www.ziyouz.com кутубхонаси
2
— Бола эдим. Раҳматли дадам гап ер эдилар. Бир меҳмонхона йигит... Мана шунақа шамол кечаси
экан. "Ҳозир ким гўристонга бориб, Асқарпонсотнинг гўрига пичоқ санчиб келади?" деган гап
бўлипти. Шунда бир киши пичоғини қинидан суғуриб: "Мен санчиб келаман",— депти, битта
қўйдан гаров боғлашиб йўлга тушипти. Жўралари ҳали кутишар эмиш — йўқ, ҳали кутишар эмиш
— йўқ; тонг отипти, уйида ҳам йўқ эмиш; гўристонга бориб қарашса, Асқарпонсотнинг гўри
олдида ўлиб ётган эмиш! Бечора гўрга пичоқ санчганида этагини қўшиб санчган экан, қайтай
деса этагидан биров тортгандай бўлган-да...
Ҳамманинг эти живиллашиб кетди. Узоқ жимлиқдан кейин Унсин ёнида ўтирган кундошига
шивирлаб:
—
Ўлсин, нокас одам экан, битта қўйни деб... Кошки арзийдиган нарса бўлса!.. — деди.
Бу гапни додхо эшитиб қолди. Унинг нафсонияти қўзғади. Додходай одам гўристон деганда
тиззаси қалтираса, биров "оламга подшо қиламан" деган тақдирда ҳам бормаса, боролмаса-ю,
бу қиз муштдай боши билан, "арзийдиган нарса бўлса мен бораман" деса!
Додхо ғаши келиб, Унсинни масхара қилди:
— Оббо, тегирмончининг қизи!.. Битта қўйни назарлари илмайди! Нечта қўй бўлса арзир эди?
Сен ўзинг ўнта қўй берсам, пичоқ санчиб келасанми? Юзта қўй, давлатимнинг ярмини берсам
борасанми?
Унсиной бозвантидаги тангаларни ўйнаб:
—
Менга давлат керак эмас, давлат керак бўлса борар эдим, — деди. Бу
гап додхога тегиб кетди.
—
Нима керак?
Унсин индамади. Додхонинг саволи жавобсиз қолиши мумкин эмас эди. Шунинг учун биттаси
гуноҳ қилса, ҳаммаси баравар калтак ейдиган кундошлар Унсинни турткилашди:
—
Жавоб берсанг-чи!
—
Тилдан қолдингми?!
Ёнида ўтирган кундоши тирсаги билан биқинига икки-уч туртгандан кейин, Унсин бошини
кўтариб, бало-қазодай тикилиб турган додхога бир кўз ташлади-ю, яна бошини эгиб, лекин дадил
жавоб берди:
—
Жавоб берсангиз... Ганжиравонга кетсам... Битта гўрга битта пичоқ эмас, ўнта гўрга ўнта
пичоқ санчиб келаман... - деди.
Унинг мақсадини кундошлар дарров фаҳмлашди. Лекин додхо бундай гапни сира кутмагани учун
янглиш тушунди.
—
Тағин нима қиласан Ганжиравонда, бориб келганингга икки ой ҳам бўлгани йўқ-ку!
Нодирмоҳбегим сандал ичидан оёғини узатиб Унсиннинг болдирини чимчилади, кўзи билан
"хайрият, тушунмади, бас, гапирма", деб ишора қилди. Бироқ Унсин жонидан кечган кишининг
шижоати билан додхога тик қаради.
—
Йўқ, мен буткул кетсам дейман, жавобимни берсангиз демоқчиман.
Гапни айтган Унсину, бошқалар ўтирган жойида ерга қапишиб кетди. Бироқ додхо, ҳамманинг
кутганига қарши, қўлига қамчи олиб Унсинни "қаеринг қичиди"га солмади, аксинча, заҳарханда
билан бўлса ҳам, мулойим гапирди:
— Шунақами?.. Хўп, майли, айтганинг бўла қолсин, — деди ва бир оз ўйлаб туриб ғижинганини
яширолмай илова қилди: — Лекин гўристонга пичоқ эмас, қумғон олиб борасан.
Онҳазратим сағанаси олдида қумғон қайнатиб, битта чой дамлаб келасан, майлими?
—
Майли, майли! — деди Унсин кўзлари жавдираб, — лекин лафзингиздан қайтмасангиз...
Даҳшат (ҳикоялар тўплами). Абдулла Қаҳҳор
Do'stlaringiz bilan baham: |