Фагоцитоз қилувчи ҳужайралар. Фагоцитоз - қадимий ҳимоя омилларидан бири бўлиб, организмга тушган патоген микроорганизмлар ёки бошқа антигенларни фагоцитлар (юнон.phagos – еб қўювчи, kytos – ҳужайра) томонидан тезда қамраб олиб, уларни парчалаб йўқ қилишдир.
1883 йили рус олими И.И. Мечников биринчи бўлиб қон ва тўқималарда организмни тозалаб фагоцитоз қилувчи ҳужайралар борлигини аниқлаб, ҳужайравий иммунитет назариясига асос солгани учун 1908 йили, гуморал иммунитет назариясини яратган олим П.Эрлих билан бирга Нобель мукофотига сазовор бўлган. Фагоцитоз бир ҳужайрали ва кўп ҳужайрали содда ҳайвонларга хос бўлиб, уларда озиқланиш, юқори тузилган ҳайвонларда эса ҳимоя вазифасини бажариши тасдиқланган.
Барча фагоцитоз қилувчи ҳужайраларни И.И.Мечников микрофаг ва макрофагларга бўлади. Микрофагларга нейтрофил, эозинофил ва базофиллардан ташкил топган қоннинг полиморф ўзакли гранулоцитлари; макрофагларга эса организмнинг ҳар хил тўқимаси ҳужайралари (бириктирувчи тўқима, жигарнинг Купфер ҳужайралари, ўпка ва талоқ ҳужайралари, қон томир эндотелийлари ва бошқалар), қон моноцитлари ва уларнинг кўмик ўтмишдошлари (промоноцит ва монобласт) киради. Ҳамма фагоцитоз қилувчи ҳужайралар “мононуклеар фагоцитлар системаси”га киритилган.
Фагоцитлар уч хил вазифани бажаради:
1)инфекцион агентлар, тўқиманинг парчаланиш маҳсулотлари ва бошқа омиллардан организмни тозалайди;
2)фагоцит мембранасида антиген эпитоплари тўғрисидаги ахборотни иммун ҳужайраларга етказиб беради;
3)лизосомал ферментлар ва иммуногенезда катта аҳамиятга эга бўлган монокинларни ишлаб чиқаради.
Фагоцитознинг қуйидаги кетма-кет босқичлари тафовут қилинади (28-расм):
1. Хемотаксис - фагоцитларнинг хемоаттрактантлар (лимфокинлар, комплементнинг С3а, С5а компонентлари) таъсирида яллиғланиш ўчоғига қараб ҳаракатланиши.
2. Адгезия (ингл.adhesion – ёпишиб олиш) - рецепторлар ёки номахсус физик-кимёвий таъсирлар натижасида фагоцитларнинг ёт агентларга ёпишиши.
3. Эндоцитоз - фагоцитларнинг ёт агентларни қамраб олиши. Эндоцитознинг 2 тури фарқланади: диаметри 0,1 мкм дан кичик бўлган моддалар пиноцитози ва диаметри 0,1 мкм дан катта бўлган заррачалар фагоцитози. Бундан ташқари, фагоцитоз номахсус ва махсус ёки иммун, яъни иммуноглобулинлар, комплементнинг С3-фракцияси ва пропердин орқали амалга оширилиши мумкин. Буни иммун фагоцитоз деб аталади, чунки бу жараёнда махсус антитело ва опсонинлар қатнашади. Эндоцитоз натижасида фагоцитар вакуол, яъни фагосома ҳосил бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |