Амал қилиш муддати бўйича меҳнат сарфи меъёрлари 3 турга бўлинади:
Доимий меъёрлар – бу мунтазам равишда такрорланиб келадиган барқарор ишлаб чиқариш жараёнлари учун тузиладиган меъёрлардир.
Даврий меъёрлар – бу иш қилишнинг мавсуми (сезони) етиб келганда тузиладиган меъёрлардир.
Бир марталик меъёрлар – бу меъёрлар фақат бир марта бажариладиган ишларга тузилади.
Аниқлаш усули бўйича меҳнат сарфи меъёрлари 2 турга бўлинади:
Техник асосланган меъёрлар – бу муайян ташкилий – техник шароитларда ишлаб чиқаришга фан-техника ва илғор тажрибани жорий қилиш асосида ишлаб чиқариладиган меъёрлар.
Тажриба-статистик меъёрлар – бу уста меъёрлаш бўйича иқтисодчи ёки инженернинг ўтмишидаги тажрибаси меҳнат сарфи миқдорлари инобатга олиб тузиладиган меъёрлардир.
Меҳнатни меъёрлаштириш усуллари
Меҳнатни меъёрлаштиришнинг 2 усули мавжуд:
Аналитик
Статистик
Меҳнат сарфи меъёринг аналитик усулида барча меъёрлар кузатишлар ўтказиш натижасида ва махсус ҳисоб-китоб формалари асосида олинган маълумотлар бўйича лойиҳаланади.
1. Аналитик усул 2 турга бўлинади:
а) Аналитик-тадқиқот усули – бунда меъёрларни лойиҳалаштириш учун маълумотлар, иш вақтининг фотографияси, хронометраж, фотохронометраж кузатишлари асосида олинади.
б) Аналитик-ҳисоб усули – бунда барча маълумотлар муайян ишлаб чиқариш шароитларидан келиб чиққан ҳолда махсус ҳисоб-китоб формулалари ва меъёрлаш бўйича ҳисоб жадваллари асосида олинади.
2. Статистик усулда меҳнат сарфи меъёрлари асосан ўша корхонадаги мавжуд бўлган статистик маълумотлар асосида тузилади.
Меҳнатни нормалашнинг статистик услуби шундан иборатки, мазкур оператсия ёки хизмат тури учун меҳнат нормасини маҳсулот ишлаб чиқариш нормасининг ўртача ҳақиқий даражаси тўғрисидаги, ўтмишдаги худди шундай ишга ёки хизмат турига сарфланган вақт миқдори тўғрисидаги ҳисоботлардан олинган статистик маълумотлар асосида белгиланади.
Меҳнатни нормалашнинг бу услуби ўтмишда бажарилмаган, тамоман янги ишларга, хизмат турларига норма белгилаш имконини бермайди, бу услуб асосида белгиланган меҳнат нормалари ўтмишда юз берган камчиликларни (масалан, иш вақтининг зое кетганлиги, жиҳозларнинг, аппаратураларнинг турли сабаблар билан бекор туриб қолганлиги ва уларнинг қувватидан тўлиқ фойдаланилмаганлиги, қолоқ меҳнат усул ва услубларининг қўлланилганлиги ва шу кабиларни) очиб ташлашга ва тугатишга ёрдам бермайди.
Ахир, бирор операцияни ёки хизмат турини бажаришга ўртача вақт сарфини белгилашда мазкур ишда банд бўлган ҳамма ходимларнинг (шу жумладан, техниканинг иш вақти заҳирасидан, ишлаш имкониятларидан тўла фойдаланишни билмайдиган ва янги иш усул ва услубларини тўла ўзлаштириб олмаган ходимларнинг ҳам) иш вақти сарфлари ҳисобга олинади.
Шунинг учун ҳам мана шундай асосда белгиланган меҳнат нормалари иш жойининг ишлаб чиқариш имкониятларини акс эттирмайди, аксинча ишлаб чиқаришни ва меҳнатни ташкил этишдаги ҳамма камчиликларни бамисоли «қонунлаштиради», меҳнат самарадорлигини янада оширишга халақит беради.
Меҳнатни нормалашнинг таққослаш услубига келсак, бунда меҳнат нормасини белгилаш норма белгиланаётган оператсияни худди шунга ўхшаган бошқа оператсия ёки хизмат тури билан солиштириш, таққослаш асосида амалга оширилади. шу услуб билан белгиланган меҳнат нормаларининг асосланганлиги дастлабки маълумотларнинг сифатига, яъни жамлаш услуби билан белгиланган вақт нормасининг ёки тегишли меҳнат нормативлари бўйича аналитик услуб, айниқса, аналитик-тадқиқот тури билан ишлаб чиқилган вақт нормасининг сифатига боғлиқ.
Бир-бирига ўхшаш ишларга, хизмат турларига меҳнат нормативлари бор бўлса, таққослаш услуби бир карралик, такрорланмайдиган ишларга, хизмат турларига меҳнат нормасини белгилаш зарур бўлган ҳоллардагина қўлланилади. Бундай ҳолларда иш вақти сарфларини батафсил кузатиш натижасида ўрганиш ва таҳлил қилиш иктисодий нуқтаи назардан мақбул эмас.
Ундан ташқари, меҳнат нормаларини белгилашнинг таққослаш услуби унча кўп меҳнат талаб қилмайдиган бир карралик, майда ишлаб чиқариш шароитидагина, синов - тажриба ўтказилаётганда қўлланиши мумкин. Бу услуби қуйидаги шартлар билан белгиланади:
яккалаб ва майда серияли ишлаб чиқаришда, хизматлар кўрсатишда технологик жараёнлар йирик ҳолда ишлаб чиқилади, шунинг учун ҳам уни элементларга бўлиб, бажариладиган ишни, хизматни кенг миқёсда таҳлил қилиш ва нормалаш учун етарли маълумотлар бера олмайди.
ҳадеб битта иш ёки хизмат турининг унча - мунча қайтарилиши туфайли унга кетган вақтни ўрганиб, таҳлил қилиб ўтириш иқтисод жиҳатидан мақбул эмас.
катта кўламдаги тез-тез ўзгариб турадиган ва хилма-хил ишлар номенклатураси иш вақти нормасини ўз вақти - соатида (иш бошлангунга қадар) белгилашга имкон берувчи оддий ва осонроқ меҳнатни нормалаш услубини талаб қилади.
Таққослаш услуби билан ҳисоблаб чиқилган меҳнат нормаларининг сифатини ошириш ҳамда уларни мумкин қадар асосланган меҳнат нормалари даражасига якинлаштириш учун ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш шароитида намунавий (типовой) нормалар ишлаб чиқишда яратилган шароитга ўхшаган шароит яратиш мақсадга мувофиқдир.
Бироқ меҳнатни нормалашнинг таққослаш услуби илмий услуб ҳисобланмайди. Демак, уни давлат ва нодавлат корхоналарда кенг қўллаш учун тавсия этиб булмайди.
Меҳнат нормаларини белгилашнинг энг аниқ услуби – бу, аналитик-тадқиқот услубдир. Аммо у сермеҳнат, жуда мураккаб жараёндир. Баъзи иктисодчиларнинг қайд қилишича, аналитик-ҳисоблаш услуби билан меҳнат нормасини белгилаганда хатони 5% камайтириш мумкин (Чунки меҳнат нормасини белгилашда 5% гача хатога йўл қўйилади), бироқ меҳнатни нормалаш иши аналитик-тадқиқот услубига қараганда уч баравар осон.
Таққослаш услуби билан белгиланган меҳнат нормаларининг аниқлиги жуда паст, бу ерда хато 8 фоизга етиши мумкин. Аммо бунда меҳнатни нормалаш иши аналитик - тадқиқот услубидагига қараганда 7-8 баравар осон.
Ҳисобланган меҳнат нормаларининг қанчалик аниқлигини ва қанчалик машаққатлилигини солиштириб куриб, мавжуд шароитга қараб бу услубларнинг қайси биридан фойдаланиш мақбуллигини танлаб олиш мумкин. Баъзан, ҳатто, синов-тажриба услубини қўлланишга тўғри келади. Аммо тажрибада бу услубдан камдан-кам ҳолларда фойдаланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |