Айрим тоифадаги автомототранспорт воситаларини
бошқариш учун белгиланган ёш ва шартлар
Қарорга 2-илова қилиб тасдиқланган Низомнинг 26 бандида махсус товушли ва ёруғлик ишоралари билан жиҳозланган ёки хавфли юкларни ташийдиган автотранспорт воситаларини бошқариш учун охирги уч йил, шунингдек шаҳар, шаҳар атрофидаги, шаҳарлараро ва халқаро йўналишда қатнайдиган автобусларни ва микроавтобуслар бошқариш учун охирги беш йил мобайнида тегишли тоифадаги автотранспорт воситаларида хайдовчи бўлиб ишлаган шахсларга рухсат этилиши белгиланган.
Автотранспорт воситаларини охирги уч йил мобайнида бошқарган шахсларга енгил автомобилларни тижорат асосида йўловчиларга транспорт хизмати кўрсатиш учун бошқаришга рухсат берилиши, ҳайдовчилик фаолияти муддатини белгилашда меҳнат дафтарчасидан кўчирма, автотранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳнома, ижара шартномаси ёки ишончнома асос бўлиши белгиланган.
Низомнинг 28 бандига асосан “ВЕ”, “СЕ” ва “DE” тоифалардаги автотранспорт воситалари таркибларини бошқариш ҳуқуқи охирги ўн икки ой мобайнида тегишли тоифалардаги автотранспорт воситаларини бошқариш бўйича ҳайдовчилик стажига эга бўлган ва ўқув ташкилотида қайта тайёргарликдан ўтган ҳамда ҳудудий ЙҲХБнинг Р ва ИОБда амалий имтиҳонларни муваффақиятли топширган шахсларга берилиши белгиланган.
Низомнинг 29 бандига асосан “D”тоифадаги автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи камида уч йил мобайнида “В” ёки “С” тоифадаги автотранспорт воситаларини бошқариш бўйича хайдовчилик стажига эга бўлган, ўқув ташкилотида қайта тайёргарликдан ўтган ҳамда ҳудудий ЙҲХБнинг Р ва ИОБда назарий ва амалий имтиҳонларни топширган шахсларга берилади.
Низомнинг 30 бандида тижорат асосида йўловчилар ташиш бўйича транспорт хизматлари кўрсатадиган, ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари тўрттадан ортиқ ўриндиқларга эга бўлган, бироқ “D” тоифасига тегишли бўлмаган енгил автомобилларни бошқаришга камида беш йил мобайнида тегишли тоифадаги автотранспорт воситаларини бошқарган ҳайдовчиларга рухсат этилиши белгиланди.
Низомнинг 31 бандида ҳар қандай автомототранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган шахслар ўн икки ойдан кўп вақт давомида автомототранспорт воситасини бошқармаган бўлса, иш берувчи томонидан улар ҳудудий ЙҲХБнинг ва Р ва ИОБларига назарий ва амалий имтихонлар топшириш учун юборилади. Имтиҳонларни ижобий топширган шахслар ташкилотларда камида 30 соатлик амалий бошқариш бўйича кўникма (стажировка)дан ўтганидан кейин, уларга автомототранспорт воситаларини амалий бошқаришга рухсат этилиши белгилаб қўйилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги 408-сонли қарорига 3-илова сифатида “Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган. Низомда автомототранспорт воситалари хайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш билан шуғулланувчи таълим муассасаларида ўқув жараёни белгиланган тартибда ишлаб чиқилган ва тасдиқланган ўқув дастурларига мувофиқ олиб борилиши, ҳайдовчиликка номзодлардан талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхати, номзодларни ўқишга қабул қилиш, гуруҳдан-гуруҳга ўтказиш, рўйхатдан чиқариш ва ўқишни тугатганлиги тўғрисидаги маълумотларни бериш тартиблари белгиланган.
Жумладан, Низомнинг 2 бандида ҳайдовчиликка ўқимоқчи бўлган фуқаролар:
а) ариза ёки ташкилот йўлланмасини;
б) соғлиғи ва тегишли тоифадаги автомототранспорт воситаларини бошқаришга яроқлилиги тўғрисидаги тиббий маълумотномани;
в) маълумот тўғрисидаги ҳужжат нусхасини;
г) 3х4 сантиметр ҳажмдаги 3 дона фотосуратни;
д) паспорт ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжатни топширишлари белгиланган.
Низомнинг 10 бандида ўқиш гуруҳларидаги ўқувчилар сони 25 кишидан ошмаслиги, малака ошириш бўйича номзодлар сони 30 кишидан ошмаслиги белгиланган. Низомнинг 24 бандида ўқув ташкилотида имтиҳонларни ижобий топширган номзодлар ЙҲХБнинг Р ва ИОБда имтиҳонлар топшириши белгиланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги 408-сонли қарорига 4-илова қилиб “Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлашга қўйиладиган Давлат талаблари”тасдиқланди.
Давлат талабларида автомоторанспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлашда ҳар бир таълим муассасасида бўлиши шарт бўлган моддий-техник база, таълим бериш шакллари, ўқув курсларини ташкил этиш тартиблари, ўқув юкламасинг ҳажмлари, ўқув услубий қўлланмаларга қўйиладиган талаблар, ҳар бир таълим олувчини бутун ўқув жараёнини қамраб оладиган анимация эффектлари ва видеоконтентга эга электрон ўқув-услубий қўлланмалар билан таъминланиши шартлиги белгиланган.
Низомнинг 49 бандида электрон ўқув-услубий қўлланмаларга қўйиладиган талаблар белгиланиб, унда аудитория соатларининг 10 фоиздан кам бўлмаган ҳажмда анимацияли видеоконтентнинг мавжуд бўлиши, ўқувчилар билимини синовдан ўтказишга 700 тадан кам бўлмаган тест топшириқлари бўлиши, бунда тест топшириқларининг учдан бир қисми анимация эффектларига эга бўлиши, йўл белгилари билан боғлиқ тест топшириқлари йўл белгиларининг тасвири билан мустаҳкамланган бўлиши давлат талаби сифатида қўйилган.
Ҳар бир ҳайдовчи амалиётда, шахсий ҳаётда қийналмаслиги, тўсиқларга дуч келмаслиги учун ушбу қарор талабларидан хабардор бўлишлари мақсадга мувофиқ.
Ҳар бир ҳайдовчи билиши шарт бўлган, амалиётда зарур бўладиган норматив ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам бор.
Булар - ҳайдовчиликка номзодларни ва хайдовчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш, мастлик даражасини аниқлаш, транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш, йўловчилар ва юкларни ташиш, йўналишга чиқишдан олдин техник ва тиббий кўрикдан ўтказиш тартибларини белгиловчи Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ёки вазирликлар, Давлат қўмиталарининг Адлия вазирлигидан давлат рўйхатидан ўтказилган Низом ва бошқа қоидаларидир.
Жумладан, Соғлиқни сақлаш ва Ички ишлар вазирликларининг 2013 йил 11 июндаги кўшма қарорлари билан “Ҳайдовчи ва ҳайдовчиликка номзодларни транспорт воситаларини бошқаришга яроқлилигини текшириш учун тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом бўлиб ишлаб чиқилган. Низомда барча турдаги транспорт воситалари ҳайдовчиларини уларнинг соғлиғи транспорт воситаларини бошқаришга яроқлилигини аниқлаш мақсадида мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши, тижорат асосида йўловчиларга хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи ҳайдовчилар ҳар йили бир маротаба, бошқа ҳайдовчилар ҳар икки йилда бир маротаба тиббий кўрикдан ўтиши шартлиги, тиббий кўрикдан ўтган шахсларга 083/Х шаклдаги тиббий маълумотнома берилиши, транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш жараёнида ҳайдовчилар томонидан ушбу тиббий маълумотномани кўрсатиш шартлиги, айрим фуқароларга автотранспорт воситаларини бошқариш учун маълум шартлар асосида рухсат бериш тартиблари белгиланган.
Шунингдек, Низомга 1-илова қилиб ҳайдовчиликка номзодлар ва ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ўтказишда транспорт воситасини бошқаришга умумий тиббий монеликлар рўйхати берилган.
Йўналишга чиқишдан олдин транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиб яроқлилигини аниқлаш, ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга эканлигини ҳисобга олиб, Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги, Соғлиқни сақлаш ва Ички ишлар вазирликлари томонидан тасдиқланган “Йўналишга чиқиш олдидан автотранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш ҳамда йўловчилар, багаж ва юкларни ташувчи ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом 2014 йил 19 февралда Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган.
Ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда транспорт воситаларини маст ҳолда бошқаришларини олдини олиш муҳим аҳамиятга эга.
Спиртли ичимлик ёки гиёҳвандлик моддалари истеъмол қилиб маст ҳолда транспорт воситасини бошқарганлик ҳолатини қонуний асосда аниқлаш мақсадида ишлаб чиқилган “Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш тартиби тўғрисида”ги Низом Адлия вазирлигида 2018 йил 20 ноябрда давлат рўйхатидан ўтказилди.
Низомда ҳайдовчининг маст ҳолда эканлигини текшириш асослари ва тартиби белгиланган. Унга кўра ДЙҲХХ ходимлари белгиланган тартибда сертификатланган, ҳайдовчи томонидан ҳавога чиқарилаётган этанол буғларини аниқловчи ва текширув натижаларини қоғозда акс эттирувчи махсус техник восита-алкотестор олиб юришлари белгиланган.
Низомнинг 4 бандига асосан, ҳайдовчилик ҳуқуқини берувчи гувоҳнома билан биргаликда ҳайдовчида транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат бўлиши Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 24 июндаги 141-сонли қарорига 4-илова қилиб тасдиқланган “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қоидалари”да белгиланган.
Ушбу қоидаларнинг 3 бандида “Транспорт воситаларига эгалик ҳуқуқи вужудга келган кундан бошлаб ўн кундан кечиктирмай ўзининг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиши шартлиги белгиланган.
Ҳар бир транспорт воситаси эгаси ўз жавобгарлигини суғурта қилдиришда суғурта ташкилотида ушбу қоидалар билан танишиб, ўзининг ва суғурта ташкилотининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини билиб олишлари мақсадга мувофиқ бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |