Маъруза 4.
Кимё саноатида сув ва уни тайёрлаш.
Режа:
1. Кимё саноатида сувнинг аҳамияти
2. Сув манъбалари ва табиий сувларнинг классификацияси
3. Сувнинг сифат кўрсаткичлари
4. Саноатда сувни тайёрлаш
5. Ичимлик сувини тайёрлаш
1. Кимё саноатида сувнинг аҳамияти
Сув халқ хўжалигининг барча соҳаларида, жумладан, кимё саноатида ҳам кенг қўлланилади. Бунинг сабаби сувда кўпгина фойдали хоссалар (универсал эритувчи эканлиги, рангсиз, ҳидсиз, таъмсиз, заҳарсизлиги, иссиқлик сиғимининг катталиги ва бошқала) борлигидандир. Сув кимё саноатида турли мақсадларда ишлатилади. Масалан: эритувчи сифатида ювиш ишларида, ашёларни флотациялашда, иситиш, совутиш мақсадларида, иссиқ алмаштириш жараёнларида ҳатто хом ашё, реагент (масалан: сульфат, нитрат, фосфат, кислоталарини, ишқор ва асосларни ишлаб чиқаришда, водород олишда, гидролиз ва гидратлаш реакцияларида ва бошқаларда) сифатида ишлатилади.
Сувнинг энг йирик истеъмолчиларидан бири кимё саноатидир. Шунинг учун ҳам кимё корхоналари сув манбаъларига яқин жойларда қурилади. Масалан: айрим кимёвий маҳсулотларни 1 тоннасини ишлаб чиқариш учун қуйидагича сув сарфланади: алюминий 1500, пўлат 270, никель 400, вискоза ипаги 1200, синтетик каучук 1600, капрон 2500, нитрат кислота 200, сульфат кислота 50, аммиак 1000, фосфор 15 м3/т, фақат битта капрон заводи 120 минг киши яшайдиган шаҳар таъминотига сарфланадиган сувга тенг миқдорда сув сарфлайди.
Ҳозирги пайтда ишлаб чиқариш эҳтиёжи учун, чучук сувнинг умумий миқдоридан 40 % га яқини сарфланмоқда. Шунинг учун ҳам ер шарининг баъзи жойларида ичимлик суви танқислиги кузатилмоқда. Буни олдини олиш, кимё корхоналарига сув сарфиётини камайтириш учун ишлаб чиқаришни ёпиқ системага ўтказиш, ишлатилган сувни оқизиб юбормай, тозалаб қайта ишлатиш. Ишлаб чиқариш технологиясини такомиллаштириш, сувдан кам фойдаланувчи технология яратиш, сув билан совутиш системаларини ҳавода совутиш, ситемаларига ўтказиш лозим.
2. Сув манъбалари ва табиий сувларнинг классификацияси
Табиий сувлар келиб чиқишига қараб уч қисмга бўлинади:
атмосфера сувлари.
ер усти сувлари (дарё, кўл, денгиз ва океан сувлари).
ер ости сувлари.
Атмосфера сувлари – ёмғир ва қор сувлари бўлиб, таркибида бегона аралашмалари камлиги билан характерланади. Унинг таркибида тузлар бўлмайди. Асосан, сувда эриган газлар (О2, СО2, Н2S, азот оксидлари, олтингугуртнинг кислородли бирикмалари органик моддалар) бўлади.
Ер усти сувлари – дарё, кўл, денгиз, океан сувлари бўлиб таркибида Д. И. Менделеев даврий системасидаги барча элементларни учратиш мумкин.
Ер ости сувлари – артезиан, булоқ, қудуқ сувлари бўлиб, унинг таркиби, у сув тўплаган ёки чиқаётган жойнинг тупроғи ва тоғ жинсларининг таркиби тузилишига боғлиқ бўлади. У сув тупроқ қатламларидан фильтрланиб ўтганлиги туфайли жуда тиниқ бўлади. Таркибида органик моддаларнинг қолдиқлари учрамайди. Кимё саноати учун йирик хом ашё манбаъси бўлган минераллашган ер ости сувларидан турли кимёвий бирикмалар ажратиб олишди. Масалан: ош тузи ва ундан сода ишқор олинади. Яна бром ва йод ҳамда уларнинг турли бирикмалари ажратиб олинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |