Маъмурий процессуал ҳужжатлар тушунчаси. Ҳар бир инсон ҳаёти давомида турли ҳужжатларга эга бўлади. Ҳужжатларсиз инсон ва жамият ҳаётини тасаввур этиб бўлмайди. Улар турли туман бўлиб, ўзининг хусусияларига кўра бир биридан фарқланади. Масалан, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ёки фуқаролик паспорти, мутахассислик тўғрисидаги диплом.
Бу каби ҳужжатларни фуқаро ўз истагига кўра ясаб ололмайди. Улар фуқароларга махсус органлар томонидан берилади. Яъни, мазкур органлар маъмурий органлардир. “Хўш, бундай ҳужжатларга қўйиладиган талаблар қаерда мустаҳкамлаб қўйилган?” деган мантиқий савол келиб чиқади. “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонунда маъмурий ҳужжатлар ва уларни қабул қилишни тартибга солувчи ҳуқуқ нормалари мавжуд. Улар маъмурий ҳужжатлар билан боғлиқ кўплаб ижтимоий муносабатларни тартибга солишга қаратилган.
Қонун маъмурий органлар олдида фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоялайди. Яъни, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонун маъмурий органлар учун маъмурий ҳужжатларни қабул қилиш жараёнида риоя этиши керак бўлган бир қатор талабларни белгилаб беради. Демак, фуқаро маъмурий ҳужжатларни ўзбошимчалик билан яратолмагани сингари маъмурий органлар ҳам маъмурий ҳужжатларни хоҳлаганча расмийлаштира олмайди.
Таъкидлаш жоизки, маъмурий ҳужжатлар муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳужжатдир. Улар ўз табиатига кўра муайян ҳуқуқий оқибат келтириб чиқаради. Масалан, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, 3 нафаргача ишчи ёллаш ҳуқуқини вужудга келтиради. Шу билан бир вақтда муайян мажбуриятларни ҳам вужудга келишига сабаб бўлади. Масалан, якка тадбиркор сифатида солиқларни тўлаш мажбурияти.
Шу сабаб, ҳар қандай шахс маъмурий ҳужжатнинг қонуний тартибда қабул қилинишидан манфаатдордир. Айни пайтда маъмурий орган ва унинг мансабор шахси томонидан маъмурий ҳужжатнинг қонуний тартибда қабул қилиниши, ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши ўта муҳимдир. Бунинг боиси шундаки, маъмурий ҳужжатларни қонуний тарзда қабул қилингани, ўзгартирилгани, бекор қилинганини исботлаб бериш мажбурияти маъмурий орган зиммасидадир. Демак, маъмурий органлар бу борада қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этишлари керак бўлади.
Мижозлар қонуний ҳуқуқ ва манфаатини ҳимоя қилувчи юристлар, энг аввало, маъмурий ҳужжатларни қонунга мувофиқ қабул қилинганини синчиковлик билан текшириб кўришлари керак бўлади. Бунинг учун юрист маъмурий ҳужжатларни тартибга солишга қаратилган ҳуқуқ нормаларининг мазмун-моҳиятини тушуниб етиши лозим.
Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, маъмурий ҳужжатларга доир ҳуқуқ нормалари маъмурий ҳуқуқнинг таркибий қисмидир. Бошқача қилиб айтганда, маъмурий ҳужжатларга доир ҳуқуқ нормалари маъмурий ҳуқуқнинг алоҳида бир қисмини ташкил этади. Бу қисм маъмурий ҳужжатлар институти деб аталади.
Маъмурий ҳужжатлар институти маъмурий ҳужжатлар билан боғлиқ ижтимоий муносабатларни тартибга солишга қаратилган муносабаталарни тартибга солишга қаратилган ҳуқуқ нормалари йиғиндисидир.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, бугунги кунда маъмурий ҳужжатларга катта эътибор қаратилмоқда. Бунинг боиси шундаки, маъмурий ҳужжатлар орқали давлат бошқарувининг ташқи намоён бўлиши кузатилади ҳамда улар жисмоний ва юридик шахсларнинг ўз ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.
Маъмурий ҳужжат маъмурий актлардир. Хорижий давлатларнинг тегишли қонунларида ҳамда умуман, илмий манбаларда ҳам “маъмурий актлар” деган атама ишлатилади. Бироқ, 2018 йил 8 январда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонунининг ўзбек тилидаги вариантида “маъмурий ҳужжат” атамаси ишлатилган.
“Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуннинг энг асосий қисми маъмурий ҳужжатларни қабул қилиш, бекор қилиш, ўзгартириш, ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ нормалар ташкил этади. Мазкур қонуннинг 4-моддасида “маъмурий ҳужжат” тушунчасига қуйидагича таъриф берилган.
Маъмурий ҳужжат – маъмурий органнинг оммавий ҳуқуқий муносабатларни юзага келтиришга, ўзгартиришга ёки тугатишга қаратилган ҳамда айрим жисмоний ёки юридик шахслар учун ёхуд муайян хусусий белгиларига кўра ажратиладиган шахслар гуруҳи учун муайян ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқарувчи таъсир чораси.
Юқоридаги қонунда келтирилган таърифдан маъмурий ҳужжатнинг қуйидаги хусусиятларини ажратиб кўрсатиш мумкин.
Маъмурий ҳужжат маъмурий орган томонидан қабул қилинади.
Маъмурий ҳужжат оммавий ҳуқуқий муносабатлар билан чамбарчас боғлиқ.
Маъмурий ҳужжат оммавий ҳуқуқий муносабатларни вужудга келтиради, ўзгартиради ёки тугатади.
Маъмурий ҳужжат муайян жисмоний ёки юридик шахслар учун ёхуд бир қанча шахслардан иборат жамоага қаратилади.
Маъмурий ҳужжат муайян ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқаради.
Маъмурий ҳужжатларнинг юқоридаги хусусиятларини алоҳида-алоҳида батафсилроқ ёритиб ўтиш мақсадга мувофиқ.
Do'stlaringiz bilan baham: |