МАВЗУ. МЕҲНАТ БОЗОРИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ УСУЛЛАРИ
Режа:
1. Меҳнат бозорини тартибга солишнинг моҳияти, зарурияти ва турлари
2. Давлатнинг меҳнат бозоридаги пассив ва актив сиёсати
3. Меҳнат бозорини тартибга солишнинг хориж тажрибаси
4. Меҳнат бозорини тартибга солиш усуллари: миллий, минтақавий ва ички фирма даражаси
5. Ўзбекистонда меҳнат бозорини тартибга солиш усуллари
1. Меҳнат бозорини тартибга солишнинг моҳияти, зарурияти ва турлари.
Меҳнат бозорини тартибга солиш зарурияти меҳнат бозоридаги конъюнктура ўзгаришларининг олдини олиш, ишчи кучига талаб ва ишчи кучи таклифи ўртасидаги мутаносибликни таъминлаш, самарали бандликка эришиш ҳисобланди. Халқаро Меҳнат Ташкилоти томонидан 1995 йилда қабул қилинган Копенгаген декларациясида барқарор ва тўла иш билан бандликка эришишнинг қуйидаги йўналишлари белгилаб берилган:
иқтисодиёт тармоқларида иш билан бандлик;
институционал (таркибий) мониторинг олиб бориш ва унга мувофиқ меҳнат бозорига тааллуқли чоралар кўриш;
инсон капиталини ривожлантириш ва такрор ҳосил қилишни кенгайтиришни ҳар тарфлама рағбатлантириш;
камбағаллик даражасини пасайтириш ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга мухтож қатламларига ёрдам кўрсатишга қаратилган манзилли дастурларни амалга ошириш .
Халқаро Меҳнат Ташкилотининг меҳнат бозорида фаол сиёсат олиб бориш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қуйидаги маълумотлар муҳим ҳисобланади:
бандлар, ишсизларнинг жинси ва ёш таркиби;
иш кучи сафига қўшилаётганларнинг ўртача ёши ва малакаси даражаси;
оила даромадида иш ҳақи, давлат нафақалари, мустақил иш билан бандликдан, ижарадан, кўчмас мулкдан олинадиган даромадлар улуши;
урбанизация даражаси, шаҳарларда расмий ва норасмий бандлик миқёси, қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ хўжалигига тааллуқли бўлмаган соҳаларда иш билан бандлик даражаси;
корхоналарнинг кўлами ва мулкчилик шаклига қараб таснифланиши;
иқтисодиётнинг халқаро рақобат учун очиқлиги, шу жумладан, миллий даромадда савдонинг улуши ва хорижий инвестицияларнинг аҳамияти;
меҳнат институтлари, шу жумладан, иш берувчилар ва меҳнаткашлар ташкилотларининг ривожланганлиги ва самарадорлиги;
• меҳнат қонунчилигининг кўлами, қамраб олиши ва даражаси, бу қонунчиликнинг ижро этилиши, меҳнаткашларнинг ижтимоий ҳимоя қилиниши ва ижтимоий суғурта.
Меҳнат бозорини тартибга солиш қисқа, ўрта ва узоқ муддатли бўлиши мумкин.
Иш билан бандликнинг қиска муддатли сиёсати ишсизликни бевосита тартибга солиш, меҳнатга лаёқатли аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашиш, ишсизликнинг олдини олишдан иборатдир.
Ўрта муддатли мақсад иқтисодий ривожланишдаги турли номутаносибликларни бартараф этиш орқали иш кучига талабни рағбатлантиришга йўналитирилиши керак. Бунда иқтисодиёт тармоқларида иш билан бандлик соҳасида фаол сиёсат олиб бориш адолатли рақобат орқали тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай муҳит яратиш, инвестиция жараёнларини рағатлантириш орқали самарали иш жойлари ташкил этишни кўпайтириш, иш кучи сифатини оширишдан иборат бўлиши керак.
Иш билан бандликнинг узоқ муддатга мўлжалланган мақсади юкорида қайд қилинган тўла, самарали ва эркин танланадиган фаолият билан банд бўлишни англатади, бу эса иқтисодиёт тармоқларида танлаш мумкин бўлган иш жойлари мавжудлигини назарда тутади.
Do'stlaringiz bilan baham: |