www.ziyouz.com kutubxonasi
50
—
Йўқ, унчалик эмас. Фақат бораётиб зарб билан сурилиб кетган-у, кўндаланг бўлиб
қолган, холос.
—
Ундай бўлса ҳозир жўнаб кетаман, йўлда турмайман! — деб ўзимга итоат қилмай қўйган
қалтироқ қўлларим билан моторни юргизмоқчи бўлиб стартёрни босишга уриндим.
—
Тўхта! — деб у мени маҳкам қучоқлаб олди. — Майнабозчилик етар. Чиқ бу ёққа. Тонг
отгунча ухлаб ол-чи, эртага уёғини яна кўрармиз...
У мени кабинадан тортиб чиқарди.
—
Камол, сен йўл тирбанд бўлиб қолмасдан машинани чеккага чиқариб қўй, кейин нима
бўлганини аниқлармиз! — деди у ҳамроҳига, ўзи бўлса қўлларимни бўйнига солиб, қоронғида
қаёққадир етаклади. Биз узоқ юрдик, у одам мени жимгина етаклаб борар-ди, мен иложи борича
ўзим юришга ҳаракат қилардим, бироқ тезда толиқиб қолавердим, шунда у одам яна қўлтиғимга
кириб етаклашда давом этарди. Шу йўсинда биз аллақандай хонадонга етиб келдик. Бояги киши
қўлтиғимдан тутиб туриб, уйга киришимга ёрдамлашди. Кираверишдаги хонада керосин чироқ
ёниб турарди. У киши мени табуреткага ўтқазиб, устимдан калта пўстинимни еча бошлади.
Шундагина мен унинг юзига қарадим. Уни танидим. Бу йўл тузатувчи уста, довонда машинани
шатакка олганимда учрашган ўша Бойтемир эди. Мен жуда уялиб кетдим, лекин шунга қарамай,
севиндим ҳам, энди узр сўраб, ташаккур изҳор этмоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган ҳам эдимки, шу
пайт полга бир нима тарақлаб тушди. Мен қайрилиб қарадим ва елкаларимдан улкан тош босиб
тургандек ўрнимдан хиёл кўтарилдим. Остонада, сочилиб ётган ўтинлар олдида тошдек
серрайиб қотиб қолган Асал турарди.
—
Бу нимаси? — деб пичирлади у. «Асал!» — деб қичқириб юборишимга сал қолди, аммо
унинг яқинлашмай, бегона қиёфада тикилиб турганидан оғиз очолмай қолдим. Уят ва номусдан
ўт бўлиб ёниб, бошимни қуйи солдим. Хонага бир зум юракни ёриб юборгудек оғир сукунат
чўкди. Агар Бойтемир бўлмаганида, билмадим, нима бўларди. У ҳеч нарса бўлмагандек
бамайлихотир мени ўрнимга ўтқазди.
—
Ҳеч нарса бўлгани йўқ, Асал, — деди у хотиржамгина. — Шофёр бир озгина
шикастланибди, тузалиб кетади... Сен, яхшиси, йод берсанг бўларди бизга...
—
Йод? — энди унинг овози ўз ҳолига қайтган, майинлашган ва ташвишли эди. — Йодни
қўшнилар олиб кетишган эди... Ҳозир олиб чиқаман! — дея Асал эс-ҳушини йиғиб олди-да,
югуриб ташқарига чиқиб кетди.
Мен қимир этмай, лабларимни тишлаганимча ўтирардим. Кайфим тарқаб, бир зумда
ҳушимга келиб қолдим... Энди чакка томирларим лўқиллаб ура бошлади.
—
Аввал ювиш керак, — деди Бойтемир пешонамдаги шилинган жойларни кўздан
кечираркан, кейин челакни кўтариб ташқарига чиқиб кетди. Қўшни хонадан кўйлакчан,
ялангоёқ, беш ёшлар чамасидаги бир бола мўралаб қарарди. У ётган жойидан туриб келган
бўлса керак, катта-катта синчков кўзлари билан менга термилиб боқарди. Мен уни дарҳол
танидим. Қандай таниганимни ўзим ҳам билмайман, ҳар қалай, ўғлим эканини сездим, қалбим
сезди буни.
—
Самад! — деб шивирладим кутилмаган учрашувдан овозим бўғилиб ва унга қараб
интилдим. Шу пайт остонада Бойтемир пайдо бўдди, мен уни кўриб, негадир бир чўчиб
тушдим. Чамаси, ўғлимнинг отини атаб чақирганимни эшитиб қолган бўлса керак. Худди
ўғирлик устида қўлга тушгандек, ўзимни жуда ноқулай сеза бошладим. Хижолат
тортаётганимни сездирмасликка интилиб, пешонамдаги шилинган ерни қўлим билан
бекитганимча:
—
Бу сизнинг ўғлингизми? — деб сўрадим. Нега шунақа деб савол бердим-а? Бу хатоим
учун ўзимни ҳозиргача кечира олмайман.
—
Менинг ўғлим! — деди мезбонга хос хушмуомалалик билан Бойтемир. У қўлидаги
челакни полга қўйди-да, Самадни кўтариб олди. — Менинг ўғлим, албатта, ўз ўғлим, шундай
Чингиз Айтматов. Сарвқомат дилбарим (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |