2 ─ Маъруза
Электр юритмалар автоматлаштирилган бошқариш тизимларининг турлари ва асосий элементлари
Режа:
1. Электр юритма ва унинг турлари.
2. Электр юритмалар мураккаб тизимларининг электромеханик хоссалари.
3. Электр юритмаларни замонавий бошқариш ва ҳимоялаш аппаратлари.
4. Электр юритмаларни ишга тушириш ва тормозлашнинг рақамли дастурий тизимлари, асосий элементлари ва схемалари.
1. Электр юритма ва унинг турлари.
Иш механизми (машина), механик узатма, электр мотор ҳамда унинг бошқариш аппаратлари биргаликда электр юритма деб аталади. Электр мотор узатиш системаси орқали ишчи механизмининг ижрочи қисмини ҳаракатга келтиради. Бошқариш аппаратлари ёрдамида электр мотор, ишчи механизмларнинг баъзи элемент ва қурилмалари (агар машина ёки ишчи механизми мураккаб бўлса) ҳаракатга келтирилади.
Электр юритмаларни бошқаришдаги автоматлаштирилганлик ҳажмига қараб автоматлаштирилмаган, автоматлаштирилган ва автоматик турларга ажратиш мумкин. Агар электр юритмани ишга тушириш, тўхтатиш ва унинг ёрдамида технологик жараённи бошқаришни одам амалга оширса, бундай юритма автоматлаштирилмаган электр юритма деб аталади.
Агар одам фақат бошланғич бошқариш таъсирини ҳосил қилишдагина иштирок этса, бундай юритма автоматлаштирилган электр юритма деб аталади.
Бунда мураккаб ишлаб чиқариш жараёнлари автоматик равишда бажарилади. Масалан, операцияларни маълум кетма-кетликда бажариш, андоза бўйича ишлаш, катта қувватли ва мураккаб электр юритмаларнинг тезлигини бошқариш, ҳаракат йўналишини ўзгартириш ва бошқалар мисол бўлади. Автоматлаштирилган электр юритмага турли прокат станлари, лифтлар, минорали кранлар киради. Автоматлаштирилган электр юритма асосан кўп моторли бўлади.
Агар одам фақат автоматик бошқариш ва электромеханик системаларнинг ҳолатини кузатишдагина иштирок этса, бундай юритма автоматик электр юритма ёки машиналарнинг автомат линиялари деб аталади. Автомат линиялар саноат корхоналарини автоматлаштиришда янги босқич бўлиб, унда бир қанча машиналар гуруҳи ишлайди. Машиналар деталга ёки буюмга ишлов беришдаги бир қанча операцияларни кетма-кет бажаради ҳамда мазкур детал ёки буюмлар бир машинадан иккинчи машинага автоматик равишда узатилади. Электр юритманинг таърифидан маълумки, ҳар қандай электр юритма ишчи машиналар механизмларини ҳаракатга келтириш учун электр энергияси манбаидан истеъмол қилаётган энергия ҳисобига механик ҳаракатни вужудга келтиради. Бу ҳаракат эса турли машиналар ижро механизмларига, яъни конвеер ёки транспортёр тасмалари, токарлик станоклари шпинделлари, насос парраклари, роботларнинг ҳаракатланувчи механизмлари, лифт кабиналари ва бошқа механизмларга узатилади. Бу ҳаракатлар ёрдамида эса ижро механизмлари талаб қилинаётган технологик ёки ишлаб чиқариш жараёнлари, масалан, юкларни кўчириш, деталларга ишлов бериш, турли суюқликлар ва газларни транспортировка қилиш ва бошқа турли вазифаларни бажаради. Қуйидаги 2.1-расмда электр юритманинг соддалаштирилган структура схемаси келтирилган.
2.1-расм
Ҳар қандай электр юритманинг асосини ташкил этувчи электрмотор — ЭМ электр энергия — ЭЕ-ни механик энергия — МЭ-га айлантиради. ЭМ ва ижро органи — ИО-нинг ҳаракатларини мослаш учун узатиш механик қурилмаси — УМҚ ишлатилади. Моторнинг ҳаракатланувчи қисми ротор, УМҚ ва ИО электр юритманинг механик қисмини ҳосил қилади. Баъзи бир ҳолларда УМҚ бўлмайди ва ЭМ тўғридан-тўғри ИО билан уланади.
1. Ижро органи
|
Токарлик станоги шпиндели, конвеер тасмаси, экскаватор чўмичи, насос парраги, прокат стан вали, кўтарма кранлар механизми араваси ва ҳ.к.
|
2. Электромотор
|
Ҳар хил турдаги қўзғатишли ўзгармас ток, фаза ёки қисқа туташтирилган роторли асинхрон, синхрон мотор
|
3. Механик узатувчи қурилма
|
Цилиндрик ва червякли редукторлар, планетар узатиш, винт-гайка узатиш, тўлқинли, кривошип-шатунли узатиш, занжирли ва камарли узатиш ва ҳ.к.
|
4. Ўзгартгич қурилмаси
|
Бошқариладиган тўғрилагич, частота ўзгартгич, инверторлар
|
5. Бошқариш қурилмалари
|
Тугма, бошқариш калити, ростлагич, бошқарувчи ҳисоблаш машинаси, реле, мантиқий элементлар, кучайтиргич
|
6. Электр энергияси манбаи
|
Саноат частотали бир ва уч фазали ўзгарувчан ток тармоғи, цехнинг ўзгармасток тармоғи, аккумулятор батареяси, дизел-генератор қурилмаси, қуёш батареялари
|
Do'stlaringiz bilan baham: |