12.3. Метаморфизм турлари
Тоғ жинсларига таъсир кўрсатувчи омиллар, уларнинг жадаллиги ва геологик шароитлари мажмуаси бўйича метаморфизмнинг олтита: минтақавий, ультраметаморфизм, динамометаморфизм, контактли, метасоматик ва автометаморфизм турлари ажратилади.
Минтақавий (динамотермал) метаморфизм йирик майдонларни қамраб олади, деформация ва бурмаланиш минтақаларида содир бўлади. Ундаги тоғ жинсларини ташкил этувчи минералларнинг турлари чуқурликка томон ўзгариб боради. Бу жараён давомида енгилроқ бўлган сувли минерал жинслари оғир сувсиз минерал жинслари билан ўрин алмашади.
Метаморфизм жараёни устида жуда кўп илмий ишлар олиб борилган ва анча масалалар. ечилган. Кўпчилик олимлар метаморфизмни чуқурлик бўйича 3 та асосий зоналарга ажратадилар: юқори - эпизона, ўрта – мезозона ва чуқур – катазона.
Эпизонада — босим ва ҳарорат паст бўлади. Бу зонага хос минералллар кўпроқ гидроксиллар (ОН), хлоритлар, эпидот, цоизит, серицит, биотит, актинолит, роговая обманка ва глауконитдан иборат бўлиб, булардан ташқари унинг таркибида альбит ва гранат каби бардошли минераллар учрайди.
Мезозона ўртача босим ва ҳароратга эга бўлади. Бу зонада юқоридаги гидроксидли минераллардан ташқари, дистен, ставролит, альмандин, пироп, плагиоклаз учрайди. Жинслари сланецли структурага эга бўлади, лекин бу структура эпизонага нисбатан кучлироқ ривожланган.
Катазонадаги метаморфизм жараёни юқори гидростатик босим ва ҳароратда (минераллар эриш нуқтасига яқин бўлади) кечади. Жинсда сланецли текстура камаяди, у пластик ҳолатга келади ва таркибида силлиманит, альмандин, пироксен, оливин, пироп, кордиерит, шпинел, анортит, альбит, дала шпати, биотит, эгирин, андалузит, везувиан ва бошқа кўп минераллар учрайди. Юқори босим ва ҳароратга бардошли минераллар ҳам учрайди. Буларга кварц, рутил, титанит, магнетит, кальцит, альбит ва бошқлар киради. Бу минераллар таркибида (ОН) бўлмайди.
Минтақавий метаморфизм жараёнлари прогрессив ва регрессив хусусиятларга эга бўлиши мумкин. Ҳар иккала ҳолда ҳам бу жараёнлар ультраметаморфизмга олиб келади.
Прогрессив метаморфизм босим ва ҳарорат кўрсаткичларининг ошиши шароитларида амалга ошади ва паст ҳароратли минерал мажмуаси ўрнига юқори ҳароратлисининг пайдо бўлишида намоён бўлади.
Регрессив метаморфизм ёки диафторез магматик ёки метаморфик жинсларнинг янги шароитларга мослашишидан пайдо бўлган минерал ҳосилаларни ўз ичига олади. Бунда юқори ҳароратли минераллар ўрнини паст ҳароратлилари эгаллайди. Бундай жараёнларда ҳосил бўлган метаморфизм маҳсулотларини диафторитлар дейилади.
Архей ва протерозой ёшидаги метаморфик ҳосилалардан тузилган минтақалар учун полиметаморфизм характерли бўлади. Полиморфизм деганда метаморфизм жараёнларининг полихрон устама тушиши туфайли тоғ жинсларининг кўп босқичли ўзгариши тушунилади.
Минтақавий метаморфизмнинг энг кенг тарқалган жинслари бўлиб яшил сланецлар, кристалли сланецлар, гнейслар, амфиболитлар, мармарлар, кварцитлар саналади. Улар одатда фаол деформацияланган, мураккаб бурмаланган қатламлар, линзалар ва қатламалар шаклида ётади.
Do'stlaringiz bilan baham: |