Mavzu: Tannarx yozuvlari
Reja:
1.Tannarx tushunchasi
2.Mahsulot tannarxi
Таннархнинг мўлжалланганлиги (cost assignment) – бу таннархи объектидаги ёки фаолиятдаги ушбу харажатларни юзага келишига олиб келадиган мавжуд бўлган омилдир, қайсики уни ҳисобга олган ҳолда таннарх тақсимланиши амалга ошади
Таннархни тақсимлаш қандай имкониятларни беради? Биринчидан, таннархни тақсимлаш маҳсулотнинг таннархини аниқ ҳислоблаш имкониятини беради. Молиявий ҳисоб нуқтаи назаридан таннархни тақсимлаш катта аҳамият касб этмайди. Чунки, молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот ҳар бир маҳсулот бўйича тузилмайди, у бутун ташкилот бўйича тузилади. Шунинг учун таннархни таннархи объектларига тақсимлаш умумий таннархни аниқлашга таъсир кўрсатмайди. Бошқарув ҳисобида ҳар бир таннархи объекти таннархни аниқ ҳисоблашга зарурият мавжуд. Шунинг учун ҳар бир таннарх заррачасини барча омилларни ҳисобга олган ҳолда таннарх объектига тақсимлаш керак. Масалан, А маҳсулот таннархига ишлаб чиқариш биноси бўйича ижара харажатларини тақсимлашда А маҳсулот ишлаб чиқариши эгаллаган майдони ҳисоблаб жами ижарага олинган ишлаб чиқариш майдонидаги ҳиссасига нисбати бўйича тақсимлаш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Иккинчидан, турли хил маҳсулотларнинг фойдалилик даражасини таҳлил қилишда қўл келади. Менежерларда тўғридан-тўғри материалларни таннарх объектига олиб боришда ишонч бор. Лекин, билвосита харажатларини тўғри тақсимланганлигига ҳамма вақт ҳам ишонч ҳосил қилавермайди. Агар менежерлар шундай маълумотларга эга бўлмаса рентабелсиз маҳсулот ўрнига рентабелли маҳсулотни ишлаб чиқаришни тўхтатиш тўғрисида нотўғри (чалкаш) қарорларни қабул қилиб қўйиши мумкин. Маҳсулот рентабеллиги бўйича қарорлар қабул қилинаётганда маҳсулотларнинг таннархини аниқ ҳисоблайдиган механизмларга таяниши керак бўлади. Бу механизмлар орқали тўғри қарорлар қабул қилинишига фақат таннархини асосли тақсимлаш орқалигина эришиш мумкин бўлади. Бошқа бир томондан билвосита харажатларни тақсимлашнинг мураккаб томонлари ҳам мавжуд. Агарда ижара харажатларини тақсимлашда, ҳар бир таннарх объекти эгаллаган майдоннинг умумий майдондаги ҳиссасига қараб тақсимласак, муаммо бўлиши мумкин эмас. Бу тақсимлаш энг реал тақсимлаш ҳисобланади. Лекин, масалан айтайлик заводни маъмурий бошқариш билан боғлиқ билвосита харажатларни тақсимлаш муаммоли ҳисобланади.Бунда тақсимлаш базаси сифатида ҳар бир таннарх объекти (маҳсулот турлари)да ишлаётган ишчиларнинг иш ҳақига нисбатан тақсимланган тақдирда бу ишчиларнинг иш ҳақи қанчалик даражада заводни маъмурий бошқарув харажатларини ифода эта олиши муаммо ҳисобланади. Шу боис, билвосита харажатларни тақсимлаш ҳар бир моддаси бўйича тизимли ёндашувни талаб этади.
Эслаб қолиш керак бўлган муҳим қоидалардан бири бу: таннарх объекти қанчалик катта (масалан, айталик таннарх объекти А маҳсулот эмас, балки йиғма цех) бўлса умумий харажатлар ҳиссасида таннарх объектига тўғридан-тўғри олиб бориладиган харажатлар шунча катта бўлади ҳамда менежерда харажатларнинг жами суммалари аниқлигига ишончи шунча юқори бўлади.
Билвосита харажатларни фарқлаш таннарх объетига боғлиқ бўлади. Масалан, ишлаб чиқариш асбоб-ускуналарига хизмат кўрсатувчи устонинг иш хақи агар таннарх объекти ишлаб чиқариш цехи бўлса, у бевосита харажат бўлиши мумкин, агар таннарх объекти маҳсулотлар бўлса, у ҳолда устонинг иш хақи билвосита харажат бўлади.
Тайёр маҳсулотлар таннархи тизимида ҳисобга олиш иккита бир-бирига боғлиқ бўлган босқичларда амалга оширилади: таннархни жамлаш ва таннархни тақсимлаш.
1. Таннархни жамлаш (аккумляциялаш) бу – харажатларни маълум таснифлаш белгилари бўйича даставвал тегишли счетларда жамғаришга айтилади. Счетлар ёрдамида амалга оширилган харажатлар уларни ташкил этувчи элементлари, моддалари бўйича харажат юз берган вақтда, яъни қайси даврда юз берган бўлса, ўша даврда тан олинади, баҳоланади ва счетларга ёзувлари амалга оширилади. Масалан, ишлаб чиқаришга чиқарилган хом-ашё ва материаллар – чиқарилган вақти, қайси таннархи объектига чиқарилгани, таннархи бўйича суммаси бўйича ёзиб борилади; ишлатилган электр энергия – белгиланган вақтда тегишли счетчикларнинг маълумотлари бўйича ёзиб борилади; меҳнат ҳақи харажатлари – қайси ой учун ҳисобланганлиги бўйича ишчи ва ходимлар кесимида ҳисобланади; ишлаб чиқариш биносининг амортизация харажатлари – ҳисоб сиёсатида кўрсатилган методларни қўллаган ҳолда ҳар ойлик суммаси ёзиб борилади; ва бошқа харажатлар элементлари бўйича ҳам шундай тартибда харажатлар тўпланилади. Тўпланган маълумотлар маҳсулот таннархини ҳисоблаш учун дастлабки хом-ашё ҳисобланади;
2. Таннархни тақсимлаш – бу биринчи босқичда жамланган харажатларни таннархи объекти ўртасидаги объектив боғлиқликни ўзида энг реал мужассамлантирган мезонлар бўйича таннарх объектларига олиб боришдир. Тайёр маҳсулотлар таннархи ҳисобини ташкил қилишнинг иқтисодий мақсадларга энг мувофиқ келадиган тизими – бу жавобгарлик марказларини ташкил этиш масалан, меҳнат ресурслари ва харажатлари назорати бўлими, материалларни ишлатиш бўлими ва бошқалар ва ушбу харажатларга монант келадиган тааллуқли таннархи объектларини танлаш ҳисобланади. Таннархни тақсимлаш қанчалик асосланган ва объектив бўлса, маҳсулот таннархини ҳисоблаш шунчалик сифатли бўлади.
Ишлаб чиқариш корхоналарида маҳсулот таннархи учта таннарх элементи (категорияси)дан ташкил топади (1.5-расм):
Меҳнат харажатлари;
Устама ишлаб чиқариш харажатлари (билвосита харажатлар).
Таннарх бухгалтерияси (Cost Accountancy) – таннархни ҳисоблаш (costing) ва таннарх ҳисобидаги принциплар, методлар ва техникасини (techniques) қўллаш сифатида илм-фан ҳамда санъат, таннарх назорати ва рентабелликни аниқлаш сифатида амалиётдир.
Таннарх бухгалтери (Cost accountant) – бу назарий ва амалий компетенцияларга эга бўлган таннарх бухгалтериясини юритадиган профессионал мутахассисдир.
