Даврон (қисса). Тоҳир Малик
www.ziyouz.com кутубхонаси
1
— Сен билан мен ҳатто у дунёда ҳам кўришмасак керак. Нимага
шундай экан?
— Феълимиз бошқа-бошқа.
— Феъл эмас, дунёқараш, дегин. Қизиқ, икковимиз ҳам одам
боласимиз, лекин кўринишимиз ўхшамайди. Икковимизда ҳам салкам уч
килолик мия бор, бироқ, бошқа-бошқа фикрлаймиз. Ҳатто касбимиз бир,
аммо тутган йўлимиз айри. Ҳамма гап ана шу танланган йўлда бўлса
керак. Икковимиз поезд йўлидаги иккита релсдамиз. Кетаверамиз,
кетаверамиз, йўлимиз эса сира кесишмайди.
— Бунга ҳожат бормикин?
МУҚАДДИМА
Уларнинг чорбоғлари бир-бирига туташ, девор ўрнига қатор олча экилганди. Чиройда тенги
йўқ бўлиб етишиб бораётган сарвқад қиз ҳам, паҳлавон келбатли йигит ҳам қош қорайиб,
уйдагилари уйқуга кетгач, шу олчалар пойига ошиқар эдилар. Бу тун нечундир йигит ҳаяллади.
Қиз баргларнинг сирли шивирлашига қулоқ тутиб узоқ ўтирди.
Барглар шабадада шунчаки
титраяптимикин ёки ўзларининг тилида суҳбат қуряптимикин? «Суҳбат... Ҳамма ўзича
гаплашади. Ҳайвонлар ҳам ўзича тиллашади. Одамлар уларнинг сўзларига тушунмайдилар. Бу
худонинг иродаси. Аммо... бир хил тилда сўзлашувчи одам зоти ҳам
баъзан бир-бирини
тушунмай қолади-ку? Бу ҳам Тангрининг иродасимикин ё одам зотининг ақли қосирлигими?
Ажаб... Белга уриб қолган ўт-ўланлар ҳам сўзлашаётганга ўхшайди. Балки улар ҳам бир-бирини
яхши кўрар, розини айтар... Йўғ-е, ахир улар жонли эмас-ку? Нимага, у бечораларнинг ҳам
жони бор. Баҳорда кўкаради, ёзда яшнайди, кузакда эса қурийди. Ўладими, демак жони бор.
Фақат умри қисқа. Дунёнинг яралиши ажабтовур...»
Шарпа сезилиб, қизнинг хаёли бўлинди. Унинг кўзлари йигитни қоронғида ҳам илғашга
кўникиб қолган...
Улар кичкина ариқ лабига ўтирдилар. Жим қолдилар. Йигит хўрсиниб қўйди. Ошиқ-
маъшуқлар фақат
бир-бирларига термилиш, хўрсиниш учунгина фурсат танламайдилар.
Юракларидаги сурур кўп ҳолларда андишадан устун чиқади. Аммо бу тун йигит қалбидаги,
вужудидаги ғалаён жиловда. Унинг ичига чироқ ёқса ёримайди. Шу
боис жимгина, майлини
сукутга бериб ўтирди. Ниҳоят, йигит сўз очди:
— Янгиликни эшитганингиз бордир?
— Қулоғимга чалинди, — деди қиз. — Бу қарорнинг сабабини тузук англамадим.
— Биз, акам-отам, учовлон бўлиб не заҳмат билан безак ишласаг-у, роҳатини бойтоға кўрса?
У безакларни подшоҳи оламга ўз номидан ўтказар экан. Бойтоғанинг қўлидан ҳеч
бир иш
келмаслигини била туриб унга таҳсинлар ўқийдилар, зарга ўрайдилар, марҳаматларини
аямайдилар. Бизнинг оҳимизни ҳеч бир зот эшитмайди. Энди бўлак шаҳристонга кетамиз.