18-мавзу. Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегиясида меҳнат муносабатлари (2 соат)
Ҳар бир даврнинг ўз тараққиёт омиллари, эҳтиёжлари, талаблари ва ҳаётий тамойиллари бўлади. Табиийки, буларнинг барчасини шакллантириш ва ривожлантиришга, уларга алоҳида маъно-мазмун бағишлашга, бу даврда давлат, жамият ҳаёти, ижтимоий-сиёсий институтлар фаолиятининг аниқ йўналишларини белгилаб берадиган улкан тарихий воқеалар бўлади.
2016 йил 4 декабрда мамлакатимизда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, ҳеч шубҳасиз, янги тарихимиздаги ана шундай беқиёс ҳодиса бўлди.
Чунки, айнан ана шу сайловда бутун Ўзбекистон халқи ўзининг буюк сиёсий иродаси, ҳуқуқий маданиятини намоён этиб, мамлакатимизнинг истиқболдаги тараққиёти, халқимиз, фарзандларимизнинг ёруғ келажаги, фаровон ҳаёти учун онгли равишда овоз берди. Демократик талабларга тўлиқ мос тарзда, миллий сайлов қонунчилиги ва халқаро стандартлар доирасида, очиқ ва ошкора ўтган сайлов жараёнини 5 та нуфузли халқаро ташкилот ва 46 та давлатдан 600 га яқин кузатувчи кузатиб борди.
Юксак савияда ўтган Узбекистон Республикаси Президенти сайловида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод сифатида иштирок этган Шавкат Миромонович Мирзиёев сайловчилар умумий сонининг 88,61 фоиз овозини олиб ғолиб бўлди.
«Бизнинг вазифамиз - тўпланган тажриба ва илғор халқаро амалиётга суянган ҳолда, - деди Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига кириши маросимига бағишланган нутқида, - ўзимизнинг тараққиёт ва янгиланиш моделимизни катъий амалга оширишдан иборат. Шу борада яқин ва ўрта муддатга белгиланган марраларга эришиш учун қатъият билан ҳаракат қилишимиз зарур. Шу мақсадда 2017-2021 йилларда Узбекистонни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясини ишлаб чиқиш яқин кунларда якунланади».
Учинчи йўналиш иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишларини ўзида ифода этади. Бунда макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг рақобатдошлилигини ошириш, мамлакат экспорт салоҳиятини кучайтириш бош вазифа қилиб қўйилган.
Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, тупроқ унумдорлигини ва экинлар ҳосилдорлигини ошириш, янги ва харидоргир маҳсулотлар етиштириш оркали жаҳон бозорига чиқишнинг янги йўналишларини жорий этиш назарда тутилади.
Иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш, мулкка эгалик қилиш ва унинг ҳажмини ошириш орқали юқори самарадорликка эришиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, уни рағбатлантириш мўлжалланмоқда. Вилоят, туман ва шаҳарларни уларнинг табиий-географик имкониятлари, ер шароити ва деҳқончилик маданиятини назарда тутган ҳолда, ҳудудий эҳтиёж ва манфаатлар нуктаи назаридан иқтисодий ривожлантириш чораларини кўриш белгиланган.
Тўртинчи йўналишда ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ўз ифодасини топган. Бунда аҳоли бандлиги ва унинг реал даромадларини изчил ошириш, жумладан, меҳнатга лаёқатли аҳоли қатлами учун янги иш ўринлари яратиш, меҳнат фаолиятининг янги шакл ва турларини жорий этиш назарда тутилмоқда. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш орқали жамиятда соғлом турмуш тарзини янада чуқурлаштириш масалаларига алоҳида аҳамият берилмокда. Шунингдек, аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлаш, ҳаёт шароитларини яхшилаш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни модернизация қилиш орқали узоқ истиқболга мўлжалланган, муносиб турмуш даражасини таъминлайдиган юксак маданиятли яшаш шароитига эришиш чора-тадбирларини кўриш энг муҳим вазифа қилиб қўйилган.
Таълим-тарбия ва илм-фан соҳасини ривожлантиришга, ҳар томонлама баркамол, етук инсон - юқори малакали мутахассисни тарбиялашга алоҳида эътибор берилади. Бу эса ёшларга оид давлат сиёсатини бутун чоралар билан такомиллаштиришни тақозо этади.
Меҳнат макроиқтисодиётининг предмети ҳудудларда иқтисодиётни ривожлантиришнинг меҳнат ва ижтимоий хусусиятларини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва уни бошқаришдан иборат.
Меҳнат бозорини бозор иқтисодиёти тамойиллари асосига қурилган ижтимоий меҳнат муносабатлари тизими сифатида қарар эканмиз, меҳнат бозори икки асосий ижтимоий-иқтисодий вазифани бажара олишини кузатишимиз мумкин. Бунда инсон ресурсларининг иш билан бандлик даражаси бўйича муқобил турлари (касблар, тармоқлар, корхоналар, ҳудудлар) тақсимланиши ҳамда аҳоли даромадларининг маошлар асосида рағбатлантирилиши ва меҳнат учун мукофотлаш шаклида тақсимланиши муҳим роль ўйнайди. Меҳнат бозори вазифаларининг бундай усулларда амалга оширилиши меҳнат унумдорлигининг самарадорлигини ошириш, уни энг юқори даражага етказиш, инсон ресурсларидан олинадиган фойдани ва даромадларни кўпайтириш, давлатнинг иқтисодий юксалиши, ижтимоий адолат ва ниҳоят, барча учун баравар бўлган иш ўринларига жойлашиш имкониятлари ва касб тайёргарлигига ёрдам бермоғи лозим.
Меҳнат бозорини тартибга солиш стратегияси қуйидаги саволга жавоб бериши лозим: жамиятнинг барча аъзолари ҳаётий манфаатларини хисобга олишда, анча кам таъминланган фуқароларнинг турмушига эътиборни кучайтириш, ижтимоий ишлаб чиқариш натижаларини тақсимлашда адолат талабига амал қилишлари керак. Бу устувор йўналишлардан энг муҳимларини танлаб олиш меҳнат бозорини тартибга солиш жараёнининг ижтимоий йўналишлари ҳамда меҳнат бозорини тартибга солиш тамойиллари ва уларни амалга ошириш усулларини белгилаб беради.
Меҳнат бозорини тартибга солиш стратегиясини ишлаб чиқиш вақтида, биринчидан, барча жараёнларнинг жамият ва иқтисодиётнинг олға томон ривожланиш талаблари, ижобий ўзгаришларни рағбатлантиришга бўйсуниши, жамиятдаги ижтимоий-сиёсий барқарорликни таъминлайдиган чора-тадбирларнинг устуворлигини таъминлашга хизмат қилиши зарур.
Шунингдек, Ҳаракатлар стратегиясида ўрта махсус ва касб- ҳунар таълими муассасаларида керакли талабдан ортиқ ҳажмда тайёрланаётган гуманитар таълим йўналишларини қисқартиришни ва мос равишда аграр сектор, қурилиш ва ишлаб чиқариш соҳаси, уй-жой коммунал хўжалиги соҳаси мутахассислари тайёрлашни кенгайтиришни кўзда тутувчи ўрта махсус ва касб-ҳунар таълим мутахассислик йўналишларини қайта кўриб чиқиш режалаштирилган. Жорий ва истиқболдаги кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда мутахассисларни тайёрлаш, аграр сектор, қурилиш ва ишлаб чикариш соҳаси, уй-жой коммунал хўжалигини малакали мутахассислар билан ҳамда битирувчиларни кафолатланган иш билан таъминлаш имконини беради.
Ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда қўшимча даромад манбаини яратиш мақсадида тижорат банклари томонидан микрокредитлар ажратиш ҳажмини янада ошириш қуйидаги соҳаларда назарда тутилган:
фукароларнинг шахсий ёрдамчи хўжаликларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш;
қорамол, қўй, эчки, қуён боқиш ва гўшт етиштириш;
паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантириш;
ихчам иссиқхоналар ташкил этиш;
уруғ ва кўчатлар етиштириш.
Бунинг натижасида аҳоли томорқасидан фойдаланиш самарадорлиги ошади, ишлаб чиқариладиган сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми кўпаяди.
Ҳаракатлар стратегиясида олис ва тоғли ҳудудларда туризм ва экотуризмни ташкил этиш, доривор ўсимликларни етиштириш, йиғиш ва қадоқлаш бўйича дастурлар ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Бунда, тоғ олди ҳудудларидаги қишлоқларда 10-15 та хонадонларда сайёҳларга хизмат кўрсатиш уйлари ташкил этилиб, яъни уйнинг битта ёки иккита хонаси деворлари сўзана, адрас билан безатилиб, кўрпача тўшалиб, хонтахта қўйилиб, ҳожатхона ва ошхонанинг санитар ҳолатлари тартибга келтирилиб, чет эллик сайёхдарга табиий манзараларни кўрсатиш билан бирга нон ёпиш, миллий таомларни тайёрлаш, миллий урф-одатлар билан таништириш каби хизматлар кўрсатилиши режалаштирилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |