* * *
Бир томчи сув денгизга айланган бир кеча бўлди. Шу камбағал,
бебузат оиланинг иссиқ ва ҳалол қучоғига қишлоқ қизлари ва ёш
жувонларнинг ҳаммаси деярлик тўпланди. Бевосита қўшни бўлган
хонадонларнинг «ошини ошаб, ёшини яшаган» кампирлари ҳам
чиқишдилар. Бу кеча, ҳатто, шаҳар қизларига пойлоқчи бўлиб келган
уйқучи кампирга ҳам жон кирди. Унинг жонланганини кўрганлар
ихтиёрсиз ёйилиб кулар ва чин кўнгилдан севинардилар. Бир эмас,
икки дутор ва икки яхши дуторчи, бир нечта ўйинчи, Зебихондан
Абдулҳамид Чўлпон. Кеча ва кундуз (роман)
www.ziyouz.com
kutubxonasi
34
бошқа яна иккита овози дурустгина ёш жувонлар келишди.
Дастурхонга қараган киши бўлмади; ҳеч ким бу фақир ва содда
ҳашамат ичида такаллуф ахтармас, кўнгилнинг хурсандликларга
бўлган кетсиз майлини қондириш билангина овора эди. Шунинг учун
бўлса керак, дастурхон устида дув-дув гаплашиб, айвонни овозга
тўлдириб ўтирган киз-жувонлардан ҳеч бири ўнг биқинида ёнма-ён
ўтириб, зўрға дастурхонга қўл узатган мингбоши ойимларнинг «шу
ҳам меҳмондорчиликми?» деган маънида бир-бирига қараб лаб
буриштирганларини пайқамади. Дастурхон йиғилгандан кейин базм
бошланди; шундан кейин ҳамма ўзини унутди, ҳамма ёш болага
айланди.
Уч овозлик қизга яна бир нечтаси қўшилиб, ялла оҳанги кўкларга
кўтарилгандан
кейин
кишлокнинг
паст-паст,
йиқиқ-ёриқ
деворларидан осонгина ошиб ўтиб, битта-яримта йигит-яланг ҳам
тўплана бошлади. Улар хира ёнган чироғчанинг ёруғи зўрға-зўрға
етадиган жойларда — айвоннинг икки ёнида чўнқайиб ўтиришган,
нафасларини ичларига олган эдилар. Улар орасида Холмат билан
аравакаш бола ҳам бор, улар иккови катта тут ёғочига суяниб, тикка
турардилар. Холмат ҳавас билан қизиқиб қараса-да, унинг кўнгли
тамом бетараф эди, фақат аравакаш йигит шунча тўполон-ялла
орасида Зебининг овозидан бошқа овозларни, нечиқдир, фарқ
этолмасди. У овозни эшитиш билан кўнглининг чуқур жойларидан
хуруж қилиб келган аллақандай тотли бир севинчи яширолмади:
— Зебинисанинг овозини айтаман, Холмат ака... — деди у, ўзи шу
сўзни айтганидан кейин, негадир, бир оз қизара тушиб, ерга қаради.
— Чакки эмас! — деди Холмат. Сўнгра сўради: — Оти
Зебинисами?
— Ҳа, Зебинисахон!
Йигитчанинг шу «хон» деган қўшимчасида «менинг Зебинисам»
деган маънода бир мақтаниш, бир ғурур оҳанги бор эди. Бу оҳанг
жуда очиқ эшитилган бўлса керакки, Холмат дарҳол фаҳмига борди
ва «а, ҳароми-ей!» дегандай қилиб унга қарагач:
— Юракдан урган экан-а!.. — деди.
Йигитча бу сўздан ўнғайсизланди ва тона бошлади:
— Йўғ-е, овози соз дейман-да, овози! — деди, лекин тили
Абдулҳамид Чўлпон. Кеча ва кундуз (роман)
www.ziyouz.com
kutubxonasi
35
гапиргани билан юраги «ёлғон, ёлғон» деб турганини ўзи ҳам билар,
Холматнинг ишонмаслигига ақли етарди. Шунинг учун масалани
чуқурлаштирмасдан, сўзни бошқа томонгароқ буришни эп кўрди: —
Овозига нима дейсиз, чинакам қиёмат-а? — деди Холматга
— Ҳа, овози жойида. Салтанатхонди ўртоғими?
— Энг яқин ўртоғи.
— Кимнинг қизи ўзи?
— Раззоқ сўфи деган бир одамнинг...
— Раззоқ сўфи?
— Ҳа, Раззоқ сўфи. Худо берган лекин сўфига!
— Харидори ҳам кўпдир?
— Совчининг кўплигидан остонаси ейилиб кетган, дейдилар...
Билмадик, қайси толеи баландга насиб бўлар экан!
— Худодан тилаб туринг, «ноумид шайтон», деган гап бор...
Шу сўзларни айта туриб, Холмат ҳам йигитчага шайтон қараши
билан қаради.
Бу вақтда ашулачи қизлар ялладан тўхтадилар, ингичка-йўғон аёл
овозларидан иборат кучлик бир хорнинг:
— Бор бўлсинлар! — деган олқиши юксалди. Эркаклар ўз
олқишларини ичларида сақламоққа мажбур эдилар. Уларнинг
тўпланганларини бир-иккита кампирдан бошқа ҳеч ким билмас эди.
Ялла битгач, баъзи кизлар ўринларидан туриб, у ёқ-бу ёққа
жилишдилар, баъзилари ўчоқ бошига чой олгали кетдилар, баъзилари
жойларини алмаштириб, яқин кўрган ўртоқларининг ёнларига ўтиб
ўтирдилар. Энди эркаклар ҳам ўзларини орқароқ олмоққа мажбур
эдилар, улар ҳам жилишдилар. Меҳмонлардан Қумрихон бирданига
тутнинг тагига бориб қолиб, у ерда икки эркакнинг ўзига қараб кулиб
турганини кўргач, «вой, ўла қолай!» деб, уялиб орқага қайтди. Яна
Салтининг ёнига бориб ўтиргач, пичирлабгина:
— Теварагимизни шундоққина қишлоқ йигитлари ўраб
олишибди. Билмасдан тутнинг тагига бориб қолсам, иккитаси менга
қараб бақрайиб турибди... Биттаси ўзимизнинг аравакашми...
Бу вақтда бу иккала қизнинг нималар деб пичирлашаётганидан
васвасага тушган Зеби секингина бўйнини чўзиб, гапга қулоқ солди.
У фақат Қумрининг сўзини — «биттаси ўзимизнинг аравакаш...»
Абдулҳамид Чўлпон. Кеча ва кундуз (роман)
www.ziyouz.com
kutubxonasi
36
деган сўнгги сўзини эшитиб олди. Юраги ўйнади... ва дарҳол бурилиб
ташқарига қаради. Чироғнинг хира ёруғида кампирларнинг ивирсиб
юрганларини кўрди. Бошқа ҳеч нарса кўринмасди. Юрак ўйнаши
босилмади. Лаблари титрамоққа бошлаган эди... Бирданига ўрнидан
турди; қизлар йўл бўшатдилар, уларни оралаб ўтди. Айвондан чиқиб
олгунча ҳамманинг кўзи унда эди, айвондан саҳнга тушгач, қизлар
яна ўз суҳбатларига машғул бўлдилар. Саҳнда уни пойлоқчи кампир
қарши олиб, пешонасидан ўпди:
— Илоҳим, ёмон кўздан сақласин, болам! — деди. Иккала
кўзидан яна бир мартадан ўпгач, ичкари уйга томон бурилди.
— Ҳа, хола, уйда нима қиласиз? — деб сўради Зеби.
— Ухлайин, болам, мен қари нарса, ярим кечагача ўтироламанми?
Сизлар ёш-яланг, ўйнаб-кулиб кўнгилларни ёзинглар. Мен ором
олай...
Пойлоқчининг бу хислати ҳаммага маъқул эди. Айниқса, шу
топда кўнгли аллақайларга тортаётган Зеби учун бир хил эзма
кампирлардан кўра бу — камгап, серуйқу кампир яхши эди.
Юраги урган ҳолда битта-битта босиб, қоронғиликка кирди. У ҳам
тут тагига — катта сўрининг ёнига бораётир эди. Қоронғида турган
аравакаш йигит ёруғ томондан келаётган қизни таниди, бирданига:
— Ана, ўзи келаётир! — деб қичқирди.
Унинг бу қичқириши ихтиёрсиз бўлган эди. Аллақачонлар
масаланинг фаҳмига бориб қолган Холмат шу топда йигитчадан
йироқлашувни эп кўрди. Унга маънолик қараш билан кулимсираб
қараб, елкасига бир-икки ургач:
— «Умидсиз шайтон», дедим-ку, ука... Мана, биз кетдик... — деди
ва қуюқ қоронғиликка кириб, йўқ бўлди.
Йигит эса Холматнинг бор-йўғини фарқ этолмайдиган ҳолдайди.
Шундай пайтларда оғиздан ихтиёрсиз чиқиши лозим бўлган «бор
бўлинг», «ўлманг» каби миннатдорлик сўзлари ҳам эсга келмасди. У,
юрагини ҳовучлагани ҳолда, ихтиёрсиз, қари тутнинг йўғон баданига
ёпишди...
Зеби йигитчанинг «Ана, ўзи келаётир!» деган сўзларини эшитган
эди. Агар эси ўзида бўлса, у ҳам Қумри сингари «Вой, ўла қолай!» деб
қайтиб кетиши керак эди. Ҳолбуки, у ўзини билмасдан ва ҳеч нарса
Абдулҳамид Чўлпон. Кеча ва кундуз (роман)
www.ziyouz.com
kutubxonasi
37
ўйлаёлмасдан, телба қадамлар билан битта-битта босиб, илгари
юрарди... Унинг оёқлари аллақандай ёмон бир кучнинг афсунига
илашганлар, ўша кучнинг судраган томонига борардилар. Ёш қиз ўз
кўнглининг биринчи марта ўзига бегоналашганини, ўзидан бошқа бир
кучнинг кўнглига эгалик қилганини сезарди...
Зеби теграсига бир кўз югуртиб олгач, қадам босишини
секинлатиб, катта тутнинг ўнг томонида тўхтади. Йигитча чап
томонда эди.
Иккаласи ҳам анчагача жим қолдилар. Қайси бири олдин гап
бошлашни ва нима дейишни билмасди. Ниҳоят, йигитча бир гап
топган бўлди.
— Бугун саҳар... аравани қўшаманми?
— Нимага?
— Кетмаймизми?
Зеби жавоб беролмай қолди... Бу саволга жавоб бўлгундай бир сўз
унинг шу топда жуда ёмон ғовлаб кетган миясига яқин келмасиди.
Сўзга-сўз қайтармоқ учунгина:
— Шошилтириб нима қиласиз? — деди ва сўзларнинг ўз оғзидан
узилиб тушиб борганини сезди. Шу топда ўз овози ҳам ўзига ёт эди,
шу сўзларни айтаётган овоз унинг ўз қулоғига сойнинг нариги
бетидан келаётгандай эшитиларди.
Йигитча ўзини тўхтатиб олган эди. Энди у дадилланиб ва кулиб
туриб, қўлини тутнинг ўнг томонига узатди. Фақат иккаласининг
ораси анча йироқ бўлганидан бошқа бир қўл унинг қўлига уринмади.
Ҳолбуки, Зеби бировнинг қўл узатганини пайқайдиган ҳолда эмасиди.
Йигитча Зебидан муқобала кўрмагач, қўлини тортиб олди ва энди, бу
сафар бўйнини эгиб, икки кўзи билан қизни ахтараркан, қувноқ бир
овоз билан.
— Ҳали бир-икки кун ўйнаймизми? Отга дам берамизми? — деди.
Зебидан жавоб бўлмагач, илова қилди:
— Хайр, майли, сизлар қачон «қўш», десанглар шунда қўшаман.
Зеби тутга суянган, ўзининг қайда турганини унутаёзган, шунча
гапга бир оғиз жавоб бермасдан, оғир ўйларга толган эди. У шу топда
ўзининг яқин келажакдаги қора кунларини, қай рангда кўриниши
маълум бўлмаган бахти, толеини ўйларди. Унинг бутун бахти Раззоқ
Абдулҳамид Чўлпон. Кеча ва кундуз (роман)
www.ziyouz.com
kutubxonasi
38
сўфининг жоҳил вужудига боғли эмасми? Ўша совуқ сўфи шу қувноқ
жонни ва сайроқ қушчани истаган вақтида бахтли ёки бахтсиз эта
олмайдими? Унинг бир оғиз «ҳа» ёки «йўқ» дейиши қиз бечоранинг
беҳад қувнаб яйрашига ёхуд, хазон япроғидай, бир нафасда сўлиб,
нобуд бўлувига ярамайдими? Қиз шўрлик, у бир умр қовоғи ўйиғлиқ
ва юзи кулмас отадан ҳеч бир хайрият кутмайди. Отаси тўғрисида
ўйлаган вақтида ўзини ўлимга маҳкум бир одам, отасини
маҳкуманинг жаллоди каби кўради... ва титрайди! Бу қишлоқ саёҳати,
аравакаш йигитча билан тасодифан танишиб қолиши, шу танишув
орқасида кўнглида сезгани бесарамжонликлар бечора қизни
ҳалигидек қора ўйларни ўйлашга мажбур қилган эди. У хил қора
ўйлар унинг учун янги эмас, албатта. Ёши балоғатга етиб уйлари
совчиларнинг қатнов йўлларига айланганидан бери у шўрликнинг
қора ўйларга ботмаган куни йўқ! Фақат ширин бир умид билан, кўзда
кўрилиб, қўлда тутилган — нақд бир умид билан бирга келган қора
ўйлар қиз бечорани ёмон эзиб ташлайди! Бир-икки кундан бери
ашула, ўйин деганда ўзини билмас даражада берилиб кетиши, шу
изтиробларнинг ҳордиғини чиқариш учун эмасми?
Кўнглига оғир ташвишлар солган йигитчанинг шундай
ёнгинасида жуда ширин хаёллар билан бирга жуда қора ўйларга
ботиб турган вақтида бирданига айвон томондан бир овоз эшитилди:
— Ҳай, нима бу ҳаммаёқ жимжит бўлиб қолди? Зебинисахон
қанилар? Салтанатхон, айланай, ўртоқжонингизни топмайсизми?
Яна бир овоз эшитилди:
— Рост-а, ҳаммаёқ музлаб кетди! Ҳай, қизлар, сизга нима бўлди?
Бирдан бир неча овоз кўтарилди:
— Зебинисахон, Зебинисахон!
Қизлар ўринларидан туриб, у ёқ-бу ёққа юришиб қолдилар.
Бу қичқиришлар ҳар қандай оғир уйқудан уйғотишга ярардилар,
Зеби ҳам ярим мастлик ҳолатидан сесканиб уйғонди ва апил-тапил
жавоб қилди:
— Мана мен... Ҳозир бораман... ҳозир...
Фақат бу сафар унинг овози касал одамнинг овози сингари
дармонсиз ва жонсиз чиқарди. Йигит буни англади ва тезгина:
— Боринг, бемалол ўйин-кулгингизни қилинг! Ҳеч нарсадан
Абдулҳамид Чўлпон. Кеча ва кундуз (роман)
www.ziyouz.com
kutubxonasi
39
қўрқманг, ҳеч бир ғам ея кўрманг! — деди. Сўнгра дарҳол ўзини
тутнинг панасига олди.
У ёқдан бир-икки қиз югуриб келиб, Зебини етаклаб кетишди.
Шуларнинг бири мингбошининг кичик хотини Султонхон эди.
Бу сафар фақат ўйин бўлди. Ёш жувонлар ва қизларнинг
ҳаммасини деярлик тортдилар. Шаҳарликлардан яхши ўйнаган Қумри
бўлди. Қишлоқ қизларидан икки-учтаси яхши ўйнадилар. Ҳатто
кампирларни ҳам тортдилар. Энахоннинг онаси, ўзи пакана ва унинг
устига букчайган кампир, ўйин қилган бўлиб ҳаммани кулдирди.
Энахонни кўндира олмадилар. У «мен хизматларингдаман», деган
баҳонани қилди. Мингбошининг қизи бир-икки айланиб тўхтади,
кичик хотини эса кўнмади, уни кўп ҳам зўрлай олмадилар. Зеби эса
дуторчилар ва ашулачилар билан бирга енгил-енгил яллалар қилиб
турди. Ўйни тамом бўлиб, палов дастурхони ёзилганда, ой анча
баландга кўтарилган эди. Ошдан сўнг қишлоқ қизларидан ўзига
дурустроқ бир деҳқоннинг қизи ўрнидан туриб:
— Эртага меҳмонларни биз кутамиз, — деди. Шундан кейин
мингбошининг кичик хотини Султонхон катта кундошининг қизи
билан гапни бир жойга қўйиб, ўрнидан турди ва Энахонга томон
юзланиб:
— Бўлмаса, меҳмонларингиз индинга бизникида бўлишади, —
деди, — тузукми? Энди бизга рухсат!
У кундошининг қизи билан бирга айвондан пастга тушиб,
кавшини кия бошлагач, бошқа қизлар ҳам битта-битта ўринларидан
турдилар. Шундай қилиб, бу қиёмат йиғин кеча ярим бўлганда, "гув-
гув" билан тарқалди.
Do'stlaringiz bilan baham: |