www.ziyouz.com кутубхонаси
4
Ярим тунда уй ёришиб, қуш уйқусида ётган фозиллар уйғониб кетишди. Ташқарига
қарашди. Баланд бўйли, ўзидан нур таратиб турган икки кимсани кўриб ҳаммалари дуо
ўқимоққа тутиндилар. Нурли одамларнинг уй томонга яқинлашганини сезиб, тўртовлон ўзини
девор панасига олди.
Ҳовлида ётганлар ҳам уйғониб кетишди. Чўчиб ўрнидан турган икки йигит ўша заҳоти тош
бўлиб қотди. Буни кўриб бошқаларининг туришга юраги дов бермади.
Кив билан Ниг икки йигитнинг сакраб турганини сезиб шу томонга юрдилар. Лекин уларнинг
ҳам жонсиз тош эканини кўриб ажабланишди.
— Назаримда улар ҳозир ҳаракат қилгандай бўлишган эди, — деди Ниг.
— Менга ҳам шундай кўринди. Манавиларни қара, булар ётишибди. Улар ҳам тош. Бу
юлдузда жонли мавжудот йўқ кўринади. Бу тошларни ҳайкал десак, тартибсиз сочилиб ётиши
ажабланарли.
— Сирли жумбоқ ичига тушиб қолганга ўхшаймиз. Энди кемага қайтамиз. Бу ёғига пиёда
юриш хавфли. Вақт ҳам кўп кетади. Саёҳатни сайёрапойда давом эттирамиз.
Улар шундай деб орқага қайтдилар.
Нур узоқлашиб қоронғилик чўккач, уйдагилар бош кўтаришга журъат қилдилар. Фақат
деворга орқа қилиб ўтирган фозилгина қимирламади. Фозиллардан бири уни аста туртиб ўзига
келтирмоқчи бўлди-ю, қўрқув билан хунук бир овоз чиқариб жим қолди: қария тошга айланган
эди. Шу кўйи улар тонгга қадар дуойи афсун ўқиб ўтирдилар. Кун ёришгач, ташқарига чиқишга
ботиндилар. Тошга айланган йигитларни, кейин ҳайкалдай қотиб турган отларни кўрдилар-у,
оёқни қўлга олиб изларига қайтдилар.
Кўп азобли, уқубатли йўлдан сўнг манзилларига етиб келдилар. Кўрганларини чала-ярим
айтиб, кўрпа-ёстиқ қилиб ётдилар. Сал қувватга кириб юра бошлаган чоғларида уччовлари
тўппа-тўсатдан бир кунда ўлиб қолдилар...
* * *
Ниг билан Кив жонли мавжудот учратишдан умидларини уздилар. Унетдан туриб олиб
борилган кузатишлар бу хира юлдузда органик бирикмалар мавжудлигини, бу моддаларнинг
эришига мос суюқлик ҳам борлигини бир неча карра тасдиқлаган эди. Молекуляр
комплексларнинг вужудга келиши учун зарур бўлган бу икки омил уларда умид уйғотган, узоқ
сафарга отлантирган эди. Умидлари синган элчилар сафарларини ноилож тўхтатиб, кемага
икки тош одамни олиб чиқдилар.
Ер яна қаттиқ силкинди. Қорайиб турган тухумсимон кема остида олов кўринди. Тупроқ
ўйилиб ҳар томонга отилди. Ўлик шаҳар устини ғубор қоплади.
Орадан йиллар ўтди. Аммо ҳеч кимса бу жонсиз шаҳристонга яқинлашишга журъат
этолмади. Юрак бетлаб қадам босганлар ҳам кўп ўтмай тўсатдан ўлиб қолавердилар.
«Худонинг тавқи лаънати босилган» бу ер кимсасиз ва унут бўлиб кетди.
Беаёв йиллар шамоли бу воқеаларни одамлар ёдидан аста-секинлик билан ўчириб ҳақиқат
юзига афсона ниқобини тортди. «Ўлик» шаҳарни эса тупроқ зарралари билан кўмиб ташлади.
Сўнгра бўлиб ўтган даҳшатли воқеалардан бехабар одамлар яна бу томонларга силжиб
келавердилар. Бир неча одам бўйи тупроқ остига кўмилган шаҳар устида қайта ҳаёт бошланди.
Бу ерга қўноқ бўлганларнинг неча-неча авлоди оёғи остида ажабтовур воқеаларнинг гувоҳи
бўлмиш «тилла ҳайкаллар» борлигини билмай ўтди.
Йигирманчи асрнинг сўнгги чорагида амалиётчи талабалар келиб қолмаганда балки йиллар
ғубори остидаги сирлар яна аллақанча вақт очилмай ётар эди.