Нархнинг мазмуни унинг объектив асослари ва унинг вазифалари
Нарх – бозор механизмининг муҳим таркибий унсурларидан бири. У ўзининг вазифалари орқали барқарор иқтисодиётнинг шаклланиши ҳамда самарали амал қилишига, бозор мувозанатининг таъминланишига, миллий даромаднинг иқтисодиёт турли тармоқ ва соҳалари, хўжалик юритувчи субъектлари бўйича тақсимланишига, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилинишига шароит яратади. Шунингдек, у ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириб, соғлом рақобат муҳитининг яратилишига катта таъсир кўрсатади.
Товарлар қиймати ва уларнинг нафлилиги ўзларининг намоён бўлишини нархда топади. Амалий ҳаётда қиймат товар ишлаб чиқарувчиларни, нафлилик эса истеъмолчиларни рағбатлантирувчи, уларни ҳаракатга келтирувчи куч сифатида амал қилади.
Товарнинг бир-бирига қарама-қарши бўлган, лекин доимо бир-бирини тақозо этадиган, бирисиз иккинчиси бўлмайдиган икки хусусиятга, яъни маълум бир нафлиликка (истеъмол қийматига) ва қийматга эга эканлиги, товар ёки хизмат шу икки хусусият бирлигидан иборат эканлиги ўқувчига олдинги боблардан маълумдир.
Олдинги ўринларда биз товарнинг қиймати ҳар қандай сарфларни эмас, балки мавжуд шароитда шу товарни ижтимоий зарурий миқдорда ва сифатда ишлаб чиқариш, яъни ижтимоий-зарурий нафлиликни яратиш учун зарур бўлган ижтимоий зарурий сарфларни ифода этишини айтиб ўтган эдик. Нархлар мазмунини аниқлашда товардаги мана шу икки хил хусусиятнинг, яъни ижтимоий қиймат ва ижтимоий нафлилик бирлигини, бунда истеъмол қиймат (нафлилик) қийматни ўзида олиб юрувчи моддий асос эканлигини тўғри ҳисобга олмаслик натижасида нарх мазмуни турли олимлар ва оқимлар томонидан турлича аниқланмоқда ва унга турлича таъриф берилмоқда.
Бунинг устига нархнинг даражасига (юқори ёки паст бўлишига), унинг ўзгаришига турли хил омиллар таъсир қиладики, бу ҳам масалани тўғри тушунишни бир оз чигаллаштиради.
Масалан, инглиз классик сиёсий иқтисод мактаби вакиллари ғояларида ҳамда олдинги сиёсий иқтисод дарсликларида нархнинг асосини қиймат ташкил қилади дейилган бўлса, маржинализм йўналишидаги ва ҳозирги даврдаги П.Самуэльсон, К.Макконнелл ва С.Брюларнинг «Экономикс» дарсликларида, шунингдек, яқинда чоп этилган айрим иқтисодиёт назарияси дарсликлари ва ўқув қўлланмаларида товар нархининг асосини унинг нафлилиги, аниқроқ айтганда, қўшилган миқдор нафлилиги ташкил қилади дейилади. Бунда сўнгги қўшилган миқдор нафлигига алоҳида эътибор берилади.
Учинчи гуруҳ олимлар эса нарх талаб ва таклиф асосида ташкил топади дейишади. Уларнинг ҳар бири ўзларича турли далиллар топиб, ўз ғояларини исботлашга ҳаракат қиладилар.
Росияда чоп этилган бир қатор «Иқтисодиёт назарияси» дарсликларида товарнинг икки хил хусусияти ва бинобарин, ҳар икки назариянинг моҳияти, мазмуни ва уларнинг нархни тўғри аниқлашдаги роли берилади, лекин нархнинг асосида нима ётиши ҳақида аниқ фикр берилмайди.
Алоҳида товарларга қилинган меҳнат сарфлари турлича бўлиб, улардан айримлари ижтимоий меҳнат сарфи сифатида тўлиқ тан олинса, бошқаси қисман тан олинади, учинчиси эса умуман тан олинмаслиги мумкин. Бундан кўриниб турибдики, бозордаги мавжуд нархларга меҳнат сарфлари ёки қийматнинг айнан ўзи деб қараш нотўғридир. Чунки унга меҳнат сарфидан бошқа омиллар ҳам таъсир қилиб, натижада нарх қийматдан паст ёки юқори бўлиши мумкин.
Жумладан, ўзгариб турувчи талаб ва таклиф таъсири остида бирор товарнинг бозор нархи тебраниб, унинг қийматидан у ёки бу томонга фарқланиши мумкин. Рақобат ҳам қиймат – нарх нисбатига худди талаб ва таклиф каби таъсир кўрсатади. Бу ерда шуни таъкидлаш лозимки, харидор у ёки бу товарни сотиб олишда, нафақат унинг қанча туришини, балки мазкур товарнинг истеъмол хусусиятлари ўзининг эҳтиёжи ва дидига қанчалик мос келишини, яъни унинг нафлилигини ҳам ҳисобга олади.
Товарнинг харид қилиниши унинг алоҳида олинган бир киши учун эмас, балки жамият учун нафлилигини ва шу билан бирга ижтимоий қийматини ҳам тан олишни билдиради. Шу сабабли, «ижтимоий нафлилик» тушунчасининг ўзи бирор товар (хизмат) нинг жамият учун нафлилиги, қадр-қимматга эгалигини кўрсатади. Шу мулоҳазалардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, нарх ўзида фақатгина қиймат ёки нафлиликнинг бирини эмас, балки ҳар иккаласининг бир вақтда мавжудлигини ва уларнинг маълум миқдорини пул кўринишида ифода этади.
Товардаги икки хусусият бирданига тан олинмаса, у пулда ифодаланмаса олди-сотди содир бўлмайди. Чунки товарнинг қиймати томонида сотувчининг манфаати, нафлилиги (истеъмол қиймати) томонида эса харидорнинг манфаати ётади. Товар эгаси товар ишлаб чиқариш сарфларини қоплаб, маълум даражада, иложи борича кўпроқ фойда олишни таъминлаши мумкин бўлган қийматни пул шаклида ўзлаштиришга интилса, харидор иложи борича сарфлаётган пулининг ҳар бир бирлигига кўпроқ нафлилик (истеъмол қиймати) олишга ҳаракат қилади. Уларнинг манфаатлари тўғри келган нуқтада, даражада нарх ўрнатилиб, товар-пул алмашуви, олди-сотди содир бўлади.
Бу ҳолатни яхшироқ тасаввур қилиш учун қуйидаги 1-чизмага эътиборни жалб этамиз.
Бу чизмадан товарнинг нархи маълум бир иқтисодий жараённи ифода этувчи мустақил илмий тушунча эканлиги, товарнинг икки хусусиятига асосланишини, улар билан чамбарчас боғлиқликда ўзгаришини кўриш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |