқоридағи байтни ўқуб оғиз ичидан минғиллади.
Кўзларим йўл устида, келмади ёр,
Қай қароқчи тўсди ёримнинг йўлин...
— Қўқонға кеткан сипоҳлардан дарак эшитдингизми, бек ака?
Отабекнинг хаёли бўлиниб, Алига қаради:
— Эшитмадим.
— Маним акам ҳам кеткан эди... Ой бориб, омон келишсунлар-да!
— Акангиз йигитмиди?
— Йўқ, мерган эди. Қўқон кетаётган ўртоқлариға қизиқиб, борма деганга кўнмади. Уруш
эҳтимоли йўқ-ми, шунчаки фотиҳа учун кетишкандирлар-а?
— Ким билсин, — деди бек ва бир оз ўйлаб қолған-дан кейин, — бўлмас, — деб қўйди.
Корсондаги қимиз тугаб, шўрва ҳам ичилди. Дастурхонни йиғқувчи келинчакка ўғул тилаб
дуо қилин-ғандан кейин, қўлиға ўттуз чақа сурма пули бердилар ва қирни айланиш, бинафша
териш учун туриб кетдилар.
Ўткан кунлар (роман). Абдулла Қодирий
Do'stlaringiz bilan baham: |