www.ziyouz.com кутубхонаси
24
Ўша!.. Бир четидаги, жуссасига монанд ихчамгина, саранжом имзонинг устидан қалин, қўпол
қилиб «Нур» деб ёзилган. «Кўргазма»сига олиб келган экан-да... Аблаҳ!
Пакана портретни авайлабгина аввалги жойига қўйгач, титроғини босиш учун келиб
столдаги чойнакни жўмрагидан кўтаради, сипқаради. Сўнгра ўзини осойишта тутишга уриниб,
ҳеч нима бўлмагандек, сават курсига ястаниб олади.
Нурали шиша қўлтиқлаб келади. Бир қўлдан ичадилар.
— Сафсар бу ерга келганмиди? — деб сўрайди шерга айланган Пакана тўсатдан, Нуралига
тик қараб.
— Сафсар? Қанақа Сафсар? — дейди Нурали бир хил бўлиб, бўзаргандек. — Ҳа-а, ановими,
Сафсар Нишонова? Жинни. Ўзини ўзи қилди у. Ҳар куни дори сўраб кирарди олдимга. Укам
дорихонада ишлайди-да. Юраги сиқилиб, ҳаприқиб кетаверармиш. Ҳаётда алданганмиш-да,
эри хиёнат қилганмиш. Подумаешь! Бу дунёда ҳеч кимга ишониб бўлмасмиш. Жинни. Ўзига ўзи
қилди. Леқин-чи, яхши нарса эди. Шунча уриндим, келмади. Ўлгудек тажанг, асабий қиз эди.
Опкелганимда-ку... Ҳайф кетди, эсиз!..
— Ўлган одам ҳақидаги гапингми бу? — дейди шусиз ҳам тарс ёрилай деб ўтирган Пакана
титраб.
— Қўйсанг-чи! «Ўлган одам» эмиш. Ҳа, нима қипти? А, олдин тирик эди-ку? Зўр эди аммо!
— Нурали! Ўйлаб гапиряпсанми ўзи? Сен... сенга нима бўлган? Ё мастмисан?
— Ҳеч нима. Шунчаки, ўзим.
Қадди шамшод, башараси маъносиз-ифодасиз, қўлларини кўкрагига чалиштирганча
совуққина кулимсираб турибди. Шунчаки, ўзи. Ўзи, шунчаки. Дод!
Пакана шу тобда унинг кимлиги — моҳиятини аниқ англаб етгандек бўлади. Бу энағар,
қўлида ўтмас пичоқ, беғам, яйраб яшайди. Бирор нарсанинг оқибатини ўйлаб ўзини
койитмайди. Пичоғини бўғзингизга қадаб, «ўзим, шўнчаки» деб тураверади. Сурбет, ёвуз.
Тавба, қизларга шунақаси ёқар экан-да? Ўзига ўхшаган ёки текин саргузашт қидириб юрган
нодонларга ёқса керак-да. Ҳа, булар бошқа, бошқа тур одамлар.
Пакананинг дами ичига тушиб кетган. Сўз йўқ. Нима десин? Дод!
— Номард экансан, Нурали! Маразнинг ўзгинаси!
— Ни-има? — Нурали кутилмаганда уни бир қўллаб гирибонидан олади-да, кучуквачча
мисол питирлатиб эшигидан ташқарига отиб юборади. — Жўна! Калта! Лиллипут!
Пакана бориб тушган бурчагида ётиб эшикни тепа бошлайди. Эшик очилади.
— Сафсарни бер!
— Нима деяпти бу? Жинни бўлдингми?
— Портретни опчиқ!
— Қанақа портрет?
— Опчиқ, деяпман! Бўлмаса!..
Бир зумдан сўнг қия очиқ эшик оша тўрт бўлак қилиб йиртилган алланима оёғи остига келиб
тушади. Пакана фиғон аралаш уни териб қўлтиғига қистиради-да, зина томон юради...
Кўчага чиққач, ёнида таксига пули йўқлиги эсига тушади. Шитоб билан елиб бораётган,
негадир «шох»сиз троллейбусга қўл кўтаради. Троллейбус тўхтайди. Чиқса, ичида битта ҳам
йўловчи йўқ. Вақт алламаҳал бўлиб қолибди-да.
— Жон оғайни, мени Юнусободга элтиб ташла, — деб ялинади Пакана ҳайдовчи йигитга.
— Троллейбус паркка боради, — дейди дароз бўлиб ўтирган ҳайдовчи йўлдан кўз узмай.
Дафъатан Пакананинг кўзи пешойнага ёпиштириб қўйилган суратга тушади. Воажаб,
«Орзу»ми? Ўзи бехабар, яна чиқибди-да бу? Қайси барака топкурнинг ғаладонидан топила
қолди?
—
Оғайни, тўхтат аравангни.
—
Ҳа, келдингми Юнусободга? Мана, туш.
Пакана чироқни ёқдириб, расмни синчиклаб кўздан кечиради. Аллақайси тадбиркор ширкат
Пакананинг ошиқ кўнгли (қисса). Эркин Аъзам
Do'stlaringiz bilan baham: |