www.ziyouz.com кутубхонаси
51
Тарлон кўнгил берибди, Олмакўз кўнгил олибди! Аҳай-аҳай!
Охир-оқибат... Олмакўз дилдорлик берибди!..
— Йўғ-е? — дедим.
— Ҳа-да! — Энди қуда бўлдик, Зиёдулла чавандоз, қуда-қудағай бўлдик!
— Ҳазиллашманг-е, жувозкаш, ҳазиллашманг-е!
— Беҳазил, қуда, беҳазил! Ўзиям қайлиқ ўйинимисан, қайлиқ ўйини бўлди-да... О-о-о!.. Куёвни
нима бериб боққансиз, Зиёдулла чавандоз?
Бошимни чайқаб-чайқаб кулдим. Қўлимни силтаб-силтаб кулдим.
— Гапингиз қурсин-е, жувозкаш-е, гапингиз қурсин-е!
— Эбо-е, ана қайлиқ ўйини, мана қайлиқ ўйини... О-о-о!..
Юзларимни ушлаб-ушлаб кулдим, юзларимни беркитиб-беркитиб кулдим.
— Бўлди-е, жувозкаш-е, бўлди-е!
— Эбо-е... Қаранг-а! Эбо-е... қаранг-а!
— Астароғ-е, аёл эшитади-е!
— Эбо-е... Қаранг-а! Биз ҳам юрган эканмиз-да... О-о-о, ана мана!..
— Қандай-қандай?.. Бўлди-е, аёл эшитади-е!
— Сиз билан биз ҳам... юрган эканмиз-да, Зиёдулла чавандоз! О-о-о, ана... мана...!
— Астароқ дейман-е, аёл эшитади-е!
— О-о-о, ҳалолинг бўл-е, куёв-е, ҳалолинг бўл-е!..
Хандон-хандон отиб кулдим.
— Э, тавба-е, э, тавбангдан-е! Шўхлашманг-е, жувозкаш-е, шўхлашманг-е!
— Бешўхи, қуда, бешўхи! Ана куёв, мана куёв! О-о-о, ана... мана..!
Қаҳ-қаҳ уриб келдим.
— Бўлди-е... Бизнинг Тарлон шўх экан-да, а, шўх экан-да?
— Ҳа-да! Эгасига тортганми, билмайман! Мол эгасига ўхшайди, дейди-ку...
Кетимга чалқайиб-чалқайиб кулдим.
— Нима-нима? — дедим.
— Мол эгасига ўхшамаса, ҳаром бўлади...
Девордан буғдойдай кесак олиб, Назир жувозкашга отган бўлдим. Жувозкаш билаги билан
бетини пана қилган бўлди.
— Астароғ-е, аёл эшитади, астароғ-е! — дедим. Кафтларимни кафтларимга қарс-қарс уриб
кулдим.
— Бизнинг Тарлон шўх эканми-а, шунчалик шўх эканми? Ай, Тарлон-е, ай, Тарлони тушмагур-
ей! Қўлларимни бир-бирига ишқаб-ишқаб кулдим.
— Бизнинг Тарлон шўх-да, шўх! Бир шўхлашибди-да! Ўтадиган дунёда бир шўхлашайин, дебди-
да! — Кула бериб-кула бериб, ичларим оғриб қолди. Кула бериб-кула бериб, кўзларим ёшланиб
қолди.
— Мол эгасига ўхшайди, дейсиз-да? Ай, уккағарнинг қудаси-е! — дедим. — Айниқса, от эгасига
ўхшайди, дейсиз-да? Ай, уккағарнинг қудаси-е!..
Гарчи қўлимга бир нима илашмаса-да, девордан кесак олиб отган бўлдим. Гарчи бир нима
отилиб бормаса-да, жувозкаш пусиб қолган бўлди.
— Ай, кучингдан Тарлон-ей, кучгинангдан-е!— дедим.
Мириқиб кулдим, ҳузурланиб кулдим, маза қилиб кулдим!
Бир амаллаб ўзимни босиб олдим. Юз-кўзларимни артдим.
— Ҳа-е, шундай-шундай бўлади-да-е! Иссиқ жонда-е, иссиқ жон! — дедим. — Қани,
ичкариланг, қуда, чой ичамиз?
— Йўғ-е, қуда, йўғ-е. Эсимнинг борида жувозхонамга кетайин. Бўлмаса, куёв бўлмиш келинни
кўриб қолади-да, тағин ҳиқиллаб ёпишади!
— Шундайми, унда, майлингиз. Ўзи, келин қаерда, қуда?
От кишнаган оқшом (қисса). Тоғай Мурод
Do'stlaringiz bilan baham: |