#Машҳурлар_ҳаётидан
Брюс Ли муваффақиятининг 7 олтин қоидаси
Брюс Ли (1940-1973) сўнгги 100 йилликнинг энг кучли ва моҳир жанг санъати устаси. У ўзининг қисқа умри давомида бошқалар бир умр қила олмаган ишларни амалга оширган. Унинг жанг санъати фалсафаси ҳануз ўрганилади. У жаҳон кино экранларини забт этган илк осиёлик. Қуйида Брюс Лининг муваффақиятли ҳаётининг қоидалари билан сизни таништирамиз.
1. Таассурот қолдиришга ҳаракат қилинг.
«Инсонлар хотирасида қоладиган ҳаёт мангуликка дахлдор». – Брюс Ли
Ҳеч бир жанг санъатида Брюс Лининг 2.5 см масофадан туриб мушт билан берган машҳур зарбаси каби таъсирли зарба мавжуд эмас. Брюснинг фикрича, маҳоратингизни намойиш этиш асносида пешқадам бўлишга урининг. Шунда ёдда қоласиз. Ўртамиёналик эса фожеадир.
2. Ўз фикрингизни ифодалай олинг.
«Доим аслингиздек бўлиб, нима хоҳлаётганингизни тушунинг ва ўзингизга ишонч билан юринг. Ташқаридан, қайсидир муваффақиятли инсоннинг шахсиятига кириб, унинг нусхасига айланманг». – Брюс Ли
Муваффақиятли одамлардан ўрганиш мумкин бўлган жиҳатлар бордир, аммо уларга тақлид қилиш — ўзликдан воз кечиш дегани. Инсон аслича бўлсагина, уни бошқалар билан боғлайдиган самимийликка эга бўлади.
3. Доимо ўзингизга ишонинг.
«Гумондор одамзоднинг учишига шубҳа қилса, эътиқодли одам ҳаракат қилиб кўради. Ва ниҳоят, у тонг шафақи билан самога кўтарилганида, гумондагилар уни ердан туриб томоша қилишади».– Брюс Ли
Ҳаётингни шубҳа-гумонлар чулғаб олишига йўл қўйма ва ўзингга ишон. Бошқаларга ишониб яшайдиган инсон — энг бахтсиз инсондир.
4. Имкониятдан фойдаланинг.
«Қобилиятли жанг санъати устаси ғайрат билан турмайди, балки тайёр туради. Ниманидир ўйлаш ёки орзу қилиш унга ёт. Нима бўлса, барчасига тайёр туриш керак. Рақибим кенгайса, мен қисқараман. У қисқарганида мен кенгаяман. Имкон бўлиши билан эса мен эмас, муштим ўз-ўзидан зарб беради». – Брюс Ли
Билим ва тажрибага имконият келтирувчи омил деб қараш керак. Жасорат инсонни ўз йўлини топишида муҳим аҳамият касб этади.
5. Сувга ўхшанг.
«Миянгизни ҳар хил хаёллардан холи қилинг: у сувдек шаклсиз бўлсин. Сувни пиёлага солинг — пиёла шаклига киради, уни чойнакка солинг — у шу идишнинг шаклига киради. Сув оқади ва ўзига йўл очади. Сен ҳам сувдек бўл, менинг дўстим». – Брюс Ли
6. Ён беринг.
«Оилада ён беришга одатланинг. Муроса қилиш — оилавий ҳаётнинг муваффақиятини таъминлайди». – Брюс Ли
Жанг санъати устаси турмуш ўртоғи билан тўққиз йил — ўлимига қадар бирга яшаган. Турмуш ўртоғи жаноб Лининг оилавий муносабатларда ўта мулоҳазали бўлгани, ёш бўлса ҳам, вазиятга донолик билан ёндашишини айтган.
7. Қўрқманг.
«Мен 10 минг хил машқни бир вақтда бажара оладиган одамдан эмас, бир машқни 10 минг марта бажарадиган одамдан қўрқаман».- Брюс Ли
Машқ — етукликнинг онасидир. Бирор ишга киришганда уни тўлиқ амалга оширмасдан туриб, бошқасига ўтиш жоиз эмас. Қайси ишда бўлмасин, машқ қилмайдиган киши ўзининг яширин салоҳиятидан бохабар бўла олмайди.
© Шуҳрат Сатторов
@umarhayom
Do'stlaringiz bilan baham: |