II
Салтиларникида кечгача сафарга тайёрланиб — бир озгина патир
билан сомса ёпиб, кўча эшигининг чап биқинидаги катта кундадан
аравага ҳатлаган вақтларида қун ботиб борарди. Арава шаҳар ичидан
чиқиб, дала йўлига кирганда, кечанинг қора пардаси ер бетини ўраган
эди. Қор остидан чиққан ерлар, баҳорнинг салқин ҳавоси ва ёқимли
шабадаси остида мудрашиб ётардилар. Ой ҳали чиқмаган; фақат
кечанинг қоронғисига ўчакишган саноқсиз юлдузлар тепада туриб
машъалларини ёндирганлар, худди пешона оддида кўринган энг ёруғ
бир юлдуз, пиёз тўғраб ётган келинчакнинг кўзларидай, пирпираб
ёнарди.
Қизлар жим эдилар. Аравакаш зерикди шекилли, астагина ашула
бошлади. Унинг ашуласи ҳам хиргойидан нарига ўтмаганидан кейин
Абдулҳамид Чўлпон. Кеча ва кундуз (роман)
www.ziyouz.com
kutubxonasi
21
Салти кўтарилди:
— Ўлмасхон, бормисиз? Дурустроқ айтсангизчи! Салтининг яна
бир ўртоғи — Қумри унинг сўзини қувватлади:
— Ҳа, рост, шундай яхши овозингиз бор экан, шўх-шўх
айтмайсизми? Кенг далада қанча чўзсангиз, шунча кетади варанглаб...
Йигитча қулди. У, қоронғида секингина орқасига қайрилган эди.
Орқа сафдаги қизлар чимматини қўтариб ўтирганларидан уларнинг
юзларини сал-пал кўрса бўларди. Кулимсираб туриб, қизларга бир оз
қарагач:
— Орангизда донғи кетган ашулачингиз бор туриб, менга
осилганларинг қизиқ! — деди. — Биз, «сув бўлмаса таяммум»га
ярайдиган ашулачилардан...
Қизлар ҳаммаси Зебига қарашдилар. Ҳар томондан ҳар хил
овозлар чиқди:
— Ҳа, рост!
— Чинакам, индамай ўтирганимизни қаранглар-а!
— Ашулачи орамизда-ку.
Зеби «чурқ» этмасдан ўтирарди. Унинг мундай қилиши ҳам шу
хил таклифдан қўрққанидан эди. Албатта, ёш нарсанинг кўнглида
ўйнаш, кулиш ва хушвақтлик қилиш майллари бошқа ҳар нарсадан
қўра кучлик келади. Лекин Зеби шундай бир отанинг қизиким, унинг
қўлида ҳар қандай кучли майлларини ҳам юганлаб тутмоққа,
кўнгилнинг ҳар бир ҳавас ва тилагини кўринган жойида бўғиб
ташламоққа тўғри келади ҳам. Зеби шундай қилишга ўрганиб қолган.
Шунинг учун ҳам йигитнинг оғзидан ўз исмини эшитгач, бадани
дуркираб кетди. Сўнгра қизлар томонидан айтилган сўзлар уни
изтиробга туширди. Нима дейишни билмас эди. Ўйлаброқ жавоб
бермоқ учун кўнгилнинг талвасага тушмаслиги даркор. Ҳолбуки,
кўнгил ташвишда ва шу сабабли талвасада...
Аравакаш у ёғдан туриб:
— Ҳа баракалла, бор экансизлар-ку! Ўртага олинглар ашулачини!
— дегандан кейингина Зебининг тиллари қалдиради:
— Гаплашиб кетайлик. Шундай қоронғида!..
— Жин урармиди? — деди биттаси.
— Яхши эмас, шундай зим-зиё қоронғида... Гаплашиб кетайлик...
Абдулҳамид Чўлпон. Кеча ва кундуз (роман)
www.ziyouz.com
kutubxonasi
22
Ширин-ширин гаплардан...
Аравакаш унинг сўзини илиб олди:
— Ширин-ширин гап ўрнига ширин-ширин ашуладан бўлсин,
опа. Таърифингизни эшитиб, жигарларимиз лахта-лахта қон бўлиб
кетган...
Салти тегишди:
— Вой, товва-е! Лахта-лахта қон бўлганми? Жабр бўлган экан...
Аравакаш ҳам бўш келмади:
— Қон бўлган юракларни бир нафасда ёзиш сизларнинг
қўлингизда, опалар! Биз ҳам дунёга келиб бир яйрайлик-да!
Яна индамасдан ўтирган Зебига энди бу сафар Салти ялинди:
— Ўртоқжон, бир нарса десангиз-чи. Ҳамма баравар ташна экан...
Зеби ўртоғини астойдил койиб берди:
— Сиздан келган гап шуми, ҳали? Отамнинг айтганларини ўз
қулоғингиз билан эшитиб эдингиз-ку! Эшитиб-нетиб қолса, нима
бўлади? Билиб туриб...
Салти ўртоғини тўхтатди:
— Биламан, ўртоқжон, биламан! Отангизнинг гапларини бир
эмас, икки қулоғим билан эшитдим. Одамлар ичида, кўпчилик
орасида қистасам, мендан хафа бўлинг. Бу ер дала жой бўлса, одам
асари бўлмаса, кечаси — қоронғи бўлса, бир-икки жуфт айтиб
бермайсизми?
— Номаҳрамга эшитдириб-а?
Зеби бу сўзни чин кўнгилдан чиқариб ва жеркиб туриб айтган
бўлса ҳам, қизлар ҳаммаси бирдан кулишиб юбордилар. Яна ҳар хил
овозлар кўтарилди.
— Шу ҳам номаҳрам бўлибдими?
— Шу Ўлмасжон-а?
— Номаҳрам ўла қолсин...
Зеби чинакам ранжиган эди. Йиғламсирашга яқин бир овоз билан
Салтига:
— Мунақа қилишингизни билсам, келмас эдим... — деди.
Қизлар ишнинг бу томонга айланганига ҳайрон бўлишиб жим
қолдилар. Аравакаш:
— Эй, товба! Эй, товба! — деб ўз-ўзига сўзланиб, отни қаттиқ-
Абдулҳамид Чўлпон. Кеча ва кундуз (роман)
www.ziyouz.com
kutubxonasi
23
қаттиқ беш-олти қамчилади.
От қадамларини илдамлатиб, аравани гулдур-гулдур ғилдирата
бошлади. Ҳамма жим бўлди. Фақат Салти билан Зеби иккови бир-
бирлари билан пичирлашиб сўзлашардилар. Бу пичирлаш
натижасида, Салти ўртоғини тинчлатишга муваффақ бўлган, бунинг
устига яна, қизлар «ёр-ёр» бошлаганда, унинг қўшилажаги тўғрисида
сўз олган эди. Бир марта бошлангандан кейин ундан нариси ўзи кета
беради, деб ўйларди Салти.
Дарров қизларга томон бурилди:
— Қани, қизлар, ўзимиз «ёр-ёр» бошлаймиз!
— Ҳа, балли! — деди аравакаш.
Қизлардан жавоб кутиб ўтирмасданоқ Салти ўзи бошлаб юборди.
«Узун-узун арғамчи-ё...
Қизлар қўшилишди:
...Ҳалинчакка,
Чакан кўйнак ярашар
Келинчакка.
Чакан кўйнак енгига
Тут қоқайлик...»
Бир-икки байт ўтгандан кейин Зебининг тиниқ, ғуборсиз, жонон
пиёладек жаранглаб чиқадиган чиройли ва ўткир овози қўшилди. Бу
овоз, пешона устида пилпиллаган энг ёруғ юлдуз сингари, бошқа
овозлардан очиқ ажралиб турарди. Шу чоққача «ёр-ёр»га қулоқ
бериб, индамасдан, аста-аста отини қамчилаб кетаётган аравакаш бу
овоз чиқиши билан оғир бир «уҳ» тортди, қўлидаги қамчиси
дарахтдаги кузги япроқ сингари зўрға-зўрға бармоқларига осилиб
қолди...
Салтининг диди тўғри чиққан эди; энди, Зеби «ёр-ёр»ни ўзи ёлғиз
айтарди. Аравакаш билан бирга, қолган қизлар — ҳаммаси бир
қулоққа айланган эдилар. От бу гўзал овознинг ширин куйлари остида
бошини қуйи солиб, бўйнини аста-аста ликиллатиб битта-битта қадам
босарди... «Ёр-ёр»лар битиб, бошқа ҳар хил куйларга ўтилди, энди
Абдулҳамид Чўлпон. Кеча ва кундуз (роман)
www.ziyouz.com
kutubxonasi
24
Зебини тўхтатмоқ мумкин эмасди. Зотан, унинг тўхташини ким истар
эди, дейсиз? Далаларнинг кенг қучоқларидан учишиб келган майин
ша-бадалар қиз оғзидан чиққан унларни ўз қанотларига миндириб,
аллақаерларга, олисларга олиб кетардилар. Ҳов... йирокдарда
липиллаб кўринган қишлоқ чироғлари ҳам, тепадаги юлдузлар
сингари, шабада қанотлари билан келган чиройлик унларнинг завқи
билан маст бўлиб ёнардилар...
Зеби юрагида тугилиб ётган зўр тугунни ечиб юборган эди. Раззоқ
сўфининг совуқ юзлари унинг кўзларидан йироқлашганлар; насиҳат
йўли билан мингларча марта айтилган ва таъкидланган сўзлар
унутилган; совуқ сўфиларнинг «ҳаром» деган даъволари синиб,
парча-парча бўлган; «номаҳрамлик» сафсаталари от оёклари остида
янчилган; тўрт деворнинг бу тутқун қизи ўзига ўхшаган тутқунлардан
бошқа ҳеч бир гувоҳ ва тилчи бўлмаган шу кенг даланинг қулоч етмас
бағрида йиллардан бери тугилиб келган аламларини куйга
айлантириб, чексиз бўшлиқларга ёйиб юборган эди.
Арава якка қанотли кичкинагина бир эшик олдида тўхтаб,
аравакаш бола қамчи сопи билан эшикни қоққанда ва ичкаридан бир
кампирнинг ингичка ва жонсиз овози «Ким у?» деб сўраганда,
одамлар бир уйқуни урган эдилар...
Do'stlaringiz bilan baham: |