“Таннарх ҳисобининг асосий мақсади захираларни баҳолаш учун калкуляция қилиш ва фойдани аниқлашга қаратилган. Ҳозирги замон бошқарув ҳисобида унинг анъанавий бошқарувда қуйидаги масалаларни ҳал қилишда ишончли ахборот базасини таъмин этишга қаратилган:
1. Қайси маҳсулотни ишлаб чиқаришни давом эттириш? Ёки тўхтатиш?
2. Комплектловчи (бутловчи) буюмларни ўзимизда ишлаб чиқариш керакми ёки харид қилиб олиш?
3. Қандай нарх белгилаш керак?
4. Таклиф қилинган асбоб-ускуналарни харид қилиб олиш керакми?
5. Ишлаб чиқариш технологияси ва ташкил этилишини алмаштириш керакми?
6. Менежерни хизмат вазифаси бўйича кўтариш керакми?
7. Ушбу цехни ёпиш керакми ёки давом эттириш?”
Ҳозирги кунда харажатлар (таннарх) ҳисоби тизим сифатида юзага келмоқда.
Таннарх ҳисоби тизими – бу таннарх объектига доир бўлган ахборотларни ўлчаш, ёзувини амалга ошириш, таҳлил ва интерпритация қилиш ҳамда таннарх ҳисоботини тузишда қўлланиладиган мунтазам-даврий жараёнлар ва процедуралар мажмуасидан иборатдир.
Таннарх ҳисоби бошқарув (менежментлик) ҳисобининг энг муҳим таркибий қисми бўлиб, у нафақат менежментни ахборот билан таъминлайди, балки менежментлик ҳисобининг бошқа таркибий қисмлари учун ҳам ахборот манбаи ҳисобланади. Шу боис, таннархи ҳисоби бошқарув (менежментлик) ҳисобининг фундаментини, яъни унинг асосини ташкил этади десак айнан ҳақиқат бўлади. Соҳа бўйича энг нуфузли ташкилот CIMA институти Таннархни ҳисоблаш (Costing), Таннарх ҳисоби (Cost accounting) ҳамда Таннарх бухгалтери (Cost Accountancy) тушунчаларига алоҳида тавсифлар келтирган:
“Таннархни ҳисоблаш (Костинг) – бу таннархни аниқлашда қўлланиладиган методлар (techniques and) мажмуаси ҳамда уни ҳисоблашни амалга ошириш жараёнидир (processes). Ушбу методлар маҳсулотлар ва хизматлар таннархини аниқлаш процедурасини тартибга солувчи принциплар ва қоидалардан иборат бўлади. Ушбу методлар турли маҳсулотлар ва хизматлар таннархини аниқлашда саноат тармоқларининг хусусиятларидан келиб чиқиб белгиланади.”
Бошқа манбаларда ҳам шу каби тавсифлар келтирилган: “Костинг – бу қуйидагиларни аниқлашда қўлланиладиган принциплар ва қоидалардир: (а) маҳсулотлар, мисол учун кимё маҳсулотлари, телевизор ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш таннархи ҳамда (б) хизматлар, мисол учун электр энергияси, транспорт ва бошқа ҳизматларни таъмин этиш таннархи.”
Амалиётимизда таннархни ҳисоблаш “маҳсулот (иш ва хизматлар) таннархи костингси”, рус тилида костинг «себестоимости продукции (работ, услуг)» деб юритилади. “Calculatio” лотинча сўздан олинган бўлиб счет, яъни жамини чиқариш маъносини англатади. Европа ва АҚШдаги дарсликларида ҳамда халқаро стандартларда маҳсулот таннархини ҳисоблашда “calculation” атамасидан фойдаланилмаган. Таннарх ҳисоби масалаларни ўрганишда энг кўп қўлланиладиган атамалардан бири бу костингдир. Масалан, бошқарув ҳисобида костингнинг қуйидаги турдаридан фойдаланамиз: “costing method, absorption costing, variable (direct) costing, process costing, activity-based costing, actual costing, standard costing, average costing, functional costing, historical costing, constraint-based costing, continuous operation costing, contract costing, normal costing, job order costing”. Бу тушунчаларнинг ҳар бири битта мавзу. Ушбу атамаларни калкуляция деб таржима қилсак, унинг асл моҳиятини тўлиқ ифодалаб бера олмайди. Шу сабабли, калкуляция атамасининг ўрнига Костинг тушунчасини қабул қилиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.
Таннарх ҳисоби (Cost accounting) – бу операциялар, жараёнлар, фаолиятлар ёки маҳсулотлар бюджетлари, стандарт таннархи ва ҳақиқий таннархини ўрнатиш ҳамда юзага келган четланишлар, рентабеллик даражаси ва фондлардан ижтимоий фойдаланиш таҳлилидан иборатдир.
Соҳанинг таниқли олими Уэлдон “Таннарх ҳисоби – бу менежмент томонидан назорат ва бошқарувнинг амалга оширилиши мақсадида тартибга солинган маълумотлар бўйича тақдимотни тайёрлаш учун харажатларни таснифлаш, қайд қилиш ва мутаносиб равишда тақсимлаш асосида маҳсулотлар ва хизматлар таннархини аниқлашдир.”
Таннарх ҳисоби асосан ресурсларнинг, жумладан метериаллар, меҳнат ва машина ва асбоб-ускуналарнинг сарфланиши билан боғлиқ жараёнларни қамраб олиб, унинг мақсади менежментни улар томонидан баҳоларни белгилаш, маҳсулотларни танлаш, захираларнинг оптимал миқдорини белгилаш, уларнинг сарфланиши ҳамда омборларда сақланишига оид қарорлар қабул қилишлари учун маҳсулот таннархи, жараён таннархи, хизматлар, жумладан коммунал хизматлар таннархи, захиралар таннархи ва бошқалар тўғрисида ахборотлар билан таъминлаш бўлиб ҳисобланади.
Тайёр маҳсулотлар (ишлаб чиқариш харажатлари) таннарх ҳисоби – бу тайёр маҳсулотлар таннархига доир бўлган ахборотларни ўлчаш, баҳолаш, бухгалтерия ёзувини амалга ошириш, таҳлил қилиш ҳамда таннарх ҳисоботини тузишда қўлланиладиган усуллар, тизимлар ва муолажалар муажмуасидан иборат тизимдир. Тайёр маҳсулотлар таннарх ҳисобига доир адабиётларда таннарх ҳисоби тизимининг қуйидаги тўртта бир-биридан фарқ қиладиган фаолиятларини қайд қилишган:
1. Тайёр маҳсулотлар таннархни ўлчаш ва баҳолаш;
2. Тайёр маҳсулотлар таннархга оид бухгалтерия ёзувларини амалга ошириш;
Ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотлар таннархи тўғрисидаги ҳисоботни тузиш ва менежерларга тақдим қилиш;
Тайёр маҳсулотлар таннархини таҳлил қилиш
Таннархни ўлчаш ва баҳолаш. Таннарх бухгалтерлари тайёр маҳсулотлар, иш ва хизматлар, фаолиятнинг таннархни аниқлаш учун зарур бўлган ахборотларни тўплайди. Бу функцияни муваффақиятли бажаришлари учун ушбу жараёнлар тўғрисида ахборотлар лозим. Бухгалтерлар бизнес фаолияти операцияларининг таннархини ўлчаш ва баҳолашлари учун ишлаб чиқариш ишчиларининг ишлаган меҳнат соатлари, ишлаб чиқарилган маҳсулот бирлиги, ишлатилган материаллар бирлиги ва қиймати ва бошқа ахборотлар зарур ҳисобланади.
Таннархга оид бухгалтерия ёзувларини амалга ошириш. Таннарх ҳисоби тизими бутун бухгалтерия ҳисоби тизимининг ҳам таркибий қисми ҳисобланади, қайсики барча ёзувлар журналларга, кейин эса умумий регистр ҳисобланган бош китобга ўтказилади. Ходимлар томонидан тайёрланган дастлабки маълумотлар таннарх ахборотлар манбасини яратиш учун хом-ашё бўлиб ҳисобланади. Бухгалтерлар ишлаган соатларни ёки қўлланилган материалларни сумма кўринишига айлантириб, меҳнат таннархи, материал таннархи ва бошқа таннархга оид бўлган кўрсаткичларни таннарх ҳисоби тизимига киритади.
Таннарх ҳисоботи. Таннархга оид маълумотлар қайта ишланиб, жамлангандан сўнг, деталли маълумотлар ички ахборот фойдаланувчиларга, бухгалтерия ҳисоби стандартларига мувофиқ умумлашган ҳолдаги маълумотлар ташқи фойдаланувчилар учун молиявий ҳисоботларда ўз аксини топади. Ҳисобот бу қарорлар қабул қилишлари учун уйғун бўлган ахборотларни фойдаланувчиларга тақдим қилиш жараёнидир. Таннарх ҳисоби тизими бу ахборот фойдаланувчиларга ахборотларга бўлган эҳтиёжларига монант ҳолда ҳисобот кўринишида уйғун ҳамда ўз вақтида бўлган ахборотларни етказиб беришга қаратилган тизим ҳисобланади.Таннарх бухгалтерияси (Cost Accountancy) – таннархни ҳисоблаш (costing) ва таннарх ҳисобидаги принциплар, методлар ва техникасини (techniques) қўллаш сифатида илм-фан ҳамда санъат, таннарх назорати ва рентабелликни аниқлаш сифатида амалиётдир.
Демак, ушбу CIMA томонидан берилган таърифга кўра, таннарх бухгалтерияси бу таннарх бухгалтерларнинг илм-фани, санъати ва амалиётдир. Бу шу маънода илм-фанки, унда соҳага оид систематик билимлар мужассам бўлади, қайсики таннарх бўйича бухгалтерлар бу билимлар орқали ўзининг мажбурияти ва жавобгарлигидаги вазифаларини амалга оширади. Таннарх бухгалтерияси таннарх бухгалтерлари томонидан соҳанинг принципларини турли хил менежмент муаммоларини, жумладан, нархларни белгилаш, таннарх назорати ва бошқа шу каби масалаларига қўллаш борасида қобилияти-уқуби ва ихтидорга эга бўлиши нуқтаи назаридан санъатдир. Амалиёт бу таннарх бухгалтерларининг таннарх бухгалтерияси майдонидаги доимий ҳаракатда бўлган қисми бўлиб у ҳақиқатда юз берган жараёнлар ва ҳодисаларга асосланади. Назарий билимлар таннарх илм-фанида фундаментал аҳамият касб этади. Таннархга оид актлар эса назарий билимлар билан бир қаторда амалий тайёргарликни ҳам талаб этади. Масалан, назарий билимга эга бўлган мутахассис масаланинг мазмун-моҳиятини яхши тушунади, қайси усулларни қўллаш лозимлигини билади, лекин уни амалиётда қандай қилиб жорий қилишлиги учун амалий кўникма ва компетенция талаб этилади. Шунинг учун назария ва амалиёт бир-бирини тўлдирадиган ва бир-биридан ажратиб бўлмайдиган қисмлардир.
Таннарх ва менежментлик ҳисобига оид дарсликда таннарх ҳисобининг вазифалар (objectives)ларига қуйидагилар киритилган:
Маҳсулотлар ва операциялар таннархига оидлигини белгилаш учун барча харажатларни таҳлил этиш ва таснифлаш;
Хар бир бирлик маҳсулот, иш, операциялар, жараёнлар ва бўлимлар ва сервис хизматларининг ишлаб чиқариш таннархини белгилаш учун стандарт таннархни жорий этиш;
Менежментга хўжасизлик (самарасиз фаолият) ва чиқимларнинг турли хил кўринишлари, жумладан, материаллар, вақт, харажатлар ёки машина ва асбоб-ускуналар ва дастаклар билан боғлиқ чиқимлар масштаби тўғрисида кўрсатмалар тақдим этиш. Қониқиш ҳосил қилмайдиган натижаларнинг сабаблари таҳлили тўғирлашлар киритишга ҳам қаратилиши мумкин;
Молиявий йил давомида менежмент учун уйғун бўлган вақт интервалида, масалан, ҳар ҳафталик, ҳар ойлик, ҳар чораклик ва бошқа вақт оралиғида нафақат бутун бир ягона бизнес бирлиги бўйича, балким бўлимлар ёки маҳсулотлар бўйича ҳам даврий фойда ва зарарлар счети ва баланс ҳисоботлари маълумотларини тақдим этиш. Фойда ва зарарларнинг асл сабаблари деталли очиқланиши учун фойда ва зарарлар тўғрисидаги ҳисоботда жами сумма уни келтириб чиқарувчи кўрсаткичлар бўйича баён этилади.
Ишлаб чиқаришда иқтисод қилишнинг манбаларини қўлланилаётган методлар, асбоб-ускуналарнинг турлари, маҳсулотлар ва компоновкаларни ўрганиш орқали ахтариб топиш. Ҳар кунлик, ҳар ҳафталик, ҳар ойлик ахборотлар оператив ва конструктив қарорлар қабул қилиш учун зарур ҳисобланади.
Ҳақиқий таннарх тўғрисидаги рақамларни баҳоланган кўрсаткичлар билан солиштириш ҳамда менежментга улар томонидан келгуси рақамларни баҳолашларни, котировкалар учун тақдим этиш ва нархларни белгилаш (price-fixing policy) сиёсатини амалга оширишда ёрдам бериш;
Қаерда стандарт костни тайёрлаш орқали маҳсулот таннархи қанча бўлиш кераклиги кўрсатилиши лозим, қайсики бунда ҳақиқий таннарх стандарт кост билан солиштирилиши учун қайд қилиб борилади;
Турли даврлар ва маҳсулот ишлаб чиқаришнинг турли ҳажмларида таққосланадиган таннарх тўғрисидаги ахборотлар тайёрланиши;
Захиралар ва бошқа материлларнинг узлуксиз ҳисоб тизими орқали (perpetual inventory) фойда ва зарарлар тўғрисидаги счет ҳамда бухгалтерия баланси захираларни муддатдан ташқари инвентаризациясини ҳамда омборхоналарни текшириш натижаларини олмасдан туриб тузиш ҳамда қисқа вақт интервалида тўғирлашларни киритиш имкониятлари таъминланиши керак. Бундан ташқари, ушбу тизим орқали ишлаб чиқаришни режалаштириш ва омбордаги ҳар хил камомадлар ва йўқотишларга барҳам берилиши ҳам таъмин этилиши лозим;
Турли кўринишдаги қисқа муддатли қарорларни, жумладан, махсус харидорлар учун нарх квоталарини белгилаш, шунингдек иқтисодий тушиш бўлган даврда ҳам турли маҳсулотларга имтиёзлар бериш бўйича қарорлар қабул қилиш.
Ушбу тизимдан олинадиган нафлар тавсифлаган. Уларни келтириб ўтамиз:
Менежерларнинг таннарх ҳисобини ташкил этишдан оладиган нафларини қуйидаги омилларда белгиланиши қайд қилинган.
Таннарх ҳисоби савдо инқирози ва савдо рақобати кучайган даврда ёрдам беради – савдо инқирози даврида ташкилотда муқаррар юзага келиши мумкин бўлган зарарга йўл қўймаслик керак. Бундай шароитда менежмент ресурсларни иқтисод қиладиган йўлларини ахтариб топиши, материаллардан чиқинди чиқишини максимал камайтириш, ишчи ходимларнинг иш вақтидан самарали фойдаланиш, нархларни камайтириш борасида қарорлар қабул қилишда таннарх ҳисоби маълумотларини синчковлик билан таҳлил қилиши талаб этилади. Ташкилот нафақат инқирозда омон қолиши, балки фаолиятини давом эттириш ҳамда иқтисодий ўсишни таъминлаши керак бўлади. Бу талабларга фақат мақбул (адекват) бошқарув ҳисоби тизими жавоб беради;
Таннарх ҳисоби нархларнинг ўзгармаслигини белгилайди – талаб ва таклиф қонуни нархларни белгилашда салмоқли таъсир кўрсатсада, таннарх ҳисоби маълумотлари нархни шакллантиришда асосий омил бўлиб қолади. Ишлаб чиқарувчи нархни ўзгартириш бўйича қарорлар қабул қилишда ўзининг таннарх ҳисобига оид ёзувларидан зарурий кўрсатмаларни олади;
Таннарх ҳисоби ҳисоб объектлари бўйича баҳолашларни амалга оширишда ёрдам беради – мақбул (адекват) таннархга оид ёзувлар ҳисоб объектларини баҳолаш ҳамда тендерларда котировка ўтказишда қарорлар қабул қилишда ишончли ахборотлар билан таъминлайди;
Таннарх ҳисоби ишлаб чиқаришни тўғри йўлдан йўналтиришга ёрдам беради – таннархга оид тўғри ахборотларнинг тақдим этилишии менежментга рентабелли ёки рентабелсиз фаолиятни фарқлаш имкониятини беради. Фойдани рентабелли фаолиятга аҳамият қаратиш ҳамда самрасиз фаолиятга барҳам бериш орқали максималлаштириш мумкин бўлади;
Таннарх ҳисоби йўқотишларни бартараф этади – таннарх ҳисоби таннархни деталли юритишга асосланади. Бу эса қайси таннарх элементидан ортиқча сарф-харажатлар юзага келаётганлигини ва у қайси омил ҳисобидан шаклланганлигини аниқлаш ҳамда йўқотишларнинг турли кўринишларига барҳам бериш имкониятини беради.
Таннарх ҳисоби таққослаш имкониятини беради – таннархга оид ёзувларнинг ҳаққоний юритилиши таққослаш учун таннарх тўғрисида ахборотларни таъмин этади, қайсики менежментга келгусидаги фаолият йўналишларини белгилаб олишга ёрдам беради;
Таннарх ҳисоби фойда ва зарарлар тўғрисидаги ҳисоботни тузиш учун маълумотларни тақдим этади – мақбул таннарх ҳисобига оид ёзувлар менежментни уларга қўлай бўлган вақт интервалида фойда ва зарарлар ва бухгалтерия балансини тайёрлаш учун зарур бўлган ахборотларни таъмин этади;
Таннарх ҳисоби самарадорликни аниқлаш ва уни оширишга ёрдам беради – агарда ишлаб чиқаришда юз берган операциялар синчковлик билан ўрганилса материалларнинг талон тарож қилиниши, ишчиларнинг бўш туриб қолиши натижасида йўқотишлар, супервайзерларнинг бўш назорати ва бошқа ҳолатлар аниқланиши мумкин, қайсики уларнинг бартараф этилиши самрадорликни оширишга хизмат қилади;
Таннарх ҳисоби захиралар бошқарувида ёрдам беради - таннарх ҳисоби маълумотлари захиралар, жумладан материаллар, тугалланмаган ишлаб чиқариш ва тайёр маҳсулотлар ҳолати ва ҳаракатини тавсифлайди. Ушбу маълумотлар захираларни назорат қилиш ва бошқаришни таъмин этади.
Таннарх ҳисоби тизимини ташкил этишда ҳисобга олиш лозим бўлган омилларига қуйидагилар киради:Маҳсулот бирлигининг таннархи маҳсулотни ишлаб чиқариш харажатларини, яъни маҳсулотнинг ишлаб чиқариш таннархини ишлаб чиқарилган маҳсулот миқдорига бўлиш орқали топилади. Ишлаб чиқаришнинг бошланғич ва охирги қолдиқлари мавжуд эмас. Ой мабойнида маҳсулотни ишлаб чиқариш (материал, меҳнат ва устама ишлаб чиқариш) харажатлари 280000 ташкил этади. Ҳисобот даврида 1000 бирлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. У ҳолда маҳсулот бирлигининг таннархи 280 ни ташкил этади: Ҳисобот даврида ишлаб чиқарилган 1000 бирлик маҳсулотдан 800 таси сотилди, қолган 200 таси захирада қолди. Маҳсулот бирлиги таннархи концептидан фойдаланган ҳолда молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда “сотилган маҳсулотлар таннархи” ҳамда бухгалтерия балансида “ҳисобот даврининг охирида захиралар қиймати” кўрсаткичларини аниқлаш мумкин бўлади.Агарда ҳисобот даври боши ва охирида тугалланмаган ишлаб чиқариш мавжуд бўлса, у ҳолда маҳсулот бирлиги таннархини ҳисоблаш мураккаблашади. Бундан ҳолларда бошқарув ҳисобида тугалланмаган ишлаб чиқаришда мавжуд бўлган қолдиқлар тайёр маҳсулотларга тенглаштириб олиниб эквивалент бирлик ҳисобланади. Унинг ҳисобланиш тартибини жараёнли костингда кўриб ўтамиз.
Таннарх драйвери (ишлаб чиқариш ҳажми ва бошқа омиллар)нинг таъсирига кўра харажатлар ўзгарувчан ва доимий харажатларга ажратилади. Таннарх драйвери деганда, таннархнинг умумий суммада ўзгаришига энг катта таъсир кўрсатадиган омилга айтилади, қайсики унинг таъсирида таннарх маълум бир боғлиқликлар асосида ўзгариб боради. Таннарх драйвери бўлиб ишлаб чиқариш ҳажми, сотиш ҳажми, меҳнат соатлари, машина соатлар, бажарилган ишлар ҳажми ва бошқа омилларни олиш мумкин.
Ўзгарувчан харажатлар маҳсулот ҳажми (фаолият даражаси)га тўғридан-тўғри мутонасиб (пропорционал) равишда ўзгарадиган харажатларга айтилади. Уларга мисол қилиб ишлаб чиқариш материал харажатлари, ишбай меҳнат ҳақи, сарфланган энергия (ёқилғи, электро-энергия) харажатларини келтиришимиз мумкин.
Доимий харажатлар ўрганилаётган даврда маҳсулот ҳажми (фаолият даражаси)нинг катта ўзгариши диапазонида миқдор жиҳатдан ўзгаришсиз қолади. Ушбу харажатларга мисол қилиб амортизация харажатлари, назоратчилар, усталар иш хақи, ижара тўловларини олиш мумкин.
Махсулот ишлаб чиқариш ҳажми ошганлиги сабабли маҳсулот бирлигининг таннархи камайиб боради. Бунга асосий сабаб, маҳсулот бирлигига тўғри келадиган ўзгарувчан харажатлар ўзгармайди, лекин доимий харажатлар умумий суммада бўлганлиги учун маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ошганлиги сабабли маҳсулот бирлигига тўғри келадиган доимий харажатлар камайиб боради. Натижада, маҳсулот бирлигининг таннархи камаяди.
Do'stlaringiz bilan baham: |