2. Ўзбекистон Республикасида валюта операциялари ва уларни амалга оширишнинг замонавий ҳолати таҳлили
Бугунги кунда миллий иқтисодиётни ислоҳ қилиш борасида ташқи савдо, солиқ ва молия сиёсатини либераллаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашни ташкил этиш ҳамда ҳудудларни жадал ривожлантиришни таъминлаш бўйича таъсирчан чоралар кўрилди.
Хорижий инвестор учун ҳар қанча имтиёзлар берилиб, жозибадор муҳит яратилса-ю, лекин миллий пул бирлик эркин конвертация қилинмаса, аксарият инвесторлар бундай мамлакатга келишга жазм қила олмайди. Негаки, хорижий сармоядор бундай шароитга кўникиши қийин. У бошқа давлатлардан олиб келган валютасини хоҳлаган пайтда ва хоҳлаган миқдорда конвертация қилиши, айниқса, ўзи ишлаб топган фойдани бошқа мамлакатга олиб кетиш имкониятига (ҳуқуқига) эга бўлиши керак.
Республикамизда ички валюта бозори 2021 йилда чет эл валютасига бўлган талабнинг ортиши ҳамда қулай ташқи бозор конъюнктураси ва иқтисодий ўсишнинг юқори кўрсаткичлари фонида таклифнинг ҳам ўсиши билан характерланди.
2021 йил давомида ташқи савдо айланмасининг жадаллашиши кузатилди. Хусусан, экспорт тушумлари ҳажми (олтин экспортини ҳисобга олмаганда) ўтган йилга нисбатан 34 фоизга ўсиб, 11,6 млрд. АҚШ долларига етди. Шунингдек, импорт тўловлари ўтган йилга нисбатан 25 фоизга ошиб, 25,7 млрд. АҚШ долларини ташкил этди.
Ички валюта бозорида чет эл валютасига бўлган талабнинг умумий ҳажми 2021 йилда 26,1 млрд. АҚШ долларини ташкил этиб, 2019 ва 2020 йилларнинг тегишли даврларига нисбатан мос равишда 1,7 ва 1,3 баробарга ошди.
Тижорат банкларининг нақд валюта маблағларини олиб чиқиш учун мурожаати Марказий банк томонидан уч банк иш кунидан ошмаган муддатда кўриб чиқилади. Кўриб чиқиш натижалари бўйича тижорат банкларига нақд валюта маблағларини Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш учун рухсат берилади.
2-расм. 2019-2021 йилларда ички валюта бозори сегментлари кесимида чет эл валютасига бўлган талаб динамикаси3, млн.АҚШ долл.
Ички валюта бозорида чет эл валютасидаги умумий таклиф ҳажми 2021 йилда 22,9 млрд. АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,6 баробарга ўсди (2020 йилда – 14,3 млрд. АҚШ долл., 2019 йилда – 11,7 млрд. АҚШ долл.).
Хусусан, мазкур даврда:
хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 11,0 млрд. АҚШ доллари миқдоридаги чет эл валюталари сотилган бўлиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 1,7 баробарга ошди (2020 йилда – 6,7 млрд. АҚШ долл.);
банклар ва жисмоний шахслар томонидан сотилган чет эл валюталари миқдори 7,4 млрд. АҚШ долларини ёки ўтган йилга нисбатан 44 фоизга кўп бўлди (2020 йилда – 5,1 млрд. АҚШ долл.).
Do'stlaringiz bilan baham: |