Чиниқтириш ва соғломлаштириш ишларини ташкил этиш.
Эрталабки бадантарбия. Эрталабки бадантарбия вақтида болани юриш, сакраш ҳамда қўл ва оёқ гавдага мўлжалланган машқларни фаол бажаришга одатлантириш. Ҳар куни катталар назоратида бадантарбия машқларини очиқ ҳавода (хонада бўлганда дарчаларни очиб қўйган ҳолда) бажариш. Қўл, оёқ, гавдани ривожлантирувчи машқларни аниқ ва изчиллик билан бажариш, қоматни тўғри тутишни ўргатишда давом этиш.
Чиниқтириш.Ҳар қандай об-ҳавода ҳам ҳаракатли ўйинларни ўйнаш. Уйқуга ётишдан олдин хонани шамоллатиш, юз,қўлни, оёқларни, тишларни ювиш; хона ҳароратидаги сувда ҳўлланган губка ёки пахмоқ қўлқоп билан дастлаб қўлларни, кейин оёқларни, кўкракни, қорин ва орқани тескари йўналишда тери қизаргунча артиш. Сув ҳароратини ҳар куни 10 С ҳароратдан пасайтириб бориш.
5-6 ёшли болаларнинг жисмоний ривожланиш хусусиятлари
5-6 ёшли болаларнинг жисмоний ривожланиш хусусиятлари: бу даврда боланинг бўйи 116-120 см.га ўсади, оғирлиги 23-25 кг.ни ташкил этади, оёқлари гавдасига нисбатан тезроқ ривожланади. Боланинг умуртқа суяклари қотмаганлиги туфайли тез қийшайиб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳам суякларнинг тўғри ўсишига алоҳида эътибор бериш керак. Боланинг юраги чақалоқ юрагига нисбатан 45 баробар катталашади, бироқ мускуллари ҳали етарли даражада мустаҳкамланмаган бўлади. Олти ёшга етганда мия пўстлоғи ривожланиб, оғирлиги ва ташқи кўриниши жиҳатидан катталарникига яқинлашади. Шунинг учун ҳам боланинг асабларига жуда эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш талаб этилади.
Тарбиячи ва ота-оналар жисмоний тарбия фаолиятига оид турли усулларни бола билан биргаликда (унинг хоҳишини ҳисобга олган ҳолда) танлашлари мақсадга мувофиқдир.
Боланинг жисмоний тарбия бўйича машқларни онгли равишда тушуниб, аниқ ва тўғри бажаришига, ҳаракатли ўйинлар қоидасига риоя этишига алоҳида эътибор бериш. Велосипедда учиш, сузишга оид турли усуллар, ҳар хил спорт ўйинларида амал қилинадиган қоидаларни қисқача ўргатиб бориш. Кураш тушишнинг айрим усулларини ўргатиш. (Масалан, ўзбек кураши усуллари).
Жисмоний сифатларни ўстириш, мувозанат сақлаш, ҳаракатни бошқариш ҳамда фазода мўлжалга олишни шакллантиришни давом эттириш.
Болада фаоллик, мустақиллик, дўстона муносабат ва ўзаро ёрдам кабиларни тарбиялаш. Спорт турлари (футбол, баскетбол, волейбол в.б.) ҳақида тушунча бериш, машҳур спортчилар (масалан, футболчи Миржалол Қосимов, теннисчи – Ирода Тўлаганова) билан таништириш, уларнинг ҳаётига оид қизиқарли воқеаларни сўзлаб бериш орқали бола қалбида спортга нисбатан муҳаббатни орттириш.
Do'stlaringiz bilan baham: |