Педагогика фани дарс олдига қуйидаги бир қатор дидактик талабларни қўяди:
ҳар бир дарс аниқ мақсадни кўзлаган ҳолда пухта режалаштирилмоғи ёки лойиҳаси тузилмоғи, ўқитувчи дарснинг таълимий, тарбиявий ва ривожлантирувчи вазифаларини белгилаб олиши, дарс босқичларини, яъни қандай бошлаш, янги материалларни қандай ўтиш, қандай тамомлаш, кўргазмали ва бошқа дидактик материаллардан қандай фойдаланиш кабиларни олдиндан ҳал қилиб олмоғи;
ҳар бир дарс ғоявий изланишга эга бўлиши;
ҳар бир дарс мактабнинг ижтимоий муҳит имкониятини ҳисобга олган ҳолда амалиёт билан боғланмоғи, кўргазмали воситалар билан жиҳозланмоғи;
ҳар бир дарс мавзуга мос усул ва услублардан самарали фойдаланилган ҳолда ташкил этилиши;
дарс учун ажратилган вақт ва унинг дақиқаларидан тежамкорлик ва унумли фойдаланиш;
дарс жараёнида ўқитувчи ва ўқувчи ўзаро фаол муносабатда бўлиши, ўқувчи пассив тингловчига айланмаслиги;
ўтилаётган мавзунинг мазмунига боғлиқ ҳолда мустақил Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришлардан ўқувчиларни хабардор этиш лозим.
Дарснинг мазмуни ва характерига қараб халқимизнинг бой маънавий меросидан унумли фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
Дарснинг бутун синф ва ҳар бир ўқувчи билан, уларнинг шахсий хусусиятларини эътиборга олган ҳолда олиб борилиши юқори самара беради. Ўқитувчи бу жараёнда шахснинг ривожланиши, шаклланиши, билим олиши ва тарбияланишига шароит яратади ва шу билан бир қаторда бошқарувчилик, йўналтирувчилик вазифасини бажаради. Таълим жараёнида ўқувчи асосий фигурага айланади.
Дарс болаларга билим бериш ва берилган билимни уларнинг кўникмасига айлантиришда асосий рол ўйнайди. Шу сабабли ўқув машғулотларида ажратилган вақтнинг асосий қисми дарс ўтиш учун сарфланади.
Дарснинг шакллари ва турлари
Дарсни ташкил қилиш моҳиятидан келиб чиқиб, унинг қуйидаги дарс шакллари бўлиши мумкин:
индивидуал (ўқитувчининг ҳар бир ўқувчи билан якка тартибда ишлаши),
фронтал (ўқитувчининг бутун синф билан бир томонлама ишлаши),
гуруҳий (4-6 кишилик гуруҳларда ўқувчиларнинг ишлаши),
жамоавий (синф ўқувчиларининг битта жамоа бўлиб ишлаши).
Таълим тизимида тажрибадан ўтган дарс турлари қуйидагилардан иборат:
янги мавзуни ўзлаштириш дарси,
ўзлаштирилган билим ва кўникмаларни мустаҳкамлаш дарси,
ўзлаштирилган билим ва кўникмаларни такрорлаш дарси,
ўзлаштирилган билим ва кўникмаларни тизимга солиш ва умумийлаштириш дарси,
ўзлаштирилган билим ва кўникмаларни назорат ва баҳолаш дарси,
аралаш (комплекс) дарс.
Таълим жараёнида энг кўп қўлланиладиган дарс янги билимларни баён қилиш ва эгаллаш дарсидир. Бу дарснинг тузилиши қуйидагича:
ташкилий қисм (дарсни ташкил қилиш);
ўтган дарсни сўраш ва баҳолаш;
янги мавзуни баён қилиш;
янги ўтилган мавзуни мустаҳкамлаш ва баҳолаш;
дарсни якунлаш (хулосалаш) ва уйга топшириқ бериш.
Таълим тизимида ўқувчилар билим, кўникма ва малакаларини мустаҳкамлаш дарслари ҳам кўп қўлланилади. Бундай дарслар ўқитувчи дастурининг маълум бир қисмини, йирик мавзуларни ўтиб бўлганидан сўнг уюштирилади. Бу дарс билимларни оралиқ назорат орқали баҳолашда ҳам хизмат қилади.
Баъзи адабиётларда дарс мақсадларидан келиб чиқиб дарсни шартли равишда 4 турга бўлинади:
янги мавзуни ўрганиш (янги билимларни , кашф қилиш ) дарси;
мустаҳкамлаш (рефлексия), янги мавзуга оид амалий кўникмаларни шакллантириш дарси;
умумлаштириш, билимларни бир тизимга солиш ва мустақил ўрганиш кўникмаларни ривожлантириш дарси;
ривожлантирувчи назорат дарси.
Do'stlaringiz bilan baham: |