Пальпация терининг нам ёки қуруқлик даражасини, тургорлигини, тери ости ёғ қаватининг қалинлигини аниқлашга имкон беради. Яхшилаб бўйиндаги, қўлтиқ остидаги, чов соҳасидаги лимфа тугунлари пальпация қилинади. Агар ўпкадаги яллиғланиш жараёнига плевра ҳам қўшилган бўлса нафас олганда кўкрак қафасининг зарарланган томонининг орқада қолиши, кўкрак мушакларининг оғриши кузатилади.
Сурункали кечувчи туберкулёз беморларида ва катта операциядан кейинги ҳолатларда кўкрак қафаси ва елка камари мушакларининг атрофияси кузатилиши мумкин. Кўкс оралиғи аъзоларининг қисман силжишини ҳам трахея ҳолатига қараб пальпация орқали аниқлаш мумкин.
Ўпка туберкулёзи беморларида овоз дириллаши одатий, кучайган ёки сусайган бўлади. Бу цирротик ва инфильтратив туберкулёзда, катта кавернали кенг дренажли бронх устида ўпка зичлашган соҳада яхши ўтказилади. Овоз дириллашининг сусайиши ёки умуман йўқолиши плевра бўшлиғига суюқлик ёки ҳаво йиғилганда, ателектазда, массив пневмониянинг бронх обтурацияси билан кечишида кузатилади.
Перкуссия нисбатан кўкрак қафасидаги ва ўпкадаги дағал ўзгаришларни яллиғланган ёки бўлакли характерга эга бўлган цирротик зарарланишда, плевра циррозида аниқлаш имконини беради. Перкуссия шошилинч ҳолатлар, масалан: спонтан пневмоторакс, ўткир экссудатив плеврит, ўпка ателектазида асосий диагностик аҳамият касб этади. Қутичасимон товуш ёки бўғиқ ўпка товушининг борлиги клиник вазиятни тез баҳолаш ва керакли текшириш имконини беради.
Аускультация. Баъзи нафас аъзолари касалликлари, айниқса туберкулёзда нафас характери ўзгаришсиз ва ўпкадаги қўшимча шовқинларсиз кечиши мумкин. Бунинг эса сабабларидан бири бўлиб зарарланган сохани зич казеоз некротик массалар билан дренажловчи бронхнинг обтурацияси ҳисобланади.
Сусайган нафас плеврит, плеврал битишмалар, пневмоторакс учун характерлидир. Дағал ёки бронхиал нафас яллиғланган ўпка тўқимаси устида, кенг дренажловчи бронхли гигант каверна устида эшитилади.
Ўпкадаги хириллашлар ва плевра ишқаланиш шовқини рентгенологик ва эндоскопик текширувларда аниқлаш қийин бўлган касалликларни диагностика қилишга ёрдам беради.
Майда пуфакчали нам хириллашлар чегараланган ўчоқда яллиғланиш зонасидаги экссудатив компонентнинг устун келганлигидан, ўрта ва йирик пуфакчали хириллашлар парчаланиш бўшлиғи ёки кавернаниниг белгиси бўлиб хизмат қилади. Нам хириллашларни эшитиш учун беморни чуқур нафас олиб чиқарганидан сўнг йўталиб қўйиш, кичкина пауза, кейин яна чуқур нафас олиш сўралади.
Бунда чуқур нафас олиш чўққисида хириллашлар пайдо бўлади, ёки уларнинг миқдори ошади. Қуруқ хириллашлар бронхитда, ҳуштак чалувчи бронхоспазмли бронхитда эшитилади. Қуруқ плевритда плевра ишқаланиш шовқини, перикардитда перикард ишқаланиш шовқини эшитилади.
Вазият.
Бемор 38 ёшда, 2 ой илгари озодликка чиққан. Поликлиникага қуйидаги шикоятлар билан мурожаат қилди: охирги бир ой давомида ортиб борувчи умумий холсизлик, кечки тана хароратининг 37-37,4°С гача кўтарилиши, икки ҳафтадан буён балғамли йўтал.
Бирламчи бўғиндаги умумий амалиёт врачининг тактикаси қандай? Ўпка туберкулезига гумон қилинганда диагностик алгоритмни аниқланг.
Объектив текшириш усуллари:
Шикоятлар, анамнез маълумотлар ва эпидемиологик анамнез йиғиш;
Кўрик;
Периферик лимфа тугунлари пальпацияси;
Кўкрак қафасини кўздан кечириш, пальпацияси, перкуссияси ва аускультацияси;
Субъектив текшириш усуллари:
УҚТ, УСТ маълумотлари;
Балғамни МБТга текшириш;
Туберкулинодиагностика;
Рентгенологик текшириш усуллари.
Do'stlaringiz bilan baham: |