2.4.Таққослаш усули ва унинг қўлланиши.
Таққослаш усули - иқтисодий таҳлилда кўп қўлланиладиган усул сифатида ижтимоий-иқтисодий жараённи маълум кўрсаткичлар билан солиштириш йўли билан таҳлил этади. Масалан, ҳисобот йил маълумотлари бизнес режа, ўтган йиллар, энг илғор ва ўртача корхоналарнинг худди шундай кўрсаткичлари билан таққосланади, тегишли хулосалар чиқарилади.
Таққослаш - инсон атроф-муҳитни англай бошлаган усуллардан бири бўлиб, ундан доимо фойдаланилади. Унинг муҳимлиги қуйидаги нақлда ҳам қайд қилинади: «Барча нарса қиёслашда англанади». Бу усул иқтисодий ҳодисалар тадқиқида ҳам кенг тарқалди: баҳолаш учун қўлланиладиган ҳар бир кўрсаткич, ҳар бир рақам, назорат ва прогноз худди шундай бошқалар билан таққослашдагина аҳамиятлидир.
Таққослаш моҳияти - турдош объектларни ўртасидаги ўхшашлик ёки фарқларни аниқлаш мақсадида қиёслашдир. Улар ёрдамида умумий ва хусусий иқтисодий ҳодисаларни таққослаш бажарилади, ўрганилаётган объектлар даражасида ўзгаришлар, тенденсиялар ва уларнинг ривожланиши қонуниятлари, уларнинг ўртасидаги сабаб-оқибат алоқалари ўрнатилади.
Технологик таққослаш бир нечта босқичдан иборат: таққосланадиган объектларни танлаш, таққослаш шаклини танлаш (динамик, маконий ва б.), таққослаш базасини танлаш (ўтган давр, ҳисобот давр режаси, эталон корхона ва б.), объектларни қиёслаш амалга ошириладиган кўрсаткичлар сонини танлаш, таққослаш шкаласини танлаш.
Иқтисодий таҳлилда қиёсий таҳлилнинг қуйидаги шакллари фарқланади:
горизонтал
Горизонтал қиёсий таҳлил ўрганилаётган кўрсаткичлар-нинг ҳақиқатдаги даражасини базавийдан (режа, ўтган давр, ўртача даража, фан ва илғор тажриба ютуқлари) абсолют ва нисбий оғишларини аниқлаш учун фойдаланилади.
вертикал
Вертикал қиёсий таҳлил ёрдамида иқтисодий ҳодисаларнинг структураси ва жараёнларнинг қисмлари ҳамда умумий солиштирма салмоғини ҳисоблаш йўли билан (ўз капиталининг умумий капиталдаги солиштирма салмоғи), бутун ва қисм нисбатлари (масалан, ўз ва қарз капитали, асосий ва айланма капитал), шунингдек, омилларнинг натижавий кўрсаткичларнинг даражасига таъсирини мутаносиб омилнинг олдинги ва кейинги ўзгаришлари миқдорларига таққослаш йўли билан ўрганилади.
Иқтисодий таҳлилда таққослаш усулини қўллашдан олдин таҳлилчи қуйидаги талабларга амал қилинганлигига эътибор қаратиш зарур:
1. Таққослаб ўрганилаётган кўрсаткичларнинг аниқланиш усули айнан бир хил бўлганлигига ишонч ҳосил қилиши зарур;
2. Таққослаб ўрганилаётган кўрсаткичларнинг бир хил баҳода ҳисобланганлигига ишонч ҳосил қилиши керак;
3. Таққослаб ўрганилаётган хўжалик субъектларининг ҳажми бир-бирига мос бўлишини ўрганиш зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |