Минг йиллар мобайнида Марказий Осиё ғоят хилма-хил динлар, маданиятлар ва турмуш тарзлари туташган ва тинч-тотув яшаган марказ бўлиб келди...
Айни шу заминда кўп асарлар мобайнида жаҳон маданиятлари дунё миқёсида бир-бирини бойитган. Бу ерда кўчманчи халқлар ўтроқ халқлар билан эронлик қабилалар турк қабилалари билан мусулмонлар насронийлар ва яҳудийлар билан кўп асрлар бирга яшаб келганлар».2
Илк ўрта асрларда Форобий, Ибн Сино, Берунийлар томонидан ишлаб чиқилган шахс ва жамият муносабатларининг назарий масалалари Марказий Осиё Уйғониш даврининг иккинчи босқичида (XV-XVI асрлар) Жомий (1483-1530), Навоий (1441-1501), Бобур (1483-1530), Жалолиддин Давоний (1427-1502), Камолиддин Биноий (1453-1512), Воиз Кошифий (1505 йилда вафот этган) лар томонидан давом эттирилди ва янги ғоялар билан бойитилди. Уларнинг фикрича, инсон фақат жамиятда, ўзгалар билан бирга, ижтимоий муҳитда шаклланиши ва тарбия кўриши мумкин. Ёлғиз одамга мусибат ва кулфатларни енгиш, турмуш қийинчиликлари билан курашиш қийин бўлади. Унинг бир ўзи ўлимга маҳкумдир.
Халқ ишига гар бу намудор эрур,
Бир киши топмоқ иши душвор эрур.
Бир киши андоқ кишиким бир киши,
Тузгай анинг бирла маваддат иши.3
«Одамлар бирлашиб, бир-бирига ёндошганда бошқалар тўғрисида чинакамига қайғуради, ўзаро ёрдам ва алоқа ўрнатилганда адолатнинг синалган йўллари пайдо бўлади, яшаш воситалари тартибга тушади, кишиларнинг аҳволи мустаҳкамланади ва инсон зоти сақланади».1
Мазкур давр мутафаккирлари истисносиз ҳамма бир-бирига ёрдам қиладиган, одамлар ўратсидаги муносабатлар ўзаро келишувга асосланган, худбинлик, амалпарастлик, зулм тугатилган адолатли жамият ҳақида орзу қилганлар. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, улар адолат ҳақидаги қарашларини ислом дини, шариат аҳкомларига татбиқ қилган ҳолда баён қилганлар. Улар шариат аҳкомлари, мусулмон ҳуқуқшунослигини одамлар ўртасида адолатли муносабатлар ўрнатишнинг ўта муҳим вазифаси деб билганлар. Уларнинг нуқтаи-назарича шариат аҳкомлари ҳақиқий инсоний муносабатларга эришиш, жамиятда тартиб ўрнатиш, бировларнинг бошқаларга нисбатан зулм қилмаслик ва бошқалар ҳуқуқини топтамасликка, ўзининг мавқеини суистеъмол қилиб, ўз шахсий манфаатлари учун адолатсизлик ва ҳақсизлик қилганларни аёвсиз жазолашга чақиради.
Айтиш жоизки шариат ўрта асрларда Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида ижтимоий-сиёсий тузумни барқарорлаштиришда энг асосий омил бўлиб хизмат қилган. Шу муносабат билан таниқли исломшунос олим Е.А.Беляевнинг қуйидаги фикрини келтирамиз: «Ислом ва мусулмон ҳуқуқининг ўзига хослиги шунда ифодаланадики, у кўпгина маданиятли халқлар яшаган ҳудуддаги маълум давр ижтимоий борлиғини акс эттиради. Бу халқларнинг ўзаро иқтисодий ва маданий алоқалари ва олдинги маданиятларнинг таъсири ўрта асрлар мусулмон маданиятининг равнақи ва унинг инсоният маданий тараққиётидаги бениҳоя аҳамиятининг асосий сабабларидир».2
Биз мазкур бобнинг I бандида шахс ва жамият муносабатларини уйғунлаштиришда ижобий аҳамиятга эга бўлган шариат кўрсатмалари, шу жумладан «Ҳидоя» да чиқарилган жамиятда ижтимоий-сиёсий барқарорлик ва иқтисодий равнақни таъминлашда амалий натижасини ҳам кўрсатганлиги, хусусан Амир Темур ўз давлатчилик фаолиятида Марғиноний ҳукмлари асосида иш тутиб, мамлакатнинг иқтисодий ва маданий ривожига улкан ҳисса қўшганлиги ҳақида тўхталиб ўтган эдик.
Шахс ва жамият муносабати масаласини диний мутассибликка, халқлараро адоватга қарши дўстлик-тотувлик, диний бағрикенглик, адолат тамойиллари нуқтаи-назаридан ўз давлатчилик фаолиятида қўллашга ҳаракат қилган шоир, мутафаккир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурдир. У бу борада катта илмий қимматга эга бўлган асар ҳам ёзган мутафаккирдир. Бобурнниг шариат масалаларига бағишланган йирик назмий асари «Мубаййин» дир.
Бу китобим – ким эҳтимом эттим,
Жадду жаҳд айлабон тамом эттим.
Чун байон эттим анда шаръиййот,
Не ажаб гар дедим «Мубаййин» от. 1
Ушбу асар билан танишиб чиқиш шундан далолат берадики, Бобур закот бериладиган аҳоли табақалари, закотдан кўзланган ижтимоий мақсад, аҳоли қатламларидан олинадиган солиқ турлари ва миқдори ҳақида шундай ғояларни баён қилганки, улар оқибатда мамлакатда ижтимоий-сиёсий барқарорликни мустаҳкамлашда ўз амалий натижасини кўрсатган. Шу муносабат билан шарқшунос-тарихчи олима С.Азимжонованинг ушбу асар ҳақидаги қуйидаги фикрини келтирамиз: «Бобур ўз асарига давлатни бошқаришдаги бир қўлланма сифатида қараган. Бу китобда баён қилинган хулосалар фақат давлат солиқ хизматини барқарорлаштиришга ёрдам берибгина қолмасдан, унинг мақсади ва амалий натижаси – халқ оммаси ҳаёт шароитларини яхшилаш, уларни феодалларнинг турли тажовузкорона ўзбошимчаликларидан муҳофаза қилишдир».2
Бобурнинг шахс ва жамият муносабатлари масаласида олиб борган ички сиёсати турли ирқ, миллат ва диний эътиқодга мансуб бўлган халқлар истиқомат қиладиган Ҳиндистон давлати учун нафақат ижтимоий-сиёсий барқарорликни таъминлашда, шу билан бирга халқлараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик, динлараро ҳурмат-эҳтиром муросасозлик ришталарини мустаҳкамлашда улкан маънавий ва ғоявий аҳамиятга ҳам эга эди. Айтиш мумкинки, Бобурнинг Ҳиндистондаги қисқа муддатли ҳукмронлик давридаёқ бу борада маълум ижобий натижаларга эришилди. Бобурийлар салтанати кейинги ҳукмдорлари – Ҳумоюн, Акбаршоҳ, Шоҳжаҳонлар ҳукмронлиги даврида ижтимоий-сиёсий ва маданий-маънавий ҳаётнинг турли жабҳаларида яна ҳам кенг кўламда ўзининг амалий ифодасини топди. Бу ҳақда кўпгина нуфузли манбалар ва тадқиқотларда маълумотлар мавжуд. Буларнинг барчаси шундан далолат берадики, Марказий Осиё халқлари ижтимоий-фалсафий фикрлар тарихида шахс ва жамият, инсоннниг ижтимоий моҳияти, жамиятнинг турли табақа ва гуруҳлари ўртасидаги муносабатларни уйғунлаштириш масалалари мутафаккирлар дунёқарашида илғор анъаналарга бой бўлиб, уларни талқин қилишнинг мезони, тамал тоши – инсонпарварликдир.
Мазкур бобда ёритилган масалалар таҳлилидан хулоса қилиш мумкинки, аввало исломий қадриятлар - Қуръон, ҳадис ва фиқҳ (мусулмон ҳуқуқшунослиги) да ва улар асосида ишлаб чиқилган шариат кўрсатмаларида шахс ва жамият муносабати ҳурмат ва эҳтиромга сазовор қилиб яратилган ижтимоий моҳият сифатидаги инсоннинг барча ҳуқуқларини, шу жумладан моддий ва маънавий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадига қаратилгандир. Бу нарса бир томондан шахс ва жамият муносабатларининг турли жабҳаларида ижтимоий-сиёсий барқарорликни таъминлашга хизмат қилган бўлса, иккинчи томондан, одамларни меҳр-шафқат, мурувват, ўзаро ҳурмат-эҳтиром ва ишонч, дўстона муносабатларга даъват этиши билан шахс ва жамиятнинг маънавий камолот сари юксалишига маълум даражада таъсир кўрсатган. Шахс ва жамият муносабатлари масаласида диний бағрикенгликка ва халқлараро ҳамжиҳатликка даъват этувчи ғоялар эса, динлараро муросасозлик ва халқлараро ҳамкорлик ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилган. Улар демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо қилишни мақсад қилиб олган Ватанимизда ҳозирги даврда ҳам ўз аҳамиятига эга бўлиб қолмоқда.
Шахс ва жамият муносабатларининг назарий масалалари ўрта асрларда Марказий Осиё мутафаккирлари томонидан мавжуд ижтимоий-иқтисодий, тарихий-сиёсий ва маданий-маънавий воқеликка татбиқ қилинган ҳолда ишлаб чиқилди ва илк ўрта асрлардаёқ жамиятда ижтимоий барқарорликни таъминлашда, шахс ва жамият муносабатларини уйғунлаштиришда ўзининг айрим ижобий амалий натижаларини берди. Уларнинг ўша давр шароитида маълум даражада илмий асосга қўйилган ушбу масаладаги ғоялари ҳозирги давримиз учун ҳам баъзи аҳамиятини сақлаб қолмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |