Меҳнат шартномасини ўзгартириш
Меҳнат шартлари тушунчаси.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш тартиби.
Доимий ва вақтинча бошқа ишга ўтказиш ва уни ўзгартириш тартиби
1. Меҳнат шартлари тушунчаси.
Меҳнат шартлари деганда корхона ва ташкилотларда меҳнат шартномаси тузиш асосида меҳнат қилаётган ходимларнинг ишлаб чиқариш чоғидаги хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳаёти ва саломатлигига хавф туғдириши мумкин бўлган омилларга йўл қўйилмаслик, самарали ва сифатли меҳнат қилишларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини кафолатлашни назарда тутувчи омиллар йиғиндиси назарда тутилади. Меҳнат кодексининг 88-моддасига асосан, Меҳнат кодекси меҳнат шартларини икки гуруҳга: а) ишлаб чиқаришга оид шартлар ва б) ижтимоий омиллар билан белгиланувчи шартларга бўлади.
Меҳнатнинг ишлаб чиқариш (техник) шартлари жумласига техника хавфсизлиги ва уларни эксплутуация қилиш, санитария ва гигиена талаблари, иш жараёнидаги маиший шарт-шароитлар, ходимнинг унумли меҳнат қилишини таъминловчи шартлар тушунилади.
Меҳнатнинг техник шартлари иш жойларининг муайян талабларга (шовқин, вибрация, ёруғлик, температура, бошқа физик омиллар ва бошқалар) жавоб беришини баҳолашга хизмат қилади.
Меҳнатнинг ижтимоий шартлари иш вақти, унинг давомийлиги, алмашинуви, дам олиш вақти, иш ҳақи тўлаш, бошқа ижтимоий кафолатлар бериш билан боғлиқ бўлган талабларни ўз ичига олади.
Меҳнат шартлари меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар, шунингдек меҳнат шартномаси тарафларининг келишуви билан белгиланади. Меҳнат шартлари ким томонидан белгиланганлигига қараб турли усулда бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин. Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларига кўра, белгиланган меҳнат шартларини ваколатли давлат ҳокимияти ёки бошқарув органларининг уларга қўшимчалар киритиш, янги қонун ҳужжатлари қабул қилиши мумкин (масалан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига дам олиш ва унга тааллуқли янги норма киритилиши). Корхона локал меъёрий ҳужжатларида белгилаб қўйилган меҳнат шартлари эса корхонанинг ўзи томонидан, иш берувчи ва ходимлар вакиллик органи ўзаро келишуви асосида ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.
Меҳнат шартларини ўзгартириш, улар қайси тартибда белгиланган бўлса, шундай тартибда амалга оширилади. Иш берувчи томонидан кўпчилик ходимларга тааллуқли меҳнат шартларини бир томонлама (ходимлар розилигисиз) ўзгартирилишига қонунда белгилаб қўйилган тартиб ва шартларда йўл қўйилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |