МЕҲНАТ ТАЪЛИМИДА СИНФДАН ТАШҚАРИ ИШЛАРДА КАСБ-ҲУНАР ТАРБИЯСИ
M. M. Рустамова, ўқитувчи
Низомий номли Тошкент давлат педагогика университети,
Тошкент, Ўзбекистон
«Таълим тўғрисида» Қонун ва «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури»ни амалга ошириш орқали мамлакатимиз халқ ҳўжалигига билимли, мустақил фикрлайдиган, ижодий изланувчан, юқори малакали, маънавияти юксак мутахассис кадрларни тайёрлаб бериш бугунги куннинг долзарб вазифасидир.
Баркамол шахс тарбиясида, албатта, меҳнат таълимининг ҳам алоҳида ўрни бор. Ушбу ўқув фани ўқувчиларда ақлий ва жисмоний меҳнат турлари, меҳнат жараёнлари ҳақида кенг тушунча ҳосил қилиш, меҳнатга оид кўникма ва малакаларини ривожлантириш каби таълимий мақсадларга хизмат қилади. Шунингдек, ёшларни меҳнат ва касбларни қадрлашга ўргатиш, ижтимоий ҳаётда уларнинг аҳамиятини тушунтириш, касб асослари (технологияси) ҳақида билим ҳосил қилиш ҳамда мактаб давридан болада касбий тайёргарликни шакллантириш меҳнат таълими фани ўқитувчиларининг асосий вазифасига киради. Хусусан, меҳнат қуроллари, воситалари, жараёнлари, ҳудудий ишлаб чиқаришнинг асосларини ўргатиш, техника ва технологиялар асосида эгалланаётган касб-ҳунар соҳаси хусусиятлари, шу соҳанинг илғор вакиллари фаолияти билан таништириш ҳозирги кунда умумий ўрта таълим мактабларида меҳнат таълими фанининг асосий мақсадидир.
Меҳнатнинг, нафақат бола тарбиясида, балки ҳар қандай одамнинг комил инсон бўлиб етишишида аҳамияти нақадар улкан эканлиги ҳаммамизга маълум. Шунинг учун бўлса керак, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳам меҳнат тўғрисида алоҳида моддалар қабул қилинган. Масалан, «Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш… (37-модда), ёлланиб ишлаётган барча фуқаролар дам олиш ҳуқуқига эгадирлар… (38-модда), Ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъмънот олиш ҳуқуқига эга… (39-модда)» каби ҳуқуқий меъёрларни мисол қилиб айтиб ўтиш мумкин [4].
Меҳнатга, меҳнат таълимига эътибор халқ таълимида ҳам қаратилган. Шу жумладан, бошланғич таълимда ҳам ҳар бир синфда ҳафтада бир соатдан меҳнат таълими машғулотлари ташкил этилиши белгилаб берилган. Ана шу меҳнат ва синфдан ташқари меҳнат дарсларида ўтилаётган мавзуларни бевосита касб-ҳунарга боғлаган ҳолда ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш лозим. Чунки ўқувчи маълум ёшга етгач, бирор бир касбни танлашига тўғри келади. Бирданига касбни танлаш унга қийинчилик туғдириши тайин, ёки у таваккал қилади. Кўп ҳолларда ўқувчилар ўз қобилиятларига тўғри баҳо бера олмайдилар, у ёки бу касбга зид бўлган ўз жисмоний ҳусусиятлари ва нуқсонларини назар-писанд қилмайдилар, ўртоқларининг таъсири билан касб танлаш, тасодифий сабаблар таъсири остида касб танлаш ҳоллари учрайди [2].
Лекин касб-ҳунар танлашда таваккалчилик оқибатида танлаган касбига меҳр қўя олмаслик, ҳаёти давомида қийинчиликларга дуч келишига олиб келади. Шуни назарда тутган ҳолда, бошланғич синф ўқувчиларини меҳнат дарсларида мавзуга боғлиқ равишда касб-ҳунарлар билан таништириб, улар ҳақида маълумот бериб бориш керак. Натижада ўқувчиларда касб, ҳунар ҳақида тасаввур, қизиқиш ёшликдан пайдо бўлади. Масалан, ўқитувчи меҳнат дарсида қоғоздан «Лолагул» макетини ясалиш босқичлари билан таништириб бўлгач, гул ҳақида, гулни гулчилар ўстириши, тантана ва байрамларни гулчиларнинг меҳнатисиз тасаввур қилиб бўлмаслиги, гулчи нозик дидли, тасаввурга бой бўлиши кераклиги ҳақида айтиб ўтади.
Меҳнат таълими фанининг ўқитилиш самарадорлигини оширишда синфдан ташқари ишлар асосий ўринни эгаллайди.
Бошланғич синфларда ўтказиладиган меҳнат таълимининг мақсади –
«ўқувчиларнинг баркамол шахс бўлиб шаклланишлари учун уларга меҳнат жараёнлари, касблар асосларини (технологиясини) ўргатиш, уларни касб танлаш билан уйғунлаштириш орқали уларнинг касбгача тайёргарлигига замин яратишдан иборат» дир. Меҳнат таълимининг тарбиявий мақсади ҳам каттадир, яъни «ўқувчиларнинг меҳнат кўникмаларини эгаллашлари жараёнида меҳнат ва касбга муносабатларида юқори ахлоқий сифатларни, меҳнацеварлик, ватанпарварлик, инсонпарварлик ва тадбиркорликни шакллантириш» [3] лозим.
Синфдан ва мактабдан ташқари ишлар ўзига хос хусусиятлари билан бошқа машғулотлардан фарқ қилади. Бу иш ихтиёрий характерга эга бўлиб, ўқувчилар ўз қизиқишларига ва лаёқатларига қараб турли хил тўгаракларга қатнашадилар. Синфдан ва мактабдан ташқари ишларнинг мазмуни ва формаси асосан ўқувчиларнинг қизиқишларига, талабларига ҳамда уларнинг шахсий хоҳишларига ва маҳаллий шароитларига боғлиқ ҳолда амалга оширилади, шу билан бирга ўқувчиларда касб-ҳунар танлаш имкониятлари кенгаяди.
Ўзбекистон халқ таълими вазирлигининг 1994 йилдаги «Синфдан ва мактабдан ташқари тарбиявий ишлар концепцияси»да кўрсатиб ўтилган талабларга мувофиқ тарбиявий ишларни ташкил этишда айниқса, ўқувчиларга мустақиллик бериш алоҳида таъкидланган.
Синфдан ва мактабдан ташқари ишларнинг асосий вазифасидан бири -ўқувчилар ҳаётини завқли, сермазмун ва маданий қилиш, уларни жамоа бўлиб яшашга ва ишлашга ўргатишдан иборат.
Меҳнат таълими ва тарбияси асосидаги синфдан ва мактабдан ташқари ишларда:
1. Меҳнат таълими дарсларида ўқувчилар олган билим ва кўникмаларини мустахкамлаш, умумлаштириш ҳамда кенгайтириш.
2. Унумли меҳнатга асосланган ижодий фаолиятга ўқувчи-ларни жалб қилиш.
3. Хозирги замон ишлаб чиқариш асослари ҳақидаги тасаввурларини кенгайтириш.
4. Касб танлашга тайёрлаш.
5. Меҳнатга онгли муносабатни шакллантириш имконини беради.
Хулоса қилиб айтганда, меҳнат ва меҳнатдан синфдан ташқари ишлар ўқувчиларни касб-ҳунарни тўғри танлашларида фундамент ҳисобланиб, меҳнат ва касбга муносабатларида юқори ахлоқий сифатларни, меҳнатсеварлик, ватанпарварлик, инсонпарварлик ва тадбиркорликни шакллантиради.
Библиографик рўйхат
1. Давлатов К. Меҳнат ва касб таълими тарбясидан амалий машғулотлар. – Т. : Ўқитувчи, 1995.
2. Касблар алифбоси. 1–4-синфлар учун ўқув қўлланма. – Т. : Юрист-медиа маркази, 2008.
3. Мумаҳметов Р. Г. Касбга йўналтиришнинг тарбиявий аҳамияти // Мактаб ва ҳаёт. Илмий оммабоп журнал. – 2007. – № 2. – Б. 2.
4. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси. – Т. : Ўзбекистон, 2013.
5. URL : www.ziyonet.uz
Do'stlaringiz bilan baham: |