XVI боб. Иккиланиш
Сўнгги лаҳзаларда бошим қаттиқ нарсага урилди. Қизиқ. Мен чўкиб
кетяпман деб ўйлагандим. Лекин оқим ҳамон сусаймаган, ҳар томонга ирқитар ва
ҳар сафар икки курагим орасига қаттиқ зарба келиб тушарди. Ўпкам сувга
тўлганидан куйдириб ачишар, атрофимда тўлқинлар гир айланса-да, мен жойимда
қотиб қолгандек эдим.
― Нафас ол! ― хавотирга тўла овоз менга буюрарди. Бу Эдварднинг товуши
эмаслигини сезиб ичимдан нимадир узилгандек бўлди. Буйруқни бажаришга
ҳолим йўқ эди, оғзи-бурнимдан шаршарадек отилаётган сув нафас олгани
қўймасди. Елкамга яна бир зарба урилгач, сув яна нафас йўлларимни тўсиб қўйди.
― Нафас ол, Белла, бўла қол, — йиғламоқдан бери бўлиб ўтинарди Жейкоб.
Кўзимни қоплаган қоп-қора тўр қуёш нурини тўсиб атрофни зимистон этганидан
ҳеч нимани кўрмасдим. Жейкоб яна икки курагим орасига урганида, ниҳоят
боядан бери қояга урилмаётганимни, атрофимдаги оқим шовқини ҳам аслида
фақат миямда акс-садо бераётганини тушундим. Бошим қаттиқроқ айлана
бошлади. Балки аллақачон нариги дунёдадирман, атроф зулмат билан
қопланганидан бу хаёлим ўзимга ҳақиқатга яқиндек туюлди.
Жейкобнинг қўлида латта қўғирчоқдек осилиб кетарканман, ҳозир ўзим ётган
қирғоққа қарадим. Қоп-қора тўлқинлар менинг омон қолганимдан норози бўлиб
исён қилаётгандек қирғоққа бор кучи билан уриларди. Узоқ-узоқлардан эса қоп-
қора сув сатҳида олов учқунлари кўзимга ташланди. Бу ғалати ҳодисадан ҳайрон
бўлиб, ҳали яхши ҳушимга келмадим шекилли деб ўйладим.
― Мени қандай топдинг? ― сўрадим Жейкобдан хаёлларимни йиғиб.
― Сени қидириб юргандим, ― деди у оддийгина қилиб. — Пикапинг изи
бўйлаб кетавердим, кейин қичқирганингни эшитдим... ― унинг овози титраб
кетди. ― Нега қоядан сакрадинг, Белла тўфон бошланаётганини сезмадингми?
Мени кутиб турсанг бўларди-ку?
― Кечир, аҳмоқлик қилдим.
― Ростдан ҳам аҳмоқона иш. Илтимос, бундан буён мен ёнингда
бўлмаганимда ўзингни қалтис ишлардан тийиб юргин... Йўғимда қоядан
сакрашинг мумкинлигини ўйласам, диққатимни жамлаб, ишлолмайман.
― Хўп... — итоаткорона рози бўлдим. Овозим эски кашандаларникидек
хирқираб чиқди. — Бугун нимадир бўлдими, уни топдингларми?
― Йўқ, — бош силтади Жейкоб югуришдан тўхтамай. ― У сувдан чиқмади.
У сувга тушиб олса, изини йўқотамиз. Пляждалигингни ўйлаб, уйга
шошилгандим...
― Сэм сен билан келибди... бошқа болалар-чи, улар ҳам уйдами? Барчалари
қидирув ишларидан соғ-омон қайтганидан умидвор эдим.
@Elektron_kitoblar_Uz kanali uchun
― Шунақа деса ҳам бўлади... ― деди Жейкоб. Юз-кўзидан нимадандир
қаттиқ хавотирдалиги сезилиб турарди.
― Боя Сэмга касалхона ҳақида гапиргандек бўлдингми, ҳеч ким
жароҳатланмадими?... У билан жанг қилдингларми? — овозим борган сайин
пасайиб борарди.
― Йўқ. Уйда Эмили ёмон хабар билан кутиб олди. Гарри амакининг юраги
хуруж қилиб қолибди...
Юрагим тўхтаб қолгандек бўлди.
― Нега... ― дедим нима дейишни билмай. ― Дадам биладими?
― Ҳа. Менинг дадам ҳам ёнида.
― Гарри тузалиб кетади... Тўғрими?
― Тузаладиганга ўхшамаяпти, — Жейкобнинг қовоқлари осилди.
Бирдан ўзимни айбдор ҳис қилдим. Агар ўзимни қоядан ташламаганимда
ҳозир ҳаммани ташвишга қўймаган бўлардим. Сакрашга топган вақтимни-чи...
Жейкобнинг уйига етиб келганимизни сезмай қолибман.
― Шу ерда ўтириб тур, — деди у мени креслога секин ўтқизаркан. — Ҳозир
сенга кийим топиб келаман.
Бир зумдан кейин Жейкоб бир қучоқ кулранг кийимларни олиб келиб
тиззамга ташлади.
― Сенга катта келса керагу, лекин топганим шу бўлди, — деди у ва мени
бемалол кийиниб олсин деб ташқарига йўл олди.
― Мен уйга кетишим керак, — дедим зўрға ўрнимдан қимирлаб.
― Ҳозир. Мен машинангни олиб келай, кейин уйингга элтиб қўяман, шундай
дея Жейкоб шошиб чиқиб кетди.
@Elektron_kitoblar_Uz kanali uchun
― Шошма, — дедим унга. Лекин Жейкоб бармоғини лабига теккизиб “жим”,
деди ва қулоғини динг қилиб атрофга қулоқ сола бошлади.
― Оҳ, жин урсин, ― пишқирди у қаттиқ мушт егандек оғир нафас олиб.
Кейин дарров эшикни қайта ёпди ва машинани ўт олдира бошлади.
― Нима бўлди?
― Вампир,— деди у рулни бура туриб.
Бошим айланиб кўзим тиниб кетди.
― Қаердан билдинг?
― Унинг ҳидини сезяпман. Жин урсин! Ҳозир ҳужум қилсамми ёки чалғитиб
бу ердан олиб кетсамми? - шивирлади у ўзига-ўзи қоронғу кўчани кўздан
кечираркан. Кейин қўрқувдан тахтадек қотиб қолган менга кўзи тушиб, — Майли,
узоқроққа олиб кетамиз, — деди.
Кескин бурилган пикап чироқлари уйимиз атрофини ёритар экан, таниш
машинага кўзим тушди.
― Тўхта! ― қичқириб юбордим шошиб.
Қадрдон қора "Мерседес"ни кўзимни юмиб ҳам таний олардим. Бу
Карлайлнинг машинаси эди. Жейкоб гапимга қулоқ солмай, машинани учириб
кета бошлади.
― Тўхта! ― дедим, жон ҳолатда рулга ёпишиб. ― Қайтар, бу Виктория эмас.
Мен қайтишим керак.
Жейкоб тормозни қаттиқ босганидан бошим билан машина ойнасига
урилдим.
― Нима? — сўради у менга даҳшат билан тикилиб.
― Бу Карлайлнинг машинаси. Калленлардан кимдир келган, кўнглим сезиб
турибди.
Қувончдан чақнаб кетган кўзларимга тикиларкан, Жейкоб безгак тутгандек
титрай бошлади.
― Жейк, ўзингни бос, тинчлан. Ҳеч қандай хавф-хатар йўқ, кўряпсанми?
― Ҳа, тинчланишим керак... ― оғир нафас олиб бошини эгди.
― Карлайл келган бўлса керак, ёки Эсми келдимикан?... Ичимга кирган
титроқни боса олмай ўзимни койирдим. Аниқ Карлайл келган, бошқасидан умид
қилмаслигим керак.
― Уйингда вампир ўтирганини била туриб... — Жейкоб сўзларининг
қаттиқлигини текширмоқчидек тишининг орасидан вишиллади. — У ерга
қайтмоқчимисан?
Мен “Мерседес”дан кўз узсам уни йўқотиб қўядигандек:
— Албатта, — дедим.
Жейкобнинг кўзлари аламдан қисилиб кетди, у менинг хоинлигимдан қаттиқ
ранжиганди.
― Бу тузоқ эмаслигига ишончинг комилми? — сўради у оғир хўрсиниб.
@Elektron_kitoblar_Uz kanali uchun
― Албатта. Бу Карлайл дедим-ку, машинани уйга қайтар.
― Йўқ, — деди у қайсарлик билан.
― Жейк, ҳаммаси жойида бўлади...
― Йўқ. Ўзинг қайт, Белла... — уни бир умрга йўқотаётганимни ҳис қилиб
юрагим музлаб кетди. — Қулоқ сол, мен қайтиб бора олмайман, чунки у ерда
менинг душманим ўтирибди...
― Ҳозир замон ўзгарган-ку, қўйсанг-чи.
― Ҳозироқ Сэмга хабар бераман. Биз уларнинг ҳудудида қўлга
тушмаслигимиз керак. Хайр, Белла, жонинг омон қолишига умид қиламан, —
деди у ва машинадан сакраб тушиб югуриб кетди. Унинг ортидан қичқиришга ҳам
улгуролмай қолдим.
Жейкобга ноҳақлик қилдим деб пушаймондан ич-этимни еб бир лаҳза
ортидан қараб қолдим. Лекин бу ҳолат мени узоқ тутиб туролмади. Дарҳол
машинамни ўт олдириб, орқага қайтдим.
Дадам Гарри амакиникига кетган, уй қоп-қоронғу зулматга чўмганди. Агар
бу ростдан ҳам тузоқ бўлса-чи?
Қўлларим титраб, калитни бурадим. Қоп-қоронғу хонада яна кўзимга олов
кўрингандек бўлди. Шунда бирдан Жейкобнинг "Виктория изини йўқотиш учун
сувга тушиб кетган", дегани эсимга тушди. Демак, сувдаги олов Викториянинг
сочлари экан-да! Чироқни ёқа олмай даҳшатдан қотиб қолдим. Агар Жейкоб
билан Сэм вақтида етиб келмаганида... Қўлим музлаб чироқни ёқа олмаган
бўлсам-да, тўсатдан хона ёришиб кетди. Чироқ нуридан кўзларим қамашиб,
менинг келишимни кутиб турган меҳмонга кўзим тушди.
@Elektron_kitoblar_Uz kanali uchun
Do'stlaringiz bilan baham: |