6 МАВЗУ. ПСИХОАНАЛИЗНИНГ ПАЙДО БЎЛИШИ ВА РИВОЖЛАНИШИ (2 соат маъруза, 2 соат семинар)
XIX асрнинг иккинчи ярмида психология фалсафадан ажралиб чиқиб мустақил фан сифатида фаолият юргиза бошлагач, унинг асосий мақсади лаборатория шароитида интроспекция (ўз-ўзини кузатиш) усули ёрдамида катта ёшдаги одам психик ҳаётининг асосий элементларини очишдан иборат бўлиб қолди. Кейинчалик психологияда структуравий мактаб деб ном олган бу йўналишга 1879 йили Лейпцигда биринчи психологик лаборатория ташкил қилган Вильгельм Вундт асос солган эди. Вундт психологиянинг асосий вазифаси сифатида онг жараёнини қисмларга ажратиш ва улар ўртасидаги қонуният боғланишларини ўрганишни таклиф қилди. Шунинг учун ўша даврнинг психологлари Веналик ёш врач Зигмунд Фрейд томонидан ҳеч кимнинг ёрдамисиз ишлаб чиқилган одамларни ўрганишнинг бутунлай янги ёндашуви пайдо бўлганда карахт ҳолатга тушиб қолишди. Одам психик ҳаётининг марказига онгни қўйиш ўрнига Фрейд уни озгина қисми сувнинг тепасига чиқиб турган айсбергга қиёслади. Шу давргача ҳукмронлик қилиб келган одамга ўз хулқини англай оладиган ақлли мавжудот сифатида қарашларга зид равишда у бошқача назарияни таклиф қилди: одамлар доимий зиддият ҳолатида бўлишади ва бу зиддиятларнинг сабаби бутунлай бошқа, психик ҳаётнинг янада кенгроқ соҳаси бўлган – англанмайдиган жинсий ва агрессив майллардадир.
Фрейд биринчи бўлиб психикани ҳеч қачон ўзаро келиша олмайдиган инстинкт, мулоҳаза ва онг кучлари ўртасидаги жанг майдони сифатида тақдим қилди. «Психодинамик» атамаси айнан ана шу шахснинг турли қисмлари ўртасидаги доимий курашга ишора қилади. Психоаналитик назария психодинамик ёндашувнинг кўриниши сифатида хизмат қилиб, инсон хулқини бошқаришда ҳукмронлик учун ўзаро рақобат қиладиган ёки курашадиган инстинктлар, мотивлар (фаолиятга ундовчи сабаблар) ва майлларнинг мураккаб ўзаро ҳаракатларига асосий эътиборни қаратди. Асосан Фрейд талқинидаги, шахс ҳеч қачон тўхтамайдиган, ўзаро зиддиятда бўладиган жараёнларнинг ўсиб борувчи мураккаб қурилмасидан иборат, деган тасаввурда психодинамик ёндашувнинг моҳияти ифодаланган. Шахсга нисбатан қўлланиладиган динамика тушунчаси инсоннинг хулқи тасодифий ёки бебош бўлмай балки, детерминлашган, яъни сабабий боғланган деган маънони англатади. Психодинамик йўналишда детерминизм биз бажараётган, ҳис қилаётган ёки ўйлаётган, ҳатто айрим одамлар бутунлай тасодиф деб ўйлайдиган ҳодисаларга ҳам, шунингдек билмай гапириб юбориш, билмай хато ёзиб қўйиш ва шунга ўхшаш барча ҳолатларга ҳам бирдек тааллуқлидир. Бу тасаввур бизни психодинамик йўналиш тақдим қиладиган энг асосий ва ҳал қилувчи мавзуга олиб келади, яъни айнан шу тасаввур инсон хулқини бошқаришда онгсиз психик жараёнларнинг аҳамиятини таъкидлайди. Фрейднинг фикрича фақат қилиқларимизгина аксарият ҳолларда иррационал (мантиқ қоидаларига зид) бўлмай, шунингдек бизнинг хулқимизнинг аҳамияти ва сабаблари ҳам камдан-кам ҳолларда англанган бўлади.
Фрейд таълимотини тан олмай туриб замонавий шахс назарияларини объектив баҳолаб бўлмайди. Биз унинг у ёки бу (ёки ҳамма) ғояларини тан олиш ёки тан олмаслигимиздан қатъий назар Фрейднинг XX аср ғарб цивилизациясига кўрсатган чуқур ва мустаҳкам таъсирини инкор этиб бўлмайди. Шуни таъкидлаш жоизки, инсониятнинг бутун тарихи давомида камдан-кам ғоялар шунчалик кенг ва кучли таъсир кучига эга бўлган. Унинг инсон табиатига ўзига хос қарашлари ўша даврда ҳукмрон бўлган тасаввурларга кескин зарба берди; Фрейд қоронғи, яширин, демак англаб бўлмайди деб ҳисобланган инсон психик ҳаётининг қирраларини тушунишга эришишнинг қийин, лекин жалб қилувчи йўлини таклиф қилди.
Ўзининг 45 йиллик самарали илмий фаолияти давомида Фрейд: 1) шахснинг биринчи кенг кўламли назариясини; 2) ўзининг терапевтик тажрибаси ва ўз-ўзини таҳлил қилишига асосланган клиник кузатишларнинг кенг миқёсли тизимини; 3) невротик бузилишларни даволашнинг ўзига хос усулини; 4) бошқа ҳеч қандай усул билан ўрганиб бўлмайдиган психик жараёнларни тадқиқ қилиш усулларини яратди.
Фрейддан кейин шахс назариясининг психодинамик йўналишида бир-бири билан унчалик боғлиқ бўлмаган назариялар пайдо бўлиб, уларнинг муаллифлари ёки Фрейдча ёндашувни кенгайтиришга ёки уни қайта кўриб чиқишга ҳаракат қилишди. Фрейд унинг қарашларини маъқуллайдиган кўплаб интеллектуалларни ўзига жалб қилган ва руҳлантирган эди. Улардан баъзи бирлари психоанализга назарий тизим сифатида содиқ қолишди; унга шунчаки сайқал бериб замонавийликка яқинлаштиришди. Бошқалари бутунлай ўзгача йўналишдан кетишди, ўзларининг шахсий, аксарият антогонистик позицияларига эга бўлишди.
Улардан иккитаси - энг машҳур назариётчилар, Альфред Адлер ва Карл Густав Юнглар Фрейд билан алоқаларини узиб, ўз шахсий ноёб назарий тизимларини яратишди. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам даставвал психоаналитик ҳаракат иштирокчилари сифатида Фрейд назариясининг кўлами ва янгилигини қизғин қўллаб-қувватлашган. Бироқ, вақт ўтиши билан улар Фрейднинг сексуаллилик ва агрессияга инсон ҳаётининг марказий мазмуни сифатида ҳаддан ташқари катта аҳамият бераётганлиги билан келишолмасликларини билдиришди. Фрейд билан психоанализнинг бошқа назариётчилари ўртасида ҳам кўплаб фикрларда келишмовчиликлар мавжуд эди, бироқ, Адлер ва Юнгни ҳисобга олмаганда, уларнинг биронтаси ҳам инсон хулқининг асосий қирраларини қамраб олиш кўлами жиҳатидан Фрейд билан беллаша оладиган тугал мустақил назария ярата олмадилар.
Адлер қарашлари тизимининг марказий нуқтасини индивидуум (шахс)нинг социум (жамият)дан ажралмаслиги ғояси ташкил қилади. Ижтимоий – когнитив йўналиш вакиллари сингари Адлер шахснинг ижтимоий детерминантларига алоҳида эътибор беради. Адлер томонидан муҳим деб ҳисобланган яна бошқа мавзулар одамларнинг:
ўз тақдирларини ўзлари яратишлари;
янада қониқарлироқ ҳаёт кечириш учун ҳайвоний майлларини ва назорат қилиб бўлмайдиган муҳитни бартараф қилишлари;
ўз-ўзини англаш орқали ўзларини ва атроф оламни такомиллаштиришлари каби қобилиятларида жамланган.
Адлер сингари Юнг ҳам Фрейдни инстинктив сексуал майлларга ҳаддан ташқари катта аҳамият берганлиги учун танқид қилган. Юнг томонидан кўтарилган марказий мавзу одамларга бир вақтнинг ўзида ҳам уларнинг келажакка интилишлари ва ҳамда ҳаёт тажрибалари таъсир кўрсатади деган ғояни ўзида акс эттиради. Юнг шахс назариётчилари орасида биринчи бўлиб, шахснинг психик саломатлигига эришиш учун унинг турли йўналишдаги интилишлари ўзаро мутаносибликдаги бир бутунликда жамланиши керак деган фикрни исбот қилди. Бу ғоя Юнг назариясида «шахсий ўсиш» атамаси билан номланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |