Шўрлиги. Денгиз сувида ҳар хил туз ва газлар эриган бўлиб, улар тахир - шўр маза беради. Умумий шрлиги 35 г/л ни ташкил этади. Денгиз сувида 80 хилдан кўп кимёвий элементлар мавжудлиги аниқланган. Уларнинг кўпи жуда оз миқдорда учрайди. Бу элементларнинг 78,32% ини ош тузи, 9,44% ини МgСl, 0,25% ини Мn, Zn, қўрғошин, мис, олтин ва бошқалар ташкил этади. Агар Дунё океанининг сувини буғлатиб юбориш мумкин бўлса, унинг тагида 60 м қалинликда туз қатлами пайдо бўлар эди.
Ўрта ҳисобда Дунё океанининг 1000 г сувида 35 г эриган тузлар учрайди. Сувнинг шўрлигини фоиз билан эмас, балки промилледа (‰) ҳисоблаш қабул қилинган.
Кимёвий таркиби. Денгиз сувида элементлардан J, F, Р, Si Ag, Zn Fe, Cs, B, Мn, Аl, Li, Ru, Аu борлиги аниқланган. Денгиз сувларининг шўрланишига иқлим катта таъсир кўрсатади. Экваторда ёғин кўп ёғиши сабабли шўрлик 3,4‰ гача камаяди, тропик минтақа вилоятларида иқлим қуруқ ва иссиқ, буғланиш жуда кўп бўлганлигидан шўрлик 3,79‰ гача ошади. Лекин Қизил денгизнинг шўрлиги 41 - 43‰, Ўрта денгизда 35 - 39‰, Қора денгизда 18 - 22‰, Каспийда 12 - 15‰, Азовда 12‰.
Денгиз сувларида эриган газлар ичида кислород биринчи ўринда туради. Кислород денгизнинг энг чуқур жойларигача етиб боради. Сувдаги кислород ва СО2 нинг миқдори сув ҳарорати билан жуда алоқадор: сувнинг ҳарорати қанча паст бўлса, юқорида айтилган газлар сувда шунча кўп эрийди. Газларнинг 1 л сувдаги миқдори қуйидагичадир: 0°да - 18 см3О2, 1,4°С - 32°С да- 53,31 мг.л СО2, 10°С - 6,45 см3О2, 10-15°С -43,50 мг.л СО2, 20°С -5,31 см3 О2, 25°С-28,7° -35,88 мг.л СО2, 35°С-4,17 см3 О2.
Эриган газлар миқдори денгиз чуқурлигига қараб тақсимланган бўлади. Масалан, Қора денгизда кислород фақат 40 - 50 м чуқурликда бир хил миқдорда сақланади. Бу чуқурликдан пастга томон кислород камая боради.
18.3. Денгиз ва океанларнинг ҳайвонот ва ўсимлик дунёси
Организмларнинг ривожланиши ва тарқалиши денгиз сувининг шўрлигига боғлиқ. Кейинги 30 - 40 йилларгача денгиз ва океанларнинг чуқур жойларида ҳайвонлар кам деган фикр ҳукмрон эди. Эндиликда шу нарса аниқландики, денгиз ва океанларнинг турли чуқурликларида тирик мавжудотлар шунчалик кўпки, уларга нисбатан материк гўё бир чўлдек кўринади. Бизга маълум бўлган ҳайвонларнинг 75% и сувда пайдо бўлган.
Океан ва денгизларда энг оддий ҳайвон ва ўсимликлардан тортиб чиғаноқли, буриноёқли, умуртқали ва ниҳоят суякли сут эмизувчи ҳайвонлар ҳам яшайди. Энг кўп ҳайвон турлари (40000) тропик минтақадаги океанларда учрайди. Улкан сув ўсимликлари ҳатто Малая архипелагида қалин сувости ўрмонини ҳосил қилган. Бундай жойлар Европа майдонининг 1/3 қисмига тўғри келадиган машҳур Саргас денгизида ҳам кузатилади. Денгиз соҳилларининг тузилиши, у ерда ўсимлик ва ҳайвонларнинг ривожланишига катта таъсир этади. Маълумки, қояли соҳилларда кўпинча бурғиловчи моллюска турлари: методомус, полаз ва қаттиқ чиғаноқли моллюска турлари, денгиз типратиконлари, актинийлар, қисқичбақалар яшайди ва сув ўтлари ўсади, ўтҳўр қориноёқли моллюскалар ривожланган.
Тошлоқ соҳилларда тош остига яширинишни яхши кўрадиган ҳайвонлар яшайди. Бу соҳилларда серпулалар, денгиз юлдузлари, қисқичбақасимонлар, иккитавақали моллюскалар ривожланган. Тропик минтақалардаги денгизларда маржонлар кенг тарқалган бўлиб, улардан маржон ороллари ҳосил бўлади. Церит ва устрица ҳамда қисқичбақанинг бир неча хили лойқа соҳилларда яшашни яхши кўради. Денгизда органик ҳаётнинг тарқалиши ва тараққиёти ҳавза тубининг тузилишига боғлиқ. Ўсимлик ва ҳайвонлар яшаш шароитларига ва тарқалган жойларига қараб 3 гуруҳга бўлинади:
- денгиз тубида ва унга яқин сувда яшовчи ҳайвон ва ўсимликлар - бентос;
- сувда фаол сузувчи ҳайвон ва ўсимликлар - нектон;
- сувда пассив ҳаракатланувчилар - планктонлар.
Планктонлар шўр ва чучук сувда яшайверади, уларнинг чиғаноғи денгизлар тагига чўкиб, оҳактош ҳосил қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |