Мавзу: Марказий Осиёдаги барқарорлик ва хавфсизликка таҳдид солаётган диний экстремистик ва миссионерлик ташкилотлари, уларнинг фаолият услублари ва ғаразли мақсадлари
13.08.2021 й.
Мавзу: Марказий Осиёдаги барқарорлик ва хавфсизликка таҳдид солаётган диний экстремистик ва миссионерлик ташкилотлари, уларнинг фаолият услублари ва ғаразли мақсадлари.
Ўзбекистон азалдан турли миллатга мансуб, турли динларга эътиқод қилувчи халқлар тинч-тотув яшаган ўлка бўлиб келган. Аждодларимиз бошқа дин вакилларига доимо ҳурмат билан муносабатда бўлгани, Ватан тараққиёти йўлида елкадош бўлиб меҳнат қилгани тарихий манбаларда кўп қайд этилган.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон аҳолисининг сони 32 млн.дан ошган бўлиб, улар 130 дан зиёд миллатга мансуб ҳисобланади. Фуқароларнинг 94% дан зиёди ислом динига эътиқод қилади. 3,5% га яқин фуқаролар православ динига мансуб бўлиб, қолганларини бошқа конфессия вакиллари ташкил этади. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида 16 диний конфессияга мансуб 2 239 диний ташкилот фаолият олиб бормоқда. Улардан 2065 таси исломий, 157 таси христиан, 8 таси яҳудий, 6 таси баҳоий жамоалари, биттадан Кришнани англаш жамияти ва Будда ибодатхонасидир. Булардан ташқари конфессиялараро Библия жамияти ҳам фаолият юритмоқда. Ушбу диний ташкилотларнинг эмин-эркин фаолият олиб бораётгани ҳам юртимизда ҳукм сураётган диний бағрикенгликнинг амалий ифодасидир.
Ҳеч шубҳасиз, юртимизда турли соҳаларда эришилаётган барча улкан ютуқларимизнинг замирида жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик ҳисобланади.
Маълумки, бугун мусулмон оламида мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар кечмоқда. Яқин Шарқ ва бошқа ҳудудлардаги қатор мамлакатлар чуқур сиёсий танглик, ижтимоий ва иқтисодий беқарорлик ва қуролли тўқнашувларни бошидан кечирмоқда. Мазкур ҳудудларда гўёки ҳақиқий “исломий давлат” қуриш шиори остида очиқдан-очиқ зўравонлик, инсонийликка зид ваҳшийликларга асосланган амалларга қўл ураётган турли гуруҳ ва жамоалар урчиб кетди. Террорчилик ҳаракатлари нафақат беқарорлик ҳукм сураётган ҳудудларда, балки Франция, Германия, Бельгия каби Европа мамлакатларида, Россия синггари МҲД таркибидаги давлатларда рўй бермоқда. Куни кеча Санкт-Питербург шаҳри метросида ҳудкуш-террорчи томонидан содир этилган террорчилик ҳаракати оқибатида ўнлаб одамларнинг халок бўлгани фикримизнинг далили бўлади. Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев таъкидлаганларидек: “Бугунги тез ўзгараётган дунё инсоният олдида, ёшлар олдида янги-янги, буюк имкониятлар очмоқда. Шу билан бирга, уларни илгари кўрилмаган турли ёвуз хавф-хатарларга ҳам дучор қилмоқда. Ғаразли кучлар содда, ғўр болаларни ўз ота-онасига, ўз юртига қарши қайраб, уларнинг ҳаётига, умрига зомин бўлмоқда. Бундай кескин ва таҳликали шароитда биз ота-оналар, устоз-мураббийлар, жамоатчилик, маҳалла-кўй бу масалада ҳушёрлик ва огоҳликни янада оширишимиз керак. Болаларимизни бировларнинг қўлига бериб қўймасдан, уларни ўзимиз тарбиялашимиз лозим”.
Сўнгги йилларда ақидапараст оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, , диний экстремистик мазмундаги материалларни электрон кўринишда тарқатиш, “Интернет” орқали тарғибот ўтказиш, яширин “ҳужралар” ташкил этиш каби усулларда амалга оширмоқда. Айниқса, Интернет тармоғида “Ироқ давлати”, “Жабат ал-Нусра” каби террористик ташкилотлар гўёки ислом равнақи йўлида курашаётган “мужоҳид биродарлар гуруҳи” экани ҳақидаги тарғибот-ташвиқот кенг кўламда олиб борилаётгани, бунинг оқибатида дунёнинг кўплаб мамлакатларидан мусулмон ёшлар “ҳижрат” қилиш ва “жиҳод”да иштирок этиб даъвосида Сурия ва Ироқ ҳудудига бориб, ушбу гуруҳ сафига бориб қўшилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз.
Мутаассиб оқим аъзоларининг бош мақсадлари - “жиҳод”, “ҳижрат”, “шаҳидлик”, “кофир бўлиш” каби диний тушунчаларни сохта талқин қилиш орқали ёшларимизни оиласи ва яқинларининг таъсиридан чиқариш, ўқиш ёки ишидан ажратиб олиш ҳамда уларни қуролли тўқнашувлар кетаётган Сурия, Ироқ, Афғонистон ёки Покистон каби мамлакатларга жўнатиб, манқурт-жангари ёки “тирик бомба”га айлантиришдан иборат.
Диний экстремизм шахс, жамият ва давлатнинг ҳаётий муҳим манфааатларига таҳдид солмоқда. Жумладан, диний экстремистик ғоя ва ёт диний қарашларнинг жамиятдаги ижтимоий-маънавий муҳит ва тадрижий ривожланишга зарарли таъсири қуйидагиларда акс этмоқда:
- ДЭО аъзоси қонуний жазога тортилиши ёки “ҳижрат” даъвосида хорижий юртларга чиқиб кетиши оқибатида жамиятнинг бирламчи бўғини бўлган оилаларда парокандалик юзага келади, фарзандлар тарбиясиз, оилалар эса боқувчисиз қолади;
- жамиятда анъанавий қадриятларни авлоддан авлодга узатиш тизими ва тадрижий ривожланиш жараёни бузилади, мазкур жамиятда асрлар оша муҳим ўрин тутган миллий, маданий, тарихий қадриятлар аҳамиятини йўқотиши оқибатида маънавият пасаяди;
- экстремистик ва террористик ҳаракатлар содир этилиш орқали жамиятда “ёвузлик чегараси” пасайиб, одамлар қотиллик, қийноқ, босқинчилик, гаровга олиш, қулчилик каби жиноятларга кўникиб қолади. Айни чоғда, ушбу ёвузликлар жамиятнинг муайян қисмида ваҳима уйғотади, қочоқлар оқими пайдо бўлади;
- терроризм ва экстремизм, улар оқибатида келиб чиқадиган ижтимоий беқарорлик жамиятда криминал жиноятларнинг авж олишига хизмат қилади;
- давлат томонидан хавфсизлик чораларини кўриш учун бюджет маблағларини сарфлаши, шунингдек, террористик ҳаракат оқибатида кўрилаётган моддий зарар жамиятга иқтисодий жиҳатдан катта зарар етказади. Оқибатда ишсизлик ошади, ижтимоий муҳофазага йўналтирилган лойиҳалар бажарилмай қолади, аҳолининг турмуш даражаси пасаяди;
- мамлакатнинг тақдири иқтисодий донор ва қурол-аслаҳа сотувчи давлатларга боғлиқ бўлиб қолади.
Диний экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, мазкур муаммони фақат ҳарбий куч ишлатиш билан тўла ҳал этиб бўлмайди. Уларни такрор ишлаб чиқариш тизими сақланиб қолар экан, қайд этилган таҳдидлар сақланиб қолади. Диний экстремизм ва терроризмни такрор ишлаб чиқариш тизимининг муҳим бўғинлари ақидапарастлик ва терроризм мафкураси, уларнинг илҳомчилари ва даъватчилари, мазкур мафкурани тарқатиш каналлари ва улар таъсирига тушаётган шахслар ҳисобланади.
Шу сабабли илмий асосланган, технологик жиҳатдан тартибга солинган, дунёда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларга мос (адекват) ахборот-мафкуравий курашни – аксилтарғибот ишларини тўғри ташкил этиш диний экстремизм мафкураси тарқалишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Аксилтарғибот ишлари–мафкуравий курашнинг специфик кўриниши бўлиб, душман кучларнинг ахборот-қўпорувчилик ва психологик ҳужумини зарарсизлантиришга қаратилган сиёсий, ғоявий, ташвиқот ва ташкилий чора-тадбирлар мажмуи ҳисобланади. Жамиятда диний-экстремистик ғоялар тарқалишининг олдини олишда ДЭО га мойиллиги бор шахслар ва уларнинг оила аъзолари билан ташкил этиладиган якка тартибдаги профилактик тадбирлар муҳим ўрин тутади.
Якка тартибдаги профилактик тадбирлар – давлат идоралари ва жамоат ташкилотларининг жиноят содир этиши эҳтимоли бор шахсларни аниқлаш, мазкур шахслар ва уларнинг ён-атрофидагиларга ўз хулқларини яхши томонга ўзгартириш ва жиноятга мойилликларига барҳам бериш мақсадида ижобий таъсир ўтказишга қаратилган фаолияти ҳисобланади. Ҳозирги кунда диний соҳадаги қонунбузарликларга қарши якка тартибдаги профилактик тадбирларнинг таъсирчанлигини ошириш масаласининг долзарб аҳамиятга эга эканига қуйидаги омиллар сабаб бўлмоқда:
– ақидапараст оқимлар томонидан аҳолининг турли қатламлари ичида тарғибот-ташвиқот ишлари давом этиб келаётгани;
– ДЭОга мансуб авф этилган ва махсус рўйхатдаги шахсларнинг маълум қисми қариндошларини ўз сафига тортаётгани;
– меҳнат мигрантлари ичида ақидапараст гуруҳлар таъсирига тушиб, республикага қайтгандан сўнг диний-экстремистик фаолият олиб бораётган шахсларнинг мавжуд экани;
– айрим диндорлар томонидан қонунга хилоф равишда «ҳужра», «намозхона» ва «ҳалол фуд» ташкил қилинаётгани;
– баъзи «отинойилар» томонидан «Анбар она»*, «Биби Мушкулкушод»*, «Биби Сешанба»* каби аслида исломда бўлмаган амалларга диний тус бериб, аёллар ичида носоғлом муҳит яратаётгани, шунингдек, баъзи диндорлар ифторлик, мавлуд каби диний маросимларнинг моҳиятини бузган ҳолда кўр-кўроналик, исрофгарчилик билан ўтказиш орқали салбий ҳолатларни келтириб чиқараётганликлари;
– аҳолининг муайян қатламлари ичида «исломлашув» жараёнларининг кучайиб бораётгани;
– баъзи ноисломий диний конфессия ва секталар томонидан туб аҳоли ичида миссионерлик фаолияти олиб борилаётгани.
Диний соҳадаги қонунбузарликларга қарши профилактик тадбирлар билан қуйидаги тоифаларга кирувчи шахслар қамраб олиниши мумкин:
1) илгари диний фаолиятни меъёрловчи қонун ва норматив ҳужжатларнинг талабларини бузгани учун жазо ўтаб келган ва шартли жазоланган шахслар;
2) ДЭО таркибида жиноят содир этган ва миссионерлик фаолияти учун жазоланган шахсларнинг оила аъзолари;
3) ноқонуний диний жамоалар таркибида ҳуқуқбузарликлар содир этган шахслар;
4) турмуш тарзида, феъл-атворида диний ғояларга мутаассибона ёндошиш акс этаётган ва амалдаги дунёвий қонунларни бузишга мойиллик кўрсатаётган шахслар.
Якка тартибдаги профилактик тадбирлар юқорида қайд этилган тоифаларга мансуб шахсларга нисбатан ижтимоий инструмент вазифасини ўтаб, уларнинг жамият манфаатларига зид хатти-ҳаракатларининг олдини олишга қаратилган бўлиб, шахснинг жамият учун зарарли хулқини қонунга итоаткор сифатга келтиришга хизмат қилади.
Ушбу мақсадга эришиш қуйидаги аниқ вазифаларни кетма-кетликда ҳал этишни талаб этади:
1. Диний соҳадаги қонунбузарликларга мойил шахсларни аниқлаш, мазкур шахслар ва уларга салбий таъсир этаётган омилларни ўрганиш.
2. Якка тартибдаги профилактик тадбирларни режалаштириш ва амалга ошириш.
3. Якка тартибдаги профилактик тадбирларнинг натижасини назорат қилиш.
Профилактика қилинаётган шахсларга бевосита тарбиявий таъсир кўрсатишнинг ташкилий шаклларидан бири ижтимоийфойдали меҳнатга, жамоат ишларига ва спорт мусобақаларига жалб қилиш ҳисобланиб, мазкур ишларда жамоат ташкилотлари ва ҳомийларнинг имкониятларидан кенг кўламда фойдаланиш мумкин.
Тарбиявий ишнинг ўзига хос шакли жамоатчилик томонидан профилактика қилинаётган шахсни оталиққа олиш бўлиб, мазкур тадбир профилактика қилинаётган шахсга ижобий таъсир кўрсата оладиган фуқаролар, давлат ва жамоат ташкилоти вакиллари ёрдамида амалга оширилади.
Ёрдам кўрсатиш услуби энг самарали услублардан бири бўлиб, профилактика қилинаётган шахсни иш билан таъминлаш, ижтимоий фойдали алоқалар ўрнатиши, ҳаётда мақсад ва қадриятларни белгилаб олишига кўмак беришни назарда тутади. Ёрдам беришда жамоат, диний ташкилотлар, ижтимоий реабилитация марказлари ва ҳомийлар имкониятларидан фойдаланиш зарур.
Мазкур услуб профилактика қилинаётган шахс фаолият юритаётган муҳитга таъсир кўрсатиш усули билан ҳам амалга оширилади. Бунинг учун, профилактика қилинаётган шахсга салбий таъсир кўрсатаётган шахслар билан профилактик тадбирлар ўтказилади ёки уларга нисбатан ҳуқуқий чоралар кўрилади, профилактика қилинаётган шахс мазкур муҳитдан халос этилади (бошқа жойга ўқишга, ишга ўтказилади, ҳ.к.).
Мажбур этиш якка тартибдаги профилактик ишларнинг асосий шаклларидан бири бўлиб, у одатда бошқа чоралар натижа бермаганидан сўнг профилактика қилинаётган шахсга нисбатан қонунчиликнинг тегишли (фуқаролик, оила, маъмурий ва ҳ.к.) норматив ҳужжатларида белгиланган, ҳуқуқий мазмуни ва йўналиши жиҳатидан турлича бўлган таъсир чораларини қўллашга асосланган.
Амалда кўпроқ маъмурий жазо қўллаш, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан расмий огоҳлантириш эълон қилиш, аввал жиноят содир этиб, жазо ўтаб келган шахсларга нисбатан эса назорат тартибини кучайтириш каби усуллар қўлланилади.
Бугунги кунда жойлардаги ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатаётган омиллардан бири айрим ноисломий диний конфессия вакиллари томонидан аҳоли ичида миссионерлик билан боғлиқ ноқонуний фаолият амалга оширилаётгани ҳисобланади.
Миссионерлик (лотинчада «missio» – «юбориш», «вазифа топшириш») муайян дин, конфессия, номинация ёки секта вакилларининг ўз диний таълимотини тарғиб қилиш ва тарқатишга қаратилган фаолияти ҳисобланади. Миссионер (missionary) ўзи эътиқод қилувчи диний таълимотни ўзга дин вакиллари ичида тарқатиш билан шуғулланувчи шахс ҳисобланади.
Миссионерлик одатда миллий динлардан бошқа деярли барча динларда учрайди. Миссионерлик фаолиятини фуқаровий мансублик жиҳатидан ташқи (хорижда амалга ошириладиган) ва ички (мамлакат ичида) турларга ажратиш мумкин. Хусусан, христианликнинг католик ва православ йўналишларида миссионерлик билан руҳонийлар шуғулланса, протестант конфессияларида миссионерлик барча диндорларнинг бурчи ҳисобланади.
Миссионерликнинг узвий қисми бўлган прозелитизм (грекча «proseh/tos» – янги эътиқодни қабул қилган одам) – муайян дин, конфессия, номинация ёки секта вакилларининг ўзга дин вакиллари ёки даҳрийларни бевосита ўз динига киритишга қаратилган назарий ва амалий фаолияти саналади. Иккинчи маънода прозелитизм янги дин ғояларини қабул қилган шахснинг ушбу динга кучли садоқатини англатади.
Мустақилликнинг илк давридан Марказий Осиё минтақасида ҳам турли ноисломий диний конфессиялар томонидан ўз диний қарашларини маҳаллий аҳоли ичида кенг тарғиб қилишга қаратилган фаол ҳаракатлар амалга оширилди. Минтақа мамлакатларида туб аҳоли учун анъанавий бўлмаган диний конфессияларга мансуб ташкилотлар ҳам расмий рўйхатдан ўтиб, фаолият юрита бошлади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда айрим ноисломий диний конфес сияларнинг вакиллари, шу жумладан, норасмий жамоа аъзолари томонидан қонунга хилоф равишда диний сабоқ бериш, ноқонуний йўллар билан диний адабиётларни республика ҳудудига олиб кириш ва тарқатиш, хусусий хонадонларда белгиланган тартибларга зид равишда диний йиғинлар ўтказиш, эшикма-эшик юриб диний қарашларини тарғиб қилиш, аҳоли ичида ўзларининг диний экспертизадан ўтказилмаган буклет, журнал, электрон дискларини тарқатиш каби қонунбузарликларга йўл қўйилмоқда.
Республикада диний соҳадаги қонун ва меъёрий ҳужжатларнинг талабларини бузиш аксарият ҳолларда «Иегов шоҳидлари», Тўлиқ инжилчи христианлар, Еттинчи кун христиан адвентистлари, Евангел христиан баптистлар черкови, «Голос Божий» черковлари, Корейс-протестант черковлари, шунингдек, Баҳоий диний жамоалари ва Кришнани англаш жамиятининг айрим расмий ва норасмий жамоалари вакиллари томонидан амалга оширилмоқда. Таҳлил шуни кўрсатадики, динини ўзгартираётган шахслар (прозелит)ларнинг аксарияти ушбу дин ақидаларини чуқур тушуниб қабул қилмаган, балки миссионер томонидан қўлланилган усул таъсири остида эътиқодини ўзгартирмоқда. Бугунги кунда республикада миссионерлик фаолиятида қўлланилаётган асосий усуллар қуйидагилардан иборат:
– ёшларга инглиз, корейс тилини, компьютерда ишлашни ўргатиш баҳонасида ўқув курслари очиш ва мазкур жойларда ўз динига тарғиб қилиш;
– хорижга ўқишга, ишга ёки чет эл фуқароси билан оила қуриш учун жўнатиш баҳонасидан фойдаланиш;
– болалар ва ўсмирларни ёз фаслида черков қошидаги ёки тоғли ҳудудлардаги дам олиш лагерларига жалб қилиш ва шу ерда таъсир ўтказиш;
– хайрия ёрдами (пул, дори-дармон, кийим-бош, озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатиш) кўрсатиш, уй таъмирлашда кўмак бериш давомида миссионерлик ҳаракатларини олиб бориш;
– бепул тиббий ёрдам кўрсатиш баҳонасида беморга таъсир ўтказиш;
– черковларда бепул овқат тарқатиш.
Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга эчки, сигир олиб бериш, байрам кунлари маҳаллаларда болаларга совғалар тарқатиш, «Мурувват» ва «Саховат» уйларида байрам столлари ташкил этиш, Хоразм ва Қорақалпоғистон Республикасининг мураккаб экологик ҳолат мавжуд ҳудудларида «ичимлик сувини яхшилаш», «бола ва оналарнинг саломатлигини мустаҳкамлаш» каби кўринишидан хайрли мақсадларга йўналтирилган дастурлар ниқобида ҳаракат қилиш ҳам кузатилган.
Миссионерлик ва прозелитизм билан боғлиқ қонунбузарликларнинг олдини олишда ўз-ўзини бошқариш органларининг ўрни муҳим аҳамият касб этади. Чунки аксарият ҳолатларда миссионерлик билан шуғулланувчи жамоалар хонадонларда черков очиш, маҳаллаларда эшикма-эшик юриб тарғибот ўтказиб ҳамда ўзларига мойил одамларнинг уйига келиб, моддий ёки бошқа ёрдам кўрсатиш орқали даъват ишларини ташкил этади.
Шунингдек, айнан маҳалла қўмитаси ёрдамга муҳтож одамларга хайрия ёрдами кўрсатиш орқали уларнинг миссионерлар гирдобига тушиб қолишининг олдини олишда ташаббускор сифатида фаолият юритиши мақсадга мувофиқ саналади. Фуқароларда миссионерликнинг мазмун-моҳияти ҳақида холис ва етарли тушунчалар ҳосил қилиш орқали унга қарши иммунитет шакллантирилади. Мазкур жараён асосан комплекс равишда ташкил этиладиган, барча ижтимоий қатламларни, айниқса, миссионерлар кўпроқ «нишон»га оладиган тоифа фуқароларни қамраб оладиган маънавий-маърифий тадбирлар, профилактик ва тушунтириш ишлари шаклида амалга оширилади.
Айни вақтда, ёшларнинг турли норасмий, ноисломий диний жамоаларнинг таъсирига тушиб қолишининг олдини олишда ўқув муассасалари ва маҳалла қўмитаси томонидан тизимли равишда тушунтириш ишлари олиб борилиши муҳим ўрин тутади.Шу билан бирга, миссионерликнинг олдини олиш билан боғлиқ тарғибот ва тушунтириш ишларида республикада виждон эркинлиги қонунан кафолатланганини ҳисобга олган ҳолда масалага ёндашиш, миссионерликнинг реал таҳдидини ҳаётий мисолларда ёритиб бериш ва бундай фаолият республикада қонунан ман этилганини тушунтиришга эътибор қаратиш лозим.
Жойларда диний ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштиришда Ўзбекистондаги давлат ва дин муносабатларининг қуйидаги асосий тамойилларидан келиб чиқиш лозим:
– диндорларнинг диний туйғуларини ҳурмат қилиш;
– диний эътиқодларни фуқароларнинг ёки улар уюшмаларининг хусусий иши деб тан олиш;
– диний қарашларга амал қилувчи фуқароларнинг ҳам, уларга амал қилмайдиган фуқароларнинг ҳам ҳуқуқларини тенг кафолатлаш ҳамда уларни таъқиб қилишга йўл қўймаслик;
– маънавий тикланиш, умуминсоний ахлоқий қадриятларни қарор топтириш ишида турли диний уюшмаларнинг имкониятларидан фойдаланиш учун улар билан мулоқот қилиш;
– диндан бузғунчилик мақсадларида фойдаланишга йўл қўймасликни эътироф этиш.
Таъкидлаш жоизки, диннинг давлат ишларидан ажратилганлиги тамойили давлат томонидан диний ташкилотларнинг ички фаолиятига аралашмасликни англатади. Бироқ бу диний ташкилотларнинг фаолиятига қонуннинг дахли йўқ дегани эмас. Диний ташкилотларнинг аъзолари айни пайтда ўз давлатининг фуқаролари ҳам ҳисобланади ва улар Конституциямизнинг 48-моддасига кўра: “... Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар”.
Юқоридагилардан хулоса қилган ҳолда, жойлардаги ҳокимликлар томонидан диний-экстремистик оқимга мойил оилалар билан ишлаш, миссионерлик ҳолатларини олдини олиш, диний муассасалар ва зиёратгоҳлар фаолиятини самарали ташкил қилишда қуйидагиларни эътиборга олиш тавсия этилади:
- жойларда диний соҳадаги фаолиятни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуни талаблари асосида ташкил этиш;
- “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури”, Давлат Раҳбарининг ПК-2833 сонли 14.03.2017 санали «Ҳуқуқбузарликни профилактика қилиш ва жиноятчиликка қарши кураш тизимини янада такомиллаштириш” ҳақидаги Фармони, Ўзбекистон Республикаси ВМнинг 2017 йил 4 февраль кунидаги 12-сон мажлис баёни билан тасдиқланган “2017 йилда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, конфессиялар ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар Дастури”, шунингдек, Давлат Раҳбарининг жойларга сафарлари давомида берилаётган топшириқларини тўлақонли ижросини таъминлаш;
- имом-хатиблар ва диний соҳа вакилларининг илмий-ижодий фаолиятини кучайтириш мақсадида жамиятдаги долзарб мавзулар бўйича рисола ва мақолалар тайёрлаш, ОАВ ва интернет сайтларида чиқишларини аниқ режа асосида фаоллаштириш.
- аввал диний-экстремистик оқимлар таркибида жиноят содир этиб, авф этилган ёки жазони ўтаб яшаш жойига қайтиб келган ҳамда хорижда ишлаб келган фуқаролар билан профилактика ишларини тизимли олиб боришни йўлга қўйиш;
- республика мутахассисларини жалб қилган ҳолда маҳалла фуқаролар йиғинларида уюшмаган ёшлар ва вақтинча ишсиз, уй бекаси бўлган хотин-қизлар билан ДЭОга қарши манзилли комплекс тарғибот тадбирларини ташкил этиш хонадонма-хонадон ўтказиладиган тушунтириш ишлари ва якка тартибдаги профилактика ишларига урғу бериш;
- имом-хатибларни ички ишлар бошқармаларида ДЭО рўйхатларида турувчи шахслар ва уларнинг оила аъзоларига тарбиявий ва профилактика ишлари ўтказиш учун бириктириш, мазкур тоифа фуқаролар билан тизимли равишда тушунтириш ишлари олиб боришни ташкил этиш ҳамда диний экстремизм, миссионерлик ғоялари тарқалишига қарши кураш, талаба ва ўқувчи ёшларнинг давоматини мустаҳкамлаш, ўз жонига қасд қилишни олдини олиш йўналишларида тизимли ишларни йўлга қўйиш;
- чегара ҳудудлардаги туманларда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида эстрада хонандаларининг концертлари, кино намойишлари ва ҳудудий театрларнинг сайёр томошалари каби маданий маърифий тадбирларини ташкил этиш;
- ДЭО га мойиллиги бор оилалар фарзандларини соғлом маънавият шакллантириш мақсадида маданият масканларига саёҳатларини ташкиллаш (музей, театр, концерт, стадион ва ҳ.к.).
Юртимизда ҳукм сураётган тинч ва осуда ҳаётни асраш, унинг мустақиллиги ва барқарорлигига муносиб ҳиссамизни қўшиш – ҳар биримизнинг, шу азиз Ватанда яшаётган барча фуқароларнинг, давлат ёки жамоат ташкилотида ишлаши, тадбиркор ёки бошқа касб эгаси бўлишидан қатъий назар, энг асосий вазифаларидан бўлиб қолмоғи лозим.