Таълим-тарбияда миллий юксалиш
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан, кўплаб ота-оналар, педагоглар, ёшлар, кенг жамоатчилик таклифларини ўрганган ҳолда, юртимизда 11 йиллик ўрта таълимнинг жорий этилгани ёшларнинг билим олишга бўлган иштиёқи кучайишида, улар тарбиясини тўғри шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хўш, нега ушбу ислоҳот ўқувчиларнинг дарсларга иштиёқини оширяпти, уларнинг тарбиясини назорат қилишга яхши самара беряпти?
Халқимиз 11 йиллик таълим системаси қайта тикланди, илгари ҳолат қайтди, деб саёз фикрламасликларини хоҳлардим. Чунки ушбу ислоҳот чуқур ўйланган ва таълим-тарбия сифатини янада оширишга хизмат қиладиган пухта режа асосида амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 январдаги “Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб мажбурий умумий ўрта таълим узлуксиз 11 йиллик таълим негизида амалга оширилди.
11 йиллик таълимнинг жорий этилиши муносабати билан тезкор давр талабидан келиб чиққан ҳолда олимлар, амалиётчи ўқитувчилар ҳамда кенг жамоатчиликнинг фикрига таяниб, 10-11-синфлар учун 12 та умумтаълим фани бўйича ўқув режалари қайтадан тайёрланиб, уларга бир қатор ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, 11-синфда касб таълими орқали 50 га яқин касбни ўргатиш билан бирга, “Тадбиркорлик асослари” фани ҳам ўқитилади. Ўқув дастурлари асосида 10-синф ўқувчиларига умумтаълим фанларидан 18 номдаги дарсликлар 7 тилда, жами 9 миллион 53 мингдан ортиқ тиражда чоп этилиб, жойларга етказилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 октябрдаги “Умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синфлари ўқувчиларига касбий таълим беришга ихтисослашган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори 10-11-синф ўқувчиларининг таълим олиши билан бирга, уларга касб-ҳунар ўргатиш, ёшларнинг қизиқиш ва қобилиятини назарда тутган ҳолда келажакда уларни таълимни давом эттириши ёки эгаллаган касби бўйича меҳнат фаолияти билан шуғулланиши учун шароит яратиш мақсадида қабул қилинди.
Касб-ҳунар коллежларида ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари ташкил этилди. Касблар рўйхатини тайёрлашда ҳудудларнинг шароити ҳамда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари инобатга олиниб, мутасаддилар ва иш берувчи ташкилотлар мутахассислари билан биргаликда, реал вазиятни холис баҳолаган ҳолда иш олиб борилди. Яъни 11-синф ўқувчиси мактабни тамомлагандан кейин эгаллаган ҳунари бўйича ўз ишини топа олишига жиддий эътибор қаратилди.
10-11-синф ўқувчиларига ҳафтасига бир кун 6 соатдан 2 йил давомида касбий таълим ўқитилади. Битирувчиларга ўрта маълумот тўғрисида аттестат билан бирга касб малакаси бўйича давлат намунасидаги диплом берилади. Шу билан бирга, ўқувчиларда касбларга бўлган қизиқишни ошириш, касблар тўғрисидаги маълумотларни узлуксиз етказиш мақсадида улар умумтаълим мактабларининг 1-синфидан бошлаб касбга йўналтирилиб борилади. 8-9-синфларда эса касбга йўналтириш алоҳида фан сифатида ўқитилади.
Илгари 9-синфни тамомлаётган ўқувчиларда қайси коллежда ўқишни давом эттириш борасидаги савол кўндаланг турарди. Баъзилари мажбурликдан у, ёки бу коллежларга “адашиб” бориб қоларди. Охир оқибат уларнинг билим олишида, ҳам тарбиясида салбий ҳолатлар пайдо бўла бошларди. Бу эса, ўз навбатида, вояга етмаганлар орасида турли ҳуқуқбузарликлар, жиноятлар ортишига сабаб бўлди.
Педагог сифатида шуни ишонч билан айтаманки, ўқувчилар 11 йиллик таълим системасида чуқур билим олади, бу эртамиз эгаларининг билимли, касб-ҳунарли бўлиб улғайиши, маънавияти, одоб-ахлоқи, бўш вақти устидан маҳалла-кўй ва жамоатчилик назоратининг ўрнатилишига кенг имконият яратди.
Do'stlaringiz bilan baham: |