Таянч тушунча ва иборалар
Эол, дефляция, дефляцион саҳролар, корразия, эол рельефи, эол ётқизиқлари, эол саҳролари, адирли саҳролар, шўрхоклар, тақирлар, барханлар, дюналар, эол ряблари, ихота, лёсс ва лёссимон жинслар.
Назорат саволлари
Шамол деб нимага айтилади?
Шамол қандай геологик иш бажаради?
Дефляция, корразия, транспортировка, аккумуляция жараёнларига қисқача тавсиф (мисоллар билан) беринг.
Барханлар дюналардан нимаси билан фарқ қилади?
Эол ряблари нима?
Лёссли жинслар қандай хусусиятларга эга?
Ўрта Осиёдаги саҳро ётқизиқларини таърифлаб беринг.
15-боб. СУВ ОҚИМЛАРИНИНГ ГЕОЛОГИК ИШИ
15.1. Сув оқимлари
Ер юзасидаги оқар сувлар қуруқлик денудациясининг энг муҳим омилларидан бири. Сув оқимлари рельефнинг парчаланишига ва материклар юзасининг пасайишига олиб келади. Улар атмосфера ёғин-сочинлари ва қорларнинг эриши туфайли вужудга келувчи дифференциацияланмаган майда жилғалардан тортиб то азим дарёлар тизимигача бўлган сув оқимларини ўз ичига олади.
Ер юзаси оқим сувларининг геологик иши сувнинг массасига ва унинг оқим тезлигига боғлиқ бўлади. Унинг иши тоғ жинсларини ювиш, нураш маҳсулотларини ташиш ва ётқизишдан иборат. Юза сувлари бажараётган барча жараёнлар ва бунда ҳосил бўлган ётқизиқлар мажмуаси флювиал (лотинчада «флювиос» – дарё, оқим деган маънони англатади) жинслар дейилади.
Нураш маҳсулотларининг асосий қисми сув оқимлари ёрдамида кўчирилади. Бундай оқимлар қуруқлик оқимлари (дарёлар, сойлар) ва ҳавза оқимларидан (соҳилбўйи, контур, транзит ва турбид оқимлари) иборат бўлади.
Қуруқликда сув оқимлари рельеф қиялиги туфайли вужудга келади. Бундай сув оқимларининг тезлиги текисликларда 1,5-1,6 м/сек, тоғларда 5-8 м/сек гача боради. Оқим тезлигининг ўзгариши ўзан кенглигига, чуқурлигига ва рельеф қиялигига боғлиқ. Ўзаннинг торайиши оқим тезлигини оширади.
Суюқликнинг турли кинематик ва динамик хусусиятларига асосан ламинар ва турбулент оқимлар ажратилади.
Ламинар оқимларда оқим чизиқлари (суюқлик зарраларининг ҳаракат йўналиши) бир-бирига параллел ва бир хил тезликда бўлади. Бунда оқим параллел қатламлар тўплами сифатида ҳаракатланади. Ламинар оқимлар нисбатан секин, асосий оқимга мос келмайдиган компонентлари амалда ҳисобга олинмайдиган даражада кичик бўлади.
Турбулент оқимларда оқим чизиқлари буралиб ўзгарувчи уюрмалар тизимини ташкил этади. Бунда ўзгарувчи уюрмаларнинг йўналиши ва тезлиги ўртача арифметик оқимникидан фарқ қилади. Бошқача қилиб айтганда, уюрмаларда сув массаси чапдан ўнгга, пастдан юқорига ва аксинча ҳаракатланиб, “ўйнаб” оқади.
Турбулент оқимларда уюрмаларнинг тезлиги ўртача оқим тезлигидан унча фарқ қилмасада, бутун оқимга кучли таъсир этади. Чунки турбулентлик орқали терриген зарралар доимо муаллақ ҳолда (гил зарралари) ёки вақтинча муаллақ ҳолда (қум доналари) кўчирилади.
Дарёларда турбулентликни асосан оғирлик кучининг ўзан бўйлаб йўналган ташкил этувчиси - уринма вужудга келтиради ва ўзан тубининг нотекислиги орқали кучаяди.
Турбулентлик оқимда кўчирилаётган зарраларнинг суспензия ҳолатида бўлишига ёрдам беради. Турбулент оқимларнинг силжитувчи кучи шу тезликдаги бошқа оқимларникига қараганда 3-4 марта катта бўлади. Бу хусусият чўкиб улгурган зарраларни қайтадан кўтариб, оқим суспензиясига қўшишда катта аҳамиятга эга. Чунки чўкиб улгурган зарраларни ўз жойидан кўтариб, кўчириш учун оқимнинг катта сурувчи кучланиши керак бўлади. Айниқса, бу майда пластинка шаклидаги зарраларга ва юзаси сув ўтлари билан қопланиб улгурган ётқизиқларга тааллуқлидир. Чўкиб улгурган зарраларни қайтадан оқимга қўшишда оқимдаги мавжуд зарраларнинг тирнаш кучи ҳам катта аҳамиятга эга бўлади.
Турбулент оқимларда йирик бўлакли жинслар (ғўлаклар ва гравий) думалаб, қум доналари сальтация (сакраб-сакраб) йўли билан, алеврит ва гил зарралари эса муаллақ ҳолда кўчирилади. Турбулент оқимлар ламинар оқимларга айланиб, тезлиги сусайганда йирик бўлакли жинслар оқим ўзанида чўкиб қолади, қум доналари думалаш орқали, алеврит ва гил зарралари оқим туфайли, ҳали суспензияда бўлганлиги сабабли, муаллақ ҳолда кўчирилади. Ламинар оқимларда ўзан тубидаги нотекисликлар чўкинди материаллар билан тўлиб, текисланиб боради. Турбулент оқимларда эса чуқурлатиш эрозияси туфайли ўзан туби нотекислигича қолаверади.
Ламинар оқимларнинг ҳам, турбулент оқимларнинг ҳам чўкиндининг сиртига таъсири суюқликнинг зичлиги, динамик қовушоқлиги, тезлиги билан боғлиқ бўлган бир қанча гидродинамик параметрлар ва сув-чўкинди чегарасининг геометриясига боғлиқ.
Сув ва ҳаво каби ҳар бир оқувчи муҳит қовушоқлик деб аталувчи ишқалиш кучи туфайли вужудга келувчи ички қаршиликка эга бўлади. Суюқлик ёки газнинг қовушоқлиги секин ҳаракатланаётган массанинг тез ҳаракатланаётган массани тормозловчи кучи ўлчами ҳисобланади.
Терриген доналарнинг ўлчами, солиштирма оғирлиги ва шакли каби хусусиятлари оқимда кўчирилиши учун муҳим омилдир. Бу ўзгарувчи параметрларнинг умумий самараси оқувчи муҳитнинг зичлиги ва қовушоқлиги билан биргаликда чўкиш тезлигини белгилайди.
Терриген зарраларнинг ҳавода чўкиши сувдагига қараганда катта фарқ қилади. Масалан, қум зарраларининг ҳавода чўкиши сувдагига нисбатан 30-50 марта тез содир бўлади. Зарраларнинг ўлчами кичрайиши билан бу фарқ камайиб боради.
Ҳавонинг, чучук ва денгиз сувларининг зичлиги турличадир. Бир хил ҳажмдаги қум зарралари ўз оғирлигини денгиз сувларида кўп, чучук сувларда камроқ, ҳавода эса ундан ҳам кам йўқотади. Шунинг учун ҳам бир ҳажмдаги оғир ва енгил минералларнинг чўкиш тезлиги орасидаги фарқ ҳаводан денгиз сувига қараб камайиб боради. Бу хусусиятлари орқали терриген зарраларнинг генезиси аниқланади.
Сув оқимлари билан кўчириладиган материалларнинг миқдори оқимнинг тезлиги, фаолиятининг доимийлиги ёки вақтинчалигига боғлиқ. Сув оқимлари билан кўчириладиган материалларнинг миқдори оқим зичлиги билан белгиланади. Бу катталик ўзгарувчан бўлиб, баъзи оқимларда у жуда юқори бўлади.
Сув оқимлари йил бўйи фаолият кўрсатувчи доимий ва баҳор ойларидагина фаолият кўрсатувчи вақтинчалик сув оқимларига бўлинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |