Метаморфик жинсларнинг хоссалари
Метаморфик жинсларнинг магматик ва чўкинди жинслардан асосий фарқи уларнинг минерал таркибида ҳамда структуравий ва текстуравий хусусиятларидадир.
Метаморфик жинслар фақат юқори ҳарорат ва босим шароитларида барқарор бўлган минераллардан таркиб топган бўлади. Уларга магматик жинсларнинг кўпчилик минераллари: кварц, альбит ва бошқа плагиоклазлар, калийли дала шпатлари (микроклин), слюдалар (мусковит ва биотит), роговая обманка, пироксен (авгит), магнетит, гематит ҳамда чўкинди жинсларнинг характерли минераллари (кальцит) киради. Бундан ташқари, метаморфик жинсларда фақат уларгагина хос бўлган минераллар: серпентин, гранат, графит ва б. бўлади.
Метаморфик жинсларнинг структураси. Умуман метаморфик жинслар учун сланецли ва кристалли структура характерли. Сланецли структурада метаморфик жинслар аниқ ифодаланган варақсимон ажралишга (сланецлар, гнейслар) эга. Кристалли структурада эса - кристалли тузилишли (мармар, кварцит ва б.) бўлиб, айниқса доналарнинг варақли, тангачали, игнасимон ва таблеткасимон шакллари характерли, баъзи ҳолларда улар кристалл-доналидир.
Метаморфик жинсларнинг текстураси энг муҳим аниқловчи белгилари бўлиб саналади. Доналарнинг ўзаро жойлашуви ва турига кўра яхлит, сланецли, линзасимон, гнейсли, йўл-йўлли, толали ва тартибсиз текстуралар ажратилади:
Алоҳидалик. Метаморфик жинслар магматик жинслардан алоҳидалик шакллари бўйича фарқ қилади. Уларда сланецланишнинг ривожланиши туфайли чўкинди қатламли жинслардаги алоҳидаликка ўхшашлик сақланиб қолади. Уларда кливаж, яъни кўп қисми сланецланишга параллел бўлган майда дарзланиш алоҳидалиги кенг ривожланган бўлади.
Метамофик жинсларнинг турлари
Минтақавий метаморфизм жинслари. Минтақавий метаморфизмнинг энг кенг тарқалган жинслари бўлиб, яшил сланецлар, кристалли сланецлар, гнейслар, амфиболитлар, мармарлар, кварцитлар саналади. Улар одатда фаол деформацияланган, мураккаб бурмаланган қатламлар, линзалар ва қатламалар шаклида ётади.
Яшил сланецлар метаморфизмнинг энг паст даражаси ҳисобланиб, хлорит, альбит, актинолит, эпидот, кварц, серицит сингари паст ҳароратли минераллар мажмуаси билан характерланади. У ёки бу минералларнинг устуворлиги бўйича хлоритли, эпидот-актинолитли, серицит-хлоритли ва бошқа турлари ажратилади.
Бундай жинсларнинг текстураси сланецли, структураси майда донали бўлади; одатда реликтли структуралари сақланиб қолади. Ҳарорат юқорироқ бўлганда слюдали, силлиманит-мусковитли ва ставролит-силлиманитли сланецлар шаклланади.
Кристалли сланецлар метаморфизмнинг ўрта ва юқори босқичларида (амфиболитли ва гранулитли фациялар) ҳосил бўлади, сланецли ва гнейсли текстурага, майда ва ўрта донали структурага эга бўлади. Уларнинг таркибига плагиоклаз, роговая обманка, биотит, пироксенлар, гранатлар, эпидот ва бошқа минераллар киради. Кварц ва калийли дала шпатлари одатда учрамайди.
Гнейслар метаморфизмнинг ўрта ва юқори босқичларида вужудга келади, минерал таркиби бўйича гранитларга яқин, яъни дала шпатлари ва кварцга бой бўлади. Рангли минераллардан слюдалар, роговая обманка, пироксенлар, гранатлар, дистен, силлиманит ва баъзи бошқа минераллар учраши мумкин. Улар гнейсли текстурага, майда ёки ўрта донали структурага эга бўлади.
Бирламчи жинсларнинг табиатига боғлиқ холда пара ва ортогнейслар ажратилади. Чўкиинди жинслар метаморфизмида парагнейслар, магматик жинслардан эса ортогнейслар вужудга келади.
Амфиболитлар меланократли, кристалл донали жинслар бўлиб, массив ёки тартибсиз текстурали, асосан роговая обманкадан, камроқ плагиоклаздан таркиб топган. Пироксенлар ва гранатлар ҳам учраши мумкин.
Мармарлар 50% дан кам бўлмаган карбонатларга эга метаморфик жинслардир. Таркиби бўйича улар кальцитли, кальцит-доломитли ва доломитли турларга бўлинади. Тоғ жинсида силикатлар (ёки кварц) миқдори 5 дан 50% гача бўлганда силикатли мармарлар ёки калъцифирлар дейилади.
Кварцитлар асосан кварцдан таркиб топган метаморфик жинслар ҳисобланади. Таркибида дала шпатлари, биотит, темирли бирикмаларнинг мавжудлиги бўйича уларнинг кварцитлар, кварцит-сланецлар каби турлари ажратилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |