www.ziyouz.com kutubxonasi
40
Катта тошойнадан унга газ мастери Бегимқул эмас, камида фан кандидати, ҳатто ёш
профессорларга ўхшаб кетадиган, қадди-қомати кетворган, салобатли ва айни замонда
хушсурат бир йигит мағрур жилмайиб қараб турар эди! Силлиқ таралган ва тўлқинланиб
елкасига тушиб турган қоп-қора қалин сочлари эса уни ҳатто ёш рассом ё хотини танийдиган
кибор композиторларга ўхшатар эди!..
Энг муҳими, бу ўхшашлик, чиройини очиб, сало-батига салобат қўшган бу янги қимматбаҳо
либос Бе-гимқулнинг дилидаги бояги изтироб, бояги ишончсизликни тўзғитиб юборди.
Ҳақиқатан, бунча изтироб чекадиган нима гуноҳ қилди у? Айби... Ҳикмат лапашангга
тўқсон сўм қарз бермаганими? Бермаса нима бўпти? Бу латтачайнар шумшукнинг унга ўтказиб
қўйган жойи борми? Агар хотини шу ишни деб, ундан аразлаган бўлса... Э, ундан нарига
кетмайдими! Бегимқул унга ялинадиган жойи йўқ! Ўн гулидан бир гули очилмаган йигит,
Нилуфардан юз марта яхши, юз марта кўҳлик, ҳали онаси ўпмаган қизни топиб олади! Ҳали
истаган қизни «гаҳ» деб қўлига қўндира олади Бегимқул! Фақат... ҳозирча уни қайтариш керак.
Чунки... агар мабодо ажрашадиган бўлсаям, бугунгидай у Бегимқулни эмас, Бегимқул уни рад
этмоғи, аввал тиз чўктириб, тавбасига таянтириб, кейин уйидан ҳайдаб чиқармоғи керак уни!
Бегимқул галстугини тўғрилаб, кўзгудаги ўз аксини яна бир кўздан кечирди-да, полда
бодраб ётган шиша синиқларини патир-путур босиб, уйдан чиқди.
10
Ўша куни Ҳикматилло ҳам ухлай олмади. Ҳеч кутилмаган бир пайтда Нилуфарнинг келиши,
пул таклиф қилиши, у рад этгандаги аянчли ҳолати, бирдан ўксиб кўзига ёш олиши... бунинг
ҳаммаси унинг хаёлини алғов-далғов қилиб юборганди...
Тўғри, Ҳикматилло унинг пулини ололмас эди. Агар ая қувурконга асраб қўйган етмиш
сўмини бермаганда ҳам, агар пулсиз ва билетсиз қолганда ҳам, Ҳикматилло Нилуфардан пул
олмас эди! Лекин... ҳўкиз бўлмасанг шундай муомала қиласанми ахир? Дарди йўқ кесак, ишқи
йўқ эшак деганларидек, унинг ҳоли-руҳиясини кўриб туриб, аёллик ғурури, иззат-нафсини пой-
мол қилиб бўлса ҳам, уни деб келганини сезиб туриб, тошбағир бир тўнка бўлмасанг, пулини
олмасанг ҳам тузукроқ гаплашмайсанми? Кўнглини оғритмай, эҳтиёткорлик билан жавоб
бермайсанми? «Раҳмат?! Пул топдим. Бекор овора бўпсиз» эмиш! Қойилман-е, сендай йигитга!
Ҳикматилло эртага учиб кетмаса ҳам бир сари эди. Бир кун бўлмаса бир кун пайт топиб,
кечирим сўрар, кўнглини овлар эди. Лекин у эртага кетади. Кетгунча уни қаёқдан топади?
Топганда ҳам... Йўқ, энди қулай бир пайт келмагунча у билан гаплашишнинг иложи бўлмайди.
Кеча шундай пайти келганда... чиндан ҳам ҳўкизлик қилди, чиндан ҳам қишлоқилик қилди!
Ҳикматилло тонг отгунча шу алпозда ўзи билан ўзи олишиб, ўз ёғида ўзи қовурилиб чиқди.
Шунинг учун ҳам бўлса керак, кеча трамвайда учраган пучуқ йигит эрталаб азбест қувурни
олиб келганда... худди сувга ғарқ бўлаётган одам чўпга ёпишгандек, Ҳикматилло ҳам ишга
ёпишди.
Кампирнинг уйида турадиган қизлар ҳали ўқишга кетмаган эди. Ҳикматилло уларни ҳам
ишга солди. Пучуқ йигитча айтгандек, қувурни ўрнатиш қийин эмас эди. Ҳикматилло олдин
стропил ёғочларини арралаб, қувурни қаттиқ сиқиб турадиган қилиб иккита темир қокди,
сўнгра қолган икки темирни икки ёнига кўнда-ланг қўйиб, сим билан чандиб ўрадида, омбур
билан маҳкам тортиб қотирди, кейин шиферларни қоқди-да, қувурга тунука қалпоқча кийдириб,
атрофини яхши-лаб цементлади, вассалом! Бу орада ая сабзи-пиёз тўғраб, яна ошга киришиб
кетди. У дам ўчоқ бошига чопар, дам қайтиб келиб, Ҳикматиллонинг ишини кузатар, «Вой,
айланиб кетай, сўйлоққинам, қўли гулда бўтамнинг, қўли гулда!» деб айланиб-ўргилар, яна ҳар
сафар: «Қоғозига қараб ишла, пожарний меҳнатингни йўққа чиқариб, қайта буздириб юрмасин,
сўйлоқжон!» деб, қўшиб қўйишни ҳам унутмас эди. Қизлар:
Одил Ёқубов. Биллур қандиллар (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |