2.2. – расм
Оптик пирометрнинг схемаси 2.2 –расмда кўрсатилган.
Бу пирометр телескопдан иборат бўлиб, қизиган жисм тасвири объектив (3) орқали махсус чўғланма лампа (1) вольфрам тола текислигига проекция қилинади. Бу тасвир ва толани окуляр (4) орқали қуриш мумкин, шу билан бирга кўзатувчи жисм фонида толанинг ёруғроқ ёки қоронғироқ тасвирини қуриши мумкин. Реостат (2) ёрдамида лампа токини ростлаб, ўлчанаётган жисм фонида тола ўрта қисмининг бутунлай йўқолиб кетишига эришиш мумкин ва бу хол хароратлар тенглигига мос келади. Чўғланма лампа толаси занжирига уланган миллиамперметр олдиндан градусларда градуировка қилинади ва тўғридан тўғри тола ҳароратини кўрсатиб туради.
Окулярда қизил ёруғлик фильтри (5) ўзининг ўрнатиш механизми билан жойлашган бўлиб, қизиган жисм ва тола ёритилганлигини узунлиги 0,65 мкм бўлган нурларда таққослашни таъминлайди. Жуда юқори хароратларни ўлчаш учун нейтраль ёруғлик фильтри (7) қўлланилади ва у лампа ва объектив орасида механизм (8) ёрдамида ўрнатилиши мумкин. Бу ёруғлик фильтри ўлчанадиган жисмдан келадиган нурларни бир қисмини ушлаб қолади ва тола ёритилганлиги объектнинг пасайган ёритилганлиги билан солиштирилади.
Оптик пирометрлар радиацион пирометрлардан фарқли кузатувчи бўлишини талаб қилади ва регистрация қилиш ва ростлашни амалга оширишга имкон бермайди. Юқоридаги камчиликни бартараф қилиш учун кузатувчи ўрнига фотоэлементлардан фойдаланилади ва бундай пирометрлар фотопирометрлар (фотоэлектрик пирометрлар) дейилади.
Фотопирометрлар ҳароратни ўлчаш, регистрация қилиш ва ростлаш учун ишлатилади.
15-Мавзу.Электр қаршилик печларини ҳароратни ўлчаш ва автоматик ростлаш усуллари
Режа:
1. Ҳароратни ростлаш бўйича умумий тушунчалар.
2. Электротермик қурилмаларда ҳароратни ростлаш принциплари ва усуллари.
Таянч иборалар: Терморегулятор, икки позицияли бошқариш, магнит ишга туширгич, оралиқ релеси, уч позицияли ростлаш усули, ҳароратни равон ростлаш усули.
Янги техника ва технология ривожланиши мобайнида электр қиздириш барча саноат тармоқларига кириб келди. Буни аланга ёрдамида қиздирувчи қурилмаларга нисбатан электр печларини қуйидаги афзалликлари билан тушунтиришимиз мумкин:
1. Кичкина хажмларда катта қувватларни жамлаш ва жуда катта температуралар концентрациясини олиш имконияти мавжудлиги;
2. Қиздиришни катта поғоналарида температура режимини бошқаришни енгиллиги, ҳамда бир текисда қиздириш мумкинлиги;
3. Ишчи зона бўшлиғини зич беркита олиш мумкинлиги, қолаверса шу ишчи бўшлиқда вакуум ҳосил қилиш мумкинлиги;
4. Электр печларини бир қаторга жойлаштиришни енгиллаштирувчи қулайликлари; қурилма ишларини автоматлаштириш ва механизациялаштириш.
Санаб ўтилган афзалликлар билан бир қаторда технологик жараёнларни автоматлаштириш сифат кўрсатгичларига ва иш натижасига ижобий таъсир қилади, энг муҳим параметр ҳисобланмиш температурани белгиланган қийматларда, юқори аниқликда ушлаб туриш технологик ишларнинг асосий талабидир.
Электр қаршилик печларида температура созлашни шу печга келаётган қувватни ўзгартириш йўли билан амалга оширилади. Печга келаётган қувватни икки хил усулда, яъни қўпол ростлаш усулида ва равон (бир текисда) созлаш усуллари мавжуд.
Ўз ўрнида ҳароратни қўпол созлашнинг икки позицияли усули ва уч позицияли ростлаш усуллари мавжуд. Икки позицияли ростлаш усули истеъмолчини манбага улаш ва узиш орқали амалга оширилса, уч позицияли ростлаш усули қурилмани манбага улаш- қиздирувчи элементни (қ.э.) уланиш схемасини ўзгартириш- истеъмолчини манбадан узиш орқали амалга оширилади. Қиздирувчи элементни уланиш схемасини ўзгартириш деганда – бир фазали печларда қ.э.ларни “кетма-кет” уланиш схемасидан “параллель” улаш схемасига ўтказиш ёки тескариси, уч фазали печларда эса қ.э.ларни “учбурчак” уланиш схемасидан “юлдуз” уланиш схемасига ёки тескарисини амалга ошириш тушунилади.
Ҳароратни равон (бир текисда) ростлаш қ.э.лар истеъмол қилаётган қувватни автотрансформатор, резисторлар ёки реостатлар ёрдамида равон ўзгартириш орқали амалга оширилади.
Ўзининг оддийлиги ва тежамкорлиги билан электр қаршилик печларида икки позицияли созлаш усули кенг тарқалган.
Do'stlaringiz bilan baham: |