-мавзу. Давлат кредити
Давлат кредитининг мазмун-моҳияти ва функциялари
Давлат кредити классификацияси
Давлат кредитини бошқариш
Давлат қарзи. Ички ва ташқи қарзлар
Давлат кредити ҳокимият ва бошқарув органлари орқали, бир томондан, давлат ва иккинчи томондан, жисмоний ва юридик шахслар ўртасида вужудга келадиган иқтисодий муносабатлар мажмуидан иборат бўлиб, унда давлат қарз олувчи, кредитор (қарз берувчи) ва кафил сифатларида майдонга чиқади.
Давлат кредити иқтисодий категория сифатида икки кўринишдаги – молия ва кредит – пул муносабатларининг ўртасида жойлашган бўлиб, шунга мос равишда, у ҳам молияга ва ҳам кредитга тегишли бўлган хусусиятларга эгадир. Молия тизимининг алоҳида олинган бўғини сифатида эса давлат кредити давлатнинг марказлаштирилган пул фондларини (бюджет ва бюджетдан ташқари фондларни) шакллантириш ва улардан фойдаланиш жараёнига хизмат қилади.
Давлат кредити бошқа молиявий категориялардан ўзининг қуйидаги характерли хусусиятлари билан фарқланади:
агар банк кредитини тақдим этишда таъминланганлик элементи сифатида конкрет бойликлар – омбордаги товарлар, тугалланмаган ишлаб чиқариш ва бошқа шунга ўхшашлар – майдонга чиқадиган бўлса, давлат томонидан маблағлар қарзга олинаётганда унинг эгалигида бўлган барча мол-мулк, маълум бир ҳудудий бирликнинг мулки ёки унинг қандайдир бир даромади давлат кредитининг таъминланганлик элементи бўлиши мумкин;
Марказий ҳукумат даражасида давлат кредити аниқ мақсадли характерга эга бўлмайди. Шундай бўлишига қарамасдан, ҳокимиятнинг қуйи даражаларида олинган қарзий маблағлар аниқ ифодаланган мақсадли характерга йўналтирилган бўлади. Масалан, янги йўлларни ва турар-жой массивларини қуриш учун олинган қарзий маблағлар ана шундай характерга эгадир;
ҳар қандай қарз олувчи сингари давлат ҳам маблағларни олдиндан белгиланган муддатларга жалб қилади ва бу муддатлар давлат кредитининг аниқ шартларида ўз ифодасини топади.
Давлат кредитининг мазмун-моҳияти у томонидан бажариладиган функциялар орқали яққол намоён бўлади. Молиявий категория сифатида давлат кредити қуйидаги функцияларни бажаради:
тақсимлаш;
тартибга солиш;
назорат.
Давлат кредити тақсимлаш функциясининг ижобий таъсири натижасида, вақт нуқтаи-назаридан, солиқ юки оғирлигининг нисбатан текисроқ тақсимланишига эришилади. Давлат қарзлари ҳисобидан харажатларни молиялаштириш даврида олинаётган солиқлар миқдори ошмайди ва унинг оғирлик юки ортмайди. Акс ҳолда, яъни харажатларни молиялаштиришга давлат томонидан қарзга олинган маблағлар жалб қилинмаса, бу нарсани, бошқа шароитлар тенг бўлган тақдирда, фақат солиқлар миқдорини ошириш ва унинг оғирлик юкини орттириш эвазига молиялаштириш мумкин. Шунинг учун ҳам кейин – олинган кредитлар қайтарилаётган (узилаётган) пайтда - солиқлар уларни тўлаш учун олинмасдан, балки қарзлар бўйича фоизларни узиш (қайтариш) учун ҳам олинади.
Давлат кредитининг назорат функцияси молиянинг назорат функцияси билан органик равишда қўшилиб кетгандир. Лекин унинг бу функцияси шу категориянинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан қуйидаги характерли белгиларга эга:
давлатнинг фаолияти ва марказлаштирилган пул маблағлари фондининг аҳволи билан узвий боғланган;
қийматнинг икки томонлама ҳаракатини қамраб олади, чунки маблағлар олинишининг қайтарилиши ва тикланишини тақоза этади;
фақат молиявий таркибий тузилмалар томонидан эмас, балки кредит институтлари томонидан ҳам амалга оширилади.
Давлат кредитининг назорат функцияси орқали маблағларнинг мақсадли фойдаланилиши, уларнинг қайтарилиш муддатлари ва фоизларнинг ўз вақтида тўланиши назорат остига олинади.
Давлат кредити қуйидаги бир неча белгиларга кўра класссификация қилинади:
эмитентлар бўйича:
марказий бошқарув органлари томонидан жойлаштириладиган қарзлар;
ҳудудий бошқарув органлари томонидан жойлаштириладиган қарзлар;
жойлаштирилиш жойига қараб:
ички қарзлар;
ташқи қарзлар.
бозорда муомала қилишига (айланишига) қараб:
бозорли қарзлар;
нобозорли қарзлар.
маблағларни жалб қилиш муддатига кўра:
қисқа муддатли (бир йилгача қайтариш муддати билан);
ўрта муддатли (бир йилдан беш йилгача);
узоқ муддатли (беш йил ва ундан юқори).
Қарзий мажбуриятларнинг таъминланганлигига қараб:
Тўланадиган даромаднинг характери бўйича:
ютуқли қарзий мажбуриятлар;
фоизли қарзий мажбуриятлар;
ноль купонли қарзий мажбуриятлар.
Давлат кредитини бошқаришни кенг ва тор маъноларда кўриб чиқиш мумкин. Кенг маънода давлат кредитини бошқариш дейилганда қарздор, кредитор ва гарант (кафил) сифатида давлатнинг фаолияти билан боғлиқ бўлган унинг молиявий сиёсати йўналишларидан бирини шакллантириш тушунилади.
Молиявий сиёсатнинг йўналишларидан бири сифатидаги давлат кредитини бошқариш давлатнинг бошқарув ва ҳокимият органлари қўлидадир. Фақат улар бюджет дефицитининг умумий ҳажмини ва демак, уни молиялаштириш учун зарур бўлган қарзларнинг ҳажмини, пул муомаласи, кредит, ишлаб чиқариш, аҳоли бандлигига таъсир қилишнинг асосий йўналишлари ва мақсадларини ҳамда кичик бизнес ва мамлакат айрим минтақаларини қўллаб-қувватлаш бўйича умумдавлат дастурларини амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлигини аниқлайди.
Давлат кредитини бошқариш жараёнида қуйидаги вазифаларни ечиш кўзда тутилади:
қарздорнинг қарзи қийматини минималлаштириш;
бозорни давлатнинг қарзий мажбуриятлари билан ортиқча тўлиб кетишига ва улар курсининг кескин тебранишига йўл қўймаслик;
жалб қилинган маблағлардан самарали фойдаланиш ва ажратилган кредитларнинг мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни амалга ошириш;
кредитларнинг ўз вақтида қайтрилишини таъминлаш;
молиявий сиёсат билан аниқланган вазифаларни максимал ечиш.
Давлат кредитини бошқаришни бошқарув органлари, молия ва кредит институтлари амалга оширади. Уни оператив бошқариш эса мамлакат ҳукуматининг раҳбарлиги остида Молия вазирлигининг Марказий банк билан ҳамкорлигида таъминланади.
Жойлаштирилиш жойига қараб давлат қарзлари иккига бўлинади:
давлат ички қарзлари;
давлат ташқи қарзлари.
Давлат томонидан ички маблағларни жалб қилиш натижасида вужудга келган Ўзбекистон Республикаси мажбуриятларининг йиғиндисига давлат ички қарзлари дейилади. Давлат ташқи қарзлари дейилганда эса давлат томонидан хориждан маблағ жалб қилиш натижасида вужудга келган Ўзбекистон Республикаси мажбуриятларининг йиғиндиси тушунилади. Бу қарзлар қарзий инструментлари, жойлаштирилиш шартлари, кредиторларининг таркиби ва қарзнинг валютасига нисбатан бир-биридан фарқ қилади.
Давлатнинг ички қарзлари давлат томонидан ички маблағларни жалб қилиш жараёнида (натижасида) вужудга келади. Давлат томонидан ички маблағларни жалб қилиш активларни ички манбалардан (резидент-юридик ва жисмоний шахслардан) жалб этиш ҳамда бунинг натижасида Ўзбекистон Республикасининг қарз олувчи сифатидаги ёки қарз олувчи резидентларнинг ўз кредитларини (қарзларини) тўлашига кафил сифатидаги мажбуриятлари вужудга келишини англатади.
Шунга ўхшаш, давлатнинг ташқи қарзлари ҳам давлат томонидан хориждан маблағ жалб қилиш жараёнида (натижасида) вужудга келади. Давлат томонидан хориждан маблағ жалб қилиш активларни хориж манбаларидан (хорижий давлатлардан, норезидент юридик шахслардан ва халқаро ташкилотлардан) жалб этиш ҳамда бунинг натижасида Ўзбекистон Республикасининг қарз олувчи сифатидаги ёки қарз олувчи резидентларнинг ўз кредитларини (қарзларини) тўлашига кафил сифатидаги мажбуриятларининг вужудга келишини билдиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |