1.3. Меҳнат бозори назариясига янгича ёндашувлар ва меҳнат бозоридаги ўзгаришлар тенденциялари
Меҳнат бозори бозор иқтисодиёти тизимида марказий ўринни эгаллайди. Бу, биринчи навбатда, бозор муносабатлари шароитларида амал этадиган турли: хомашё, материаллар, ёқилғи, тайёр буюмлар, лойиҳалар, илмий ишланмалар, хизматлар, турар жой, инвестициялар, қимматли қоғозлар ва бошқа бозорлар бир-бирларидан фарқ қилса ҳам уларни асосий субъект - инсон бирлаштириб туриши билан изоҳланади.
Иқтисодиёт фанининг классик назарияси асосчилари А. Смит, Д. Рикардо, Ж.Б. Сэй, А. Маршалл, А. Пигу, Ж.М. Кейнс, М. Фридмен, П.Самуэльсон ва бошқалар ўз даврларининг ўткир иқтисодий муаммоларини бартараф этиш заруратидан келиб чиққан ҳолда меҳнат бозори ва иш билан бандлик соҳасига мурожаат этар эканлар, турли ғояларни илгари сурганлари яхши маълум. Хусусан, А. Смитнинг ишчи кучига талаб ва унинг таклифи мутаносиблигини таъминлай олишга қодир бўлган “бозорнинг илғанмас қўли”, А. Маршаллнинг аҳолининг иш билан бандлигини ишчи кучи талаби ва таклифини тартибга солиш йўли билан бозор иқтисодиётининг инқирозсиз ривожланиши, Ж.М. Кейнснинг бюджет-солиқ сиёсати ҳисобига аҳолининг харид қобилиятини ошириш йўли билан иш билан бандликни таъминлаш назарияларини ёдга олиш мумкин.
Меҳнат бозори ва иш билан бандлик назариясининг мақсади мазкур соҳаларда рўй бераётган воқеа ва жараёнларни илмий ҳолда ифода этишдир. Бу назария амалий аҳамиятга эга: у мазкур соҳаларга оид билимларни интеграциялаштирар ва умумлаштирар экан, уларни иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва инсон ҳаёти фаолиятининг бошқа жабҳаларида реал тарзда намоён бўлишига хизмат қилади.
Меҳнат бозори ва иш билан бандлик назарияси унинг вазифаларида конкретлашади. Бу - меҳнат бозори ва иш билан бандлик ривожланиши қонуниятлари ва тенденцияларининг таҳлили асосида мазкур соҳаларнинг туб муаммоларини аниқлаш ва уларни ҳал этиш йўллари ва усуллари юзасидан илмий асосланган тавсиялар тайёрлаш, меҳнат бозори самарадорлигини оширишга хизмат қиладиган моделлар ишлаб чиқиш, меҳнат ресурслари прогнозлари асосида мамлакат ва минтақани иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш истиқбол режаларига аниқликлар киритиш бўйича хулосалар тайёрлашдан иборатдир.
Меҳнат бозори ва иш билан бандлик назариясида умумий, алоҳида ва хусусий қонуниятлар ҳам мавжуд бўлиб, улар меҳнат бозоридаги талаб ва таклифнинг иш ҳақи микдорига боғлиқпиги, ишсизлик ва иқтисодиётдаги меҳнат унумдорлигининг ўзаро боғлиқлиги ("Оукен қонуни"), иш билан бандлик таркибининг хўжалик юритиш шаклиги боғлиқ равишда ўзгариши, илмий-техникавий ва техиологик тараққиёт натижасида таркибий ишсизликнинг пайдо бўлиши каби жараёнларда ўз ифодасини топади.
Бугунги кун нуқтаи назаридан меҳнат бозори, уни тартибга солиш механизмлари, ишчи кучига бўлган талаб ва таклиф мутаносиблиги, ишчи кучи (меҳнат) баҳоси даражаси муаммолари тадқиқ қилинар экан, бу масалаларга асосан иш берувчилар ва ёлланма ходимлар ўзаро муносабатлари нуқтаи назаридан ёндошилишини кузатиш мумкин. Масалан, Р.Ж. Эренберг ва А. Смит фикрига кўра меҳнат бозори фақат меҳнатни харид қиладиган ва сотадиганлардан иборатдир. Россиялик иқтисодчи олим А. Котляр ҳам ходимни ёллаш ҳақидаги контракт ишчи кучи олди-соттисининг бозор келишувини расмийлаштиради, ёллаш шартларига бундан кейин киритиладиган аниқпиклар сотилган ва амал этаётган иш кучига тааллуқпи бўлиб, бозорга хос бўлмаган хусусиятларга эга деб ҳисоблайди .
Лекин, меҳнат бозорига кенг маънода меҳнатни ҳосил қилиш, айрибошлаш ва ундан фойдаланишни таъминлайдиган ижтимоий муносабатлар, ижтимоий нормалар ва институтлар тизими сифатида қарашлар ҳам мавжуд. Жумладан, Н.А. Волгин, Ю.Г. Одегов ва айрим бошқа иқтисодчи олимлар меҳнат бозори соҳасига фақат меҳнатни айрибошлашни (меҳнат олди- соттисини) эмас, шунингдек меҳнат салоҳиятини ҳосил қилиш (таълим ва касбий тайёргарлик), шунингдек меҳнатдан фойдаланиш (ишлаб чиқаришда персонални бошқариш) жабҳаларини киритиш лозимлигини кўрсатмокдалар.
Меҳнат бозори деганда ишчи кучи такрор юзага келишининг барча босқичларида: унинг етиштирилиши (ижтимоий-демографик жиҳат, янги ишчи кучи пайдо бўлиши), айрибошланиши (сотиб олиш-сотиш ҳаракати амалга оширилиши), тақсимланиши (ишчи кучининг ижтимоий, касбий ва ҳудудий кўчиши орқали тақсимланиши) ва меҳнат соҳасида фойдаланилиши босқичларида ходим билан иш берувчи ўртасида кечадиган ижтимоий муносабатлар тизими тушунилиши керак .
Меҳнат бозори моҳиятини фақат иш жойини излашдан иборат деб ҳисоблаш “ходим - иш берувчи” ижтимоий меҳнат муносабатлари доирасини жуда торайтириб қўйиши шубҳасиздир. Меҳнат бозори субъектлари иқтисодий тизимда рўй бериши мумкин бўлган барча вазиятларда, жумладан ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва таркибий ўзгартириш, ўсиш суръатларининг пасайиши, корхоналарнинг банкротликка учраши, меҳнатга ҳақ тўлашнинг пасайиши ва бошқа шароитларда ўзаро муносабатларда бўладилар ҳамда юзага чиқаётган муаммоларни ҳал этишдан манфаатдорлар.
Бу эса ҳозирги даврда меҳнат бозори ва унинг инфратузилмаларига янги талаблар қўяди. Фикримизча, улар қуйидагилардан иборат:
ходимларни иш билан бандлик, меҳнат фаолияти тури, иш жойини ихтиёрий равишда эркин танлаш конституциявий ҳуқуқига асосланган, ўз ишчи кучини бозор қонуниятларига кўра тасарруф этиш мутлақ ҳуқуқи эътироф этилган янги муносабатларини шакллантириш;
барча фуқароларга ишга жойлашишда жинси, ёши, миллати, эътиқоди ва турар жойидан қатъи назар тенг имкониятлар яратиш;
ишсизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш;
ёлланма ишчи кучига эҳтиёжни аниқлаш бўйича ахборот излаш ишларини амалга ошириш;
ишга жойлаштиришга муҳтож фуқароларнинг меҳнат бозоридаги талабидан келиб чиққан ҳолда касбга йўналтириш, янги ва қўшимча касб- ҳунарга ўқитиш, малакаларини ошириш;
давлат муассасалари, хусусий ва қўшма корхоналар, акциядорлик жамиятлари, бошқа хўжалик юритувчи субъект ва ташкилотларнинг ишчи кучига талабига мувофиқ меҳнатга лаёқатли ва иқтисодий фаол аҳолини тақсимлаш, қайта тақсимлаш ва ишга жойлаштиришни таъминлайдиган самарали иш билан бандликка кўмаклашувчи тизимни шакллантириш ва ривожлантириш;
иш берувчиларнинг ишчи кучига эҳтиёжларини қондириш, ишдан бўшатилаётган ходимларни ишга жойлаштириш, меҳнат конъюнктурасини баҳолаш, ишчи кучидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган турли дастурларни ишлаб чиқиш бўйича буюртмаларини бажариш каби янги талаблардан иборат.
Меҳнат бозори функцияларининг кенгайиб бораётганлиги унинг ўзида содир бўлаётган сифат ўзгаришларига боглиқ. Ҳозирги давр меҳнат бозори ижтимоий муносабатларнинг мураккаб тизимига айланиб, ишчи кучини таклиф этаётган турли тоифаларнинг сегментларини мужассамлаштирган. Бу сегментларнинг ҳар бирида ўзаро рақобатлашадиган, аммо меҳнат бозорининг ишчи кучи бошқа тоифалари сегментларидаги ишчи кучига рақобатчи бўлмайдиган ходимлар жамланган. Бу сегментлар, энг аввало, бирламчи ва иккиламчи меҳнат бозорларидан иборат.
Бирламчи меҳнат бозорлари нуфузли иш турларидан шаклланади. Улардаги мустақил иш жойлари олий маълумотга эга ходимлар, маъмурий- бошқарув персонали, юқори малакали мутахассислар, ёрдамчи иш жойлари эса ўрта малакали ва техник ходимлар томонидан эгалланади.
Иккиламчи меҳнат бозорлари юқори малака ва махсус тайёргарлик талаб этилмайдиган иш жойларидан иборат. Бу иш жойлари малакали ишчилар, хизмат кўрсатадиган ва қуйи тоифали ходимларга мўлжаллангандир. Шу билан бирга меҳнат бозорларининг минтақавий сегментлари ҳам фарқланади. Уларда ишчи кучининг минтақавий хусусиятлари: аҳолининг ижтимоий-демографик, ишчи кучининг касб-малака, мазкур ҳудудда иш билан бандликнинг хусусиятлари ҳисобга олинади.
Меҳнат бозорларида бошқа бозорлардагидан фарқли равишда истеъмолчи эҳтиёжини қондирадиган товар эмас, балки муайян маҳсулот ишлаб чиқариш (хизмат тури кўрсатиш) учун талаб этиладиган ишчи кучи харид қилинади. Яъни ишчи кучига талаб товар ва хизматларга талабдан келиб чиқади, бу эса меҳнат бозори товар бозорлари билан узвий боглиқлигини кўрсатади. Айни пайтда ишчи кучига талаб капитал бозоридаги ҳолат - инвестиция муҳитидан ҳам келиб чиқади. Меҳнат ва капитал бир-бирини тўлдира олувчи ва бир-бирининг ўрнини боса олувчи ишлаб чиқарувчи омиллар ҳисобланади. Шунинг учун капитал қийматидаги ҳар қандай ўзгариш меҳнат бозорига таъсир кўрсатмай қолмайди. Бу омиллар меҳнат, товар ва капитал бозорлари ўзаро алоқада амал қилишини кўрсатади (1.1-чизма).
1.1-чизма
Do'stlaringiz bilan baham: